Жаҳон | 15:31 / 06.03.2026
5729
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Эрондаги дипломатларини эвакуация қилади

Эрон дронлари Озарбойжон ҳудудига учиб киришига жавобан Боку навбатдаги жиддий қадамни ташлади.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Эрондаги дипломатик ходимларини тўлиқ таркибда олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов маълум қилди. 

Вазирнинг сўзларига кўра, бу қарор Теҳрондаги элчихонага ҳам, Табриздаги бош консулликка ҳам тааллуқли бўлади. 

«Айни вақтда бу йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда», – дея унинг сўзларини келтиради Report нашри.

Байрамов Эрон Озарбойжондаги Нахичивон аэропортига уюштирилган дронлар ҳужумини «синчковлик билан текшириш»га ваъда берганини ҳам айтган. «Ушбу ҳодиса бўйича дипломатик чоралар кўрилди, норозилик нотаси юборилди, ҳамкасбим билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Эрон томони бошлаган тергов умумий жараённинг бир қисмидир. Озарбойжон хавфсизлиги давлат раҳбарининг қатъий назорати остида», – деган вазир.

5 март куни Озарбойжон ҳукумати мамлакат ҳудудига Эрон дронлари қулагани тўғрисида хабар берди. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, дронлардан бири аэропорт терминали ҳудудига келиб урилган, бошқаси – Шакаробод қишлоғидаги мактаб ҳудудига тушган. Аэропортда тўрт киши жароҳат олган. Озарбойжон ҳукумати дронлар ҳужумини теракт деб баҳолади. Эрон томони Нахичивон аэропорти зарба нишони бўлмаганини билдирди ва бу ҳодисада Исроилнинг қўли борлигини айтди. Аммо ҳозирча бунга далил келтирилмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид