Тошкент метросини ривожлантиришнинг янги босқичида асосий эътибор ерости бекатларига қаратилади
Метрополитенни ривожлантиришнинг 2040 йилгача бўлган стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Унда асосан ерости бекатларини қуришга катта эътибор берилиши маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябр куни Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида айтишича, йиғилишда давлат раҳбари кейинги йилларда жамоат транспортини қайси йўналишларда ривожлантириш кераклиги бўйича топшириқлар берган.
Хусусан, автобуслар ва метро вагонларини харид қилишдан ташқари, автобус ва метро йўналишларини бир-бирига боғлаш, автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш йўлакларини ишлатиш бўйича кўрсатмалар берилган.
“Тошкент метрополитени” ДУК бошлиғи Раҳмонбек Усмоновга кўра, ҳозирда президент топшириғи асосида метрополитенни ривожлантириш бўйича стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Унда 2040 йилгача нечта янги станция қурилиши, метро қаерларни қамраб олиши кабилар белгиланади.
“Янги технологиялар асосида метрополитен қуриш бўйича топшириқлар берганлар. 2040 йилгача режалаштирилаётган қурилиш ишларида асосан ерости метросига катта эътибор берилади. Шуни инобатга олиб, эски шаҳар қисми, айниқса Янги Тошкентни [шаҳар билан] боғловчи иккита метро йўналиши режалаштирилмоқда. Яқин кунларда ҳурматли президентимизнинг буларнинг тақдимотини қиламиз ва шу бўйича ишларимизни бошлаймиз”, – деди Раҳмонбек Усмонов.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Тошкент метросида қўшимча 32 км йўл қурилиб, 21 та янги станция ишга туширилди, улардан аксарияти – ерусти бекатларидир.
Тошкент шаҳрини Янги Тошкент билан боғловчи иккита метро линияси “Буюк ипак йўли” ва “Дўстлик” бекатларидан бошланиши аввалроқ маълум бўлган эди. Янги Тошкентда ўзаро уйғун метро ва трамвай тармоқлари бўлиши кўзда тутилган.
Метрополитеннинг “Чилонзор” йўлини ерости йўл ўтказиш орқали ТТЗ массивигача узайтириш режалари ҳақида 2021 йилда хабар қилинганди.
Kun.uz аввалроқ метронинг 5 та ерости бекатидаги иккинчи вестибюллар очилиши кутилаётгани ҳақида ёзганди.
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
22:10 / 25.11.2024
1 январдан Тошкент жамоат транспортида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира нархи ошиши кутилмоқда
16:33 / 25.11.2024
Тошкентнинг 86 та нуқтасида пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 млрд сўмга сотилди
15:48 / 25.11.2024