Ўзбекистон | 23:13 / 04.01.2023
30338
2 дақиқада ўқилади

Манба: «Док-1 Макс»ни фош қилган шифокорлар ишга тикланиши мумкин

«Док-1 Макс» воқеаси ортидан ишдан олинган етти нафар самарқандлик масъул ишга тикланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz манбасига кўра, 2023 йил 3 январ куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ушбу шов-шувли воқеа ортидан ишдан олинганлар билан суҳбатлашган. У ушбу ходимларнинг ишдан олиниши билан боғлиқ қарорни қайтадан кўриб чиқиш ва уларни ишга тиклаш ҳақида сўз юритгани айтилмоқда.

«Ишдан олинган раҳбарлардан бири янги вазир билан бўлган учрашувдан жуда қониққанини айтди. Тез орада адолат тикланиши мумкинлигига умид билдирди», дейди манба.

Маълумотларга кўра, Иноятов 4 январ куни соҳа вакиллари билан бўлган учрашувда ҳам ушбу масалага тўхталган.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб ушбу етти масъулнинг исм-фамилияси оммага ошкор қилинмаганди. Kun.uz ўз манбасига таяниб, улар орасида «ўлим дориси» ҳақида юқорига хабар қилган Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов ҳам борлигини хабар қилганди. Бир муддат ўтиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабарни тасдиқлади.

«Док-1 Макс» воқеаси ортидан Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Азизовдан ташқари ушбу шифохонанинг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари С.Мўминов, оналик ва болалик саломатлигини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси С.Расулов, Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП мудири Х.Музаффаров, ушбу ОШПнинг оилавий шифокори У.Маҳмудов ҳамда доя ҳамшираси М.Сиддиқова лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид