Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буюк Британия Исроил расмийларининг Лондон қурол-яроғ ярмаркасига киришини тақиқлади
Буюк Британия ҳукумати Лондонда ўтказиладиган йирик қурол-яроғ ярмаркаси – DSEI’га Исроил расмийларини киритмасликка қарор қилди. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг Ғазодаги урушни янада кучайтиргани кўрсатилди. Аммо бу чекловлар Исроилнинг хусусий қурол-яроғ компанияларига тааллуқли эмас.
Фото: DSEI
«Исроил ҳукуматининг Ғазодаги ҳарбий операциясини янада кенгайтириш қарори – хато. Шу сабабли биз Исроил делегацияси DSEI UK 2025 кўргазмасига таклиф этилмаслигини тасдиқлаймиз. Бу уруш дарҳол тугаши учун дипломатик ечим бўлиши шарт – зудлик билан сулҳ, гаровдагиларни қайтариш ва Ғазо халқига ҳуманитар ёрдам оқимини ошириш», дея ҳукумат вакилининг сўзларини келтирмоқда CNN нашри.
Исроил илгари Мудофаа ва Хавфсизлик ускуналари халқаро кўргазмасида (Defence & Security Equipment International show) муҳим иштирокчи бўлган. Ушбу тўрт кунлик конференция ҳар икки йилда бир маротаба Британия пойтахтида ўтказилади ва унда ҳукуматлар, армиялар ҳамда қурол саноати вакиллари қатнашади.
Исроил мудофаа вазирлиги эса Британия ҳукуматининг қарорини кескин танқид қилди: «Бу чекловлар Исроил вакилларига нисбатан атайлаб қилинган ва афсусланарли камситиш ҳаракати ҳисобланади». Шунингдек, у Исроил кўргазмадан бутунлай чиқиб кетишини тасдиқлади.
Британия Мудофаа вазирлигининг тасдиқлашича, ҳукумат вакиллари четлаштирилган бўлса-да, бу тақиқ Исроилнинг хусусий қурол-яроғ компанияларига тегишли эмас. Хусусан, Elbit Systems, Rafael, IAI ва Uvision каби Исроил мудофаа компаниялари кўргазмада қатнаша олади.
Исроилни қурол-яроғ кўргазмасидан чиқариш – Британия ҳукуматининг сўнгги ойлар ичида бош вазир Бенямин Нетаняҳуга босим ўтказиш мақсадида амалга оширган навбатдаги қадам. Мақсад – Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш.
Фаластинни тан олиш масаласи
Шу билан бирга Франция ва Канада етакчилари қаторида Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер ҳам сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Фаластин давлатини тан олишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу саммит 9 сентябрь куни Лондондаги қурол кўргазмаси билан бир кунда очилади ва ой охиригача давом этади.
Аммо Франция ва Канададан фарқли ўлароқ, Стармер Британия томонидан Фаластин давлатини тан олишни Исроилнинг ҳаракатларига боғлаган. Унга кўра, агар Исроил Ғазодаги ҳуманитар инқирозни бартараф этмаса, Ҳамас билан сулҳга келишмаса ва «барқарор, узоқ муддатли тинчлик» ҳамда икки давлат ечимига қатъий мажбурият олмаса, Лондон сентябрь ойида Фаластинни тан олади.
Лекин Европа давлатлари ўтган ойда ушбу позициясини эълон қилгандан бери Исроил Ғазодаги ҳужумларини кескин кенгайтирди. Исроил армияси ҳозир анклавдаги энг йирик – Ғазо шаҳрида ҳалокатли уруш олиб бормоқда.
Франция ҳам Исроилни четлатганди
Франция ҳукумати ҳам июнь ойида Парижда бўлиб ўтган дунёдаги энг йирик авиация ярмаркаси – Paris Airshow’да Исроилнинг йирик қурол ишлаб чиқарувчи компаниялари Elbit Systems ва Rafael стендларини ёпиб қўйганди. Сабаб улар ҳужум қуролларини намойишдан олиб ташлашдан бош тортган эди.
CNNнинг ёзишича, Европа Исроилга дипломатик босим ўтказишга уринаётганига қарамай, Исроилдан қурол сотиб олишни ҳам давом эттирмоқда. Хусусан, август ойида Elbit Systems Европа давлатларининг бири билан 1,6 миллиард долларлик мудофаа шартномасини имзолаганини эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, 2024 йилда Исроил қуроли рекорд даража – 14,8 миллиард долларга чиққан.
Умуман олганда бутун дунёда қурол экспорти ва ҳарбий харажатлар ошиб бормоқда. Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтига (SIPRI) кўра, бунга бир нечта қитъадаги йирик можаролар туртки бўляпти.
Мавзуга оид
21:51 / 26.12.2025
Исроил дунёда биринчи бўлиб Сомалиленд мустақиллигини тан олди
20:52 / 25.12.2025
Фаластинни парчалаш: Ғарбий соҳил харитаси қандай ўзгаряпти?
19:47 / 25.12.2025
Белгия Исроилга қарши геноцид иши бўйича халқаро судда очилган даъвога қўшилди
10:53 / 24.12.2025