Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Улар нарх-навога эътибор қилмади» – Шавкат Мирзиёев ҳокимларни танқид қилди
Президент кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборгани ҳақида гапирди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмаётгани танқид қилинди.
«Дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Албатта, бу бизга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Лекин ҳамма вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам дунёда бўлаётган вазиятни баҳолаб, ишини тўғри ташкил қилаётгани йўқ. Буни бозорларимиздаги нарх-наво кўрсатиб турибди.
Жумладан, май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошиб, бу ўтган йилга нисбатан юқори бўлди.
Албатта, нарх-навонинг ўсишига жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи – 33 фоизга, шакар – 14 фоизга, нефть – 47 фоизга ошгани бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими – озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт.
Лекин кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган», деди президент йиғилишда.
Уч кун муддатда барча маҳалла ва қишлоқларда асосий маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини ўрганиб, керак бўлса, бошқа ҳудудлардан тезкорлик билан етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Президент асосий мақсад – аҳолини рози қилиш эканини бир зум ҳам унутмаслик лозимлиги, нархларни сунъий ушлаб туриб, бу масалада кўзбўямачилик ёки ура-урачиликка йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, 8 та вилоятда парранда гўштини етиштириш аҳоли талабининг 70 фоизини ҳам таъминламаётгани танқид қилинди.
Паррандачилик хўжаликлари билан учрашувларда 20 дан ортиқ муаммо ва таклифлар кўтарилган. Жумладан, паррандачилик йўналишидаги 50 дан зиёд йирик корхона 50 фоиз қувватда ишламоқда. Сабаби - ҳудудларда лойиҳаларни танлаш ва жойлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган.
Бугунги кунда бир дона тухумнинг ўртача таннархи 1 минг сўм бўлса, унинг улгуржи нархи 900 сўмдан ошмаяпти.
«Паррандачилик корхоналари раҳбарлари вазиятни тушуниб, тухум нархини оширмаяпти, бунинг учун уларга раҳмат.
Лекин қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокими улар билан учрашиб, озуқа ем, транспорт, айланма маблағ масалаларида ёрдам беряпти, деган саволга, афсуски, ижобий жавоб йўқ», деди президент.

Президент паррандачилик хўжаликларини ем билан таъминлаш масаласини тўлиқ ҳал қилиш вазифасини қўйди.
Бунинг учун:
- паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади;
- паррандачилик корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун олинадиган тижорат кредитларга Тадбиркорлик жамғармасидан гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик бериш ва 17 фоиздан ошган қисмини компенсация қилиш тизими жорий қилинади;
- пандемия даврида паррандачилик корхоналарининг жами 834 миллиард сўм, шундан 2022 йилда 400 миллиард сўм олган кредитлари муддати узайтирилади.
Бу шароитлардан фойдаланиб, мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга, парранда гўшти ишлаб чиқаришни йил якунига қадар камида 35 фоизга ошириб, 600 минг тоннага етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш мақсадида маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш топширилди.
Мавзуга оид
17:40 / 27.01.2026
Тошкентда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади
16:33 / 27.01.2026
«Наркотик учун ойига ўртача 20−25 млн сўм сарфлаяпти» – президент ёшлар орасидаги гиёҳвандлик муаммоси ҳақида
13:38 / 27.01.2026
Ички ишлар вазири ўринбосари Зуфар Қурбонов танқидга учради
13:20 / 27.01.2026