Ўзбекистон | 21:06 / 20.05.2022
19204
5 дақиқада ўқилади

«Конституция бу – догма эмас» — Акмал Саидов конституция ислоҳотини АҚШ қомусидаги ўзгаришлар билан қиёслади 

“Конституция бу догма эмас, у ҳаракат учун дастур бўлиши керак”, деди Конституциявий ислоҳот комиссияси раисига айланган Акмал Саидов. У ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчиларини конституция ислоҳоти нима учун кераклигини билмасдан туриб гапираётганликда айблаб, ўзгартишлар зарурати юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш кераклигини айтди.

Бугун, 20 май куни Қонунчилик палатасида парламент палаталари кенгашларининг конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия таркиби тасдиқланиб, унинг фаолиятини тартибга солувчи низом қабул қилинди.

Тадбирда депутат ва сенаторларнинг конституциявий ислоҳотлар зарурати бўйича фикрлари ҳам эшитилди. Бу борада жумладан, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон конституциясига ўзгартишлар киритиш заруратини АҚШ конституциясида ҳам ўзгаришлар бўлгани билан асослашга ҳаракат қилди.

«Ҳозир янги бир конституциявий ёндашиш – «Инсон, жамият, давлат» деган бир янги методологик парадигма илгари суриляпти.

Мен тарихга бир қарадим. Масалан, АҚШда биринчи конституция бу давлат конституцияси эди. Ўша АҚШнинг 1787 йилда қабул қилинган конституцияси 7 та моддадан иборат ва унда фақат давлат органлари билан боғлиқ масалалар тартибга солинган. Конгресс, президент, олий суд, федерация масалалари ва ҳоказо. Ҳатто (бу ҳужжатда) “инсон ҳуқуқлари” деган сўз бўлмаган. Мана шу биринчи тўлқин, яъни XVIII-XIX асрларда қабул қилинган конституцияларини давлатнинг конституциявий мақомига бағишланган дейиш мумкин. Бу биринчиси.

Иккинчи тўлқин конституциялари ХХ асрда қабул қилина бошланди, яъни 70-80 йилларгача. Буларни мен инсон ҳуқуқларига бағишланган конституциялар деб номлаган бўлардим. Мана шу даврда қабул қилинган ҳамма конституцияларда инсон ҳуқуқлари биринчи ўринга чиқа бошлади, яъни бу ерда инсонни конституцияда ўрнини белгилаб бора бошланди. Сўнгги 25, 30 йилда қабул қилинган конституцияларга фуқаролик жамияти институтлари қўшила бошланди. Масалан: бизнинг ҳозирги, амалдаги конституцияни кўрсангиз, учинчи бўлимининг номи “Жамият ва шахс” дейилган. “Фуқаролик” деган сўз йўқ эди, чунки биз 90 йилларда фуқаролик жамияти деб кўп гапирмас эдик. Мана энди тўлиқ айта оламизки, фуқаролик жамияти ва шахс дейишга тўлақонли асосимиз бор.

Ҳозирги кунда конституциямизнинг 32-моддасида жамоатчилик назорати, жамиятнинг ижроия ҳокимияти устидан амалга оширадиган жамоатчилик назорати ҳам тўлиқ назарда тутилган», – деди у.

Депутат ўз сўзида ижтимоий тармоқларда конституциявий ислоҳотлар бўйича фикр билдираётган айрим фойдаланувчиларни ислоҳотлар мазмунини тушунмаётганликда айблаган.

«Энди нима дейман, ҳозирги ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, кўпчилик конституциявий ислоҳот нима учун кераклигини тушунмаяпти.

Шунинг учун қарорда кўзда тутилаётган, мана шу конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссиянинг матбуот хизмати тузилишини жуда тўғри деб биламан. Чунки ҳозир биз оддий фуқарога нима учун конституциявий ислоҳот керак, унинг зарурати нима – шуларни тушунтиришимиз керак.

У ерда иккита, учта чаласавод доҳийлар пайдо бўлган. Ана ўшалар гапиряпти. Ҳали конституцияга ўзгартириш киритиш нима бўлаётганини, нима учун кераклигини билмасдан туриб, олдинда туриб гапираётганлар бор. Шунинг учун ҳам матбуот хизматига катта масъулият юкланади. Жамиятимиздаги соғлом фикрларни бирлаштириб, тўғри йўлга йўналтириш керак бўлади.

Конституция бу догма эмас, у ҳаракат учун дастур бўлиши керак. У қотиб қолган эмас, ўзимизни олайлик, масалан, инсон ҳам туғилади, ривожланади ва бошқа. Шунинг учун ўйлайманки, жамият ҳам ривожланмоқда.

Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш керак бўлади.

Яна битта нарсага эътибор берайлик. Биз янги конституция деяётганимизни ўша даҳолар тушунаётгани йўқ. Ҳозир конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида гап кетяпти. Умуман, 92 йилдаги конституция салоҳиятини тўла бажаргани йўқ, ҳали турибди у. Айтишимиз керак, ўзгартириш ва тўлдиришлар қилади, қаерда тўхтаб қоляпти, мана ҳозир айтилаётган таклифларни биз ривожлантирамиз деяпмиз. Бу билан кейин ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро: “Бу менинг конституциям”, – дейиши керак. Ундан ўзига керакли нарсани топиши керак. Шунинг учун биз, авваламбор, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашнинг депутатлари конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятини биринчилардан бўлиб, тушунтириши керак», – деган Акмал Саидов.

Мавзуга оид