Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент учун янги аэропорт қурилгач, ҳозирги аэропорт ёпилади
Тошкент шаҳрининг янги халқаро аэропорти қурилишини шу йил июлда бошлаш кўзда тутилган. Янги аэропорт ишга туширилгач, ҳозиргиси ёпилиши кутилмоқда. Бу ҳақда маълум қилган транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевга кўра, ҳозирги аэропортнинг ўрнида нима бўлиши ҳозирча номаълум.
Фото: Транспорт вазирлиги
Тошкент шаҳри учун янги халқаро аэропорт қурилишини шу йил июл ойида бошлаш режалаштирилмоқда. Янги аэропорт очилгач, ҳозиргиси ёпилади. Бу ҳақда Gazeta нашри билан суҳбатда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди.
“Аслида концептуал ечим бор, хусусий шерик билан келишилган шартлар мавжуд. Агар янгисини очсак, эскисини ёпишимиз керак. Бу мантиқан тўғри. Унинг ўрнида айнан нима бўлиши эса ҳозирча номаълум”, – деди Чориев Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки йиғилиши доирасида берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим якуний босқичда. Битим май ойи ўрталаригача имзоланиши керак.
“Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилишини июл ойида бошлаймиз. Бу аллақачон аниқ. Давлат-хусусий шериклик бўйича келишув май ойининг ўрталаригача имзоланиши лозим. Ҳозирда у якуний босқичда турибди. Имзолашимиз билан ҳукумат томонидан қисқа кўриб чиқилади, розилик олишимиз билан қурилишни бошлаймиз. Президент июль ойидан ишларни бошлаш бўйича аниқ топшириқ берган”, – деди вазир ўринбосари.
Жасурбек Чориевнинг айтишича, ДХШ битими доирасида давлат аэропортни йўловчилар билан таъминлаш бўйича аниқ мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди.
“Прогнозлар бор ва улар жуда яхши. Бизда йиллик ўсиш 30 фоиз атрофида. Бу жуда катта кўрсаткич. Бунинг учун, албатта, инфратузилмани ривожлантириш жуда муҳим. Тушуниб турибмизки, 2029 йилга бориб ҳозирги аэропортимиз ўз салоҳиятини тўлиқ сарфлаб бўлади. Шунинг учун биз самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича имкониятлари камида икки баравар кўп бўлган янги аэропортни очишимиз керак”, – деди транспорт вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри учун янги халқаро аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1300 гектар майдонда қурилади. Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 октябр куни қурилишга старт берган эди.
Расмийларга кўра, 2017-2025 йилларда пойтахтга авиайўловчилар оқими 3 карра ошиб, йилига 9 миллионга етган. 2040 йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ.
Янги аэропорт лойиҳаси Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Incheon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан йилига 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
22:02 / 06.05.2026
“Яна озгина ёмғир ёғса, фавқулодда ҳолат вужудга келарди” – шаҳарсоз
11:15 / 06.05.2026
Рақобат қўмитаси пешлавҳаларга оид ҳужжат лойиҳасини эълон қилди
07:58 / 06.05.2026
Тошкентдаги айрим мактабларда давомат «ақлли» камералар орқали назорат қилинади
07:54 / 06.05.2026