Жаҳон | 13:34 / 04.02.2026
9431
7 дақиқада ўқилади

Ливияда Қаззофийнинг ўғли ўлдирилди

53 ёшда бўлган Сайф ал-Ислом Қаззофий ўз уйида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган. У 2011 йилга қадар мамлакатдаги энг катта таъсирга эга шахслардан бири ҳисобланган, 2021 йилда эса президентлик сайловларида қатнашишга ҳаракат қилганди.

Фото: Reuters

Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофийнинг ўғилларидан бири Сайф ал-Ислом Қаззофий ўлдириб кетилди.

Сиёсатчининг атрофидагилар Сайф ал-Ислом Қаззофий Триполидан 160 км жануби-ғарбда жойлашган аз-Зинтан шаҳридаги уйига бостириб кирган тўрт нафар қуролли шахс билан «тўғридан тўғри тўқнашув» чоғида ҳалок бўлганини айтишган. Кичик Қаззофийнинг маслаҳатчиси маҳаллий телевидениега берган интервюсида босқинчилар кузатув камераларини ўчириб қўйишгани ва Сайф ал-Исломни ўлдиришганини айтиб берган.

Бу маълумотни Ливия собиқ раҳбари ўғлининг адвокати Марсел Чеккалди ҳам AFP нашрига тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча қотиллик ортида ким тургани ва ҳужум қилганларнинг мотивлари нимада бўлгани маълум эмас, аммо адвокатнинг сўзларига кўра, бундан 10 кунча муқаддам кичик Қаззофийнинг яқин сафдошларидан бири унга «хавфсизлик бўйича муаммолар» ҳақида айтганди.

Ливия нашрларига кўра, Қаззофий ўз уйи ёнидаги боғда отиб кетилган.

Айрим манбалар эса у икки қуролли гуруҳнинг ўзаро отишмаси чоғида ҳалок бўлгани, бу гуруҳлардан бири Қаззофийни қўлга олишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Сайф ал-Ислом Қаззофий ким эди?

Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли отасининг бошқаруви даврида ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламаган бўлса-да, мамлакатдаги энг катта таъсирга эга шахслардан бири ҳисобланган.

2000 йил. Сайф ал-Ислом Қаззофий Германия ТИВ раҳбари Йошка Фишер билан суҳбатлашмоқда

У кўп жиҳатдан Ливия ташқи сиёсатини шакллантирган ҳамда муҳим ва нозик дипломатик миссияларда воситачи бўлган.

Хусусан, Сайф ал-Ислом 2003 йилда Ливиянинг оммавий қирғин қуролларидан воз кечиши бўйича музокаралар чоғида Ливия делегациясига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у 1988 йилда Шотландиянинг Локерби шаҳри устида Pan American самолёти портлаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули ундириш бўйича музокараларда қатнашган – тергов портлашга Ливия раҳбарияти алоқадорлигини кўрсатганди. Триполи якунда ҳар бир қурбон учун (авиаҳалокат оқибатида жами 270 киши ҳалок бўлган – самолётдаги 259 ва ердаги 11 киши) уларнинг оилаларига 10 млн доллардан товон пули тўлаб беради, бунинг эвазига Ливияга қарши иқтисодий санкциялар бекор қилинади.

Сайф ал-Ислом Буюк Британияда, Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган ва инглиз тилини мукаммал билган. 2000 йилдан бери у Ливия четлатилган мамлакат мақомидан қутулиши учун саъй-ҳаракатларни амалга оширади, ислоҳотлар ва мамлакатни демократлаштириш умидлари у билан боғланган эди, деб эслатади Reuters агентлиги.

Аммо 2011 йилда у ҳукуматга қарши норозилик намойишларини шафқатсизларча бостиришда муҳим рол ўйнайди. Кейинчалик Халқаро жиноий суд уни 2011 йилда содир этилган инсониятга қарши жиноятлари учун ҳибсга олишга ордер берган.

Қамоқ ва ўлим ҳукми

2015 йилда Қаззофийнинг ўғли ўлимга ҳукм этилганди

Исёнчилар Триполи шаҳрини эгаллаганидан сўнг, Сайф ал-Ислом бадавийлар кийимида Нигерга қочишга ҳаракат қилади. Муаммар Қаззофийнинг ўлимидан тахминан бир ой ўтгач, уни йўлда тутиб олишади ва аз-Зинтан шаҳрига олиб келиб, қамоққа ташлашади.

У кейинги олти йилни қамоқда ўтказди. Сайф ал-Ислом Қаззофий иҳоталаб қўйилганидан шикоят қилган – у деярли бутун вақт давомида бир кишилик камерада сақланган. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсхонадаги шароитлар қониқарли эканини таъкидлашади: Қаззофийга сунъий йўлдош каналлари орқали телевизор кўриш ва китоб ўқиш имконияти берилганди.

2015 йилда Триполидаги суд Сайф ал-Исломни ҳарбий жиноятларда айбдор деб топади ва отувга ҳукм қилади. Аммо икки йил ўтгач кичик Қаззофий амнистия қилиниб, озодликка чиқди. Бу вақтга келиб, унга одамлар билан мулоқот қилишга рухсат берилганди – у деярли ҳар ҳафта ташриф буюрувчиларни қабул қилар ва улар билан Ливиядаги сиёсий вазиятни муҳокама қиларди.

Сиёсатга қайтиш

2021 йилда Сайф ал-Ислом Қаззофий кутилмаганда президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза топширади. Бу амалда сайлов жараёни тўхташига сабаб бўлади, сайлов барибир ўтказилмай қолади.

Сайф ал-Ислом Қаззофий президентликка номзод бўлишига қарши митинг, Триполи, 2021 йил
Hamza Alahmar/Anadolu Agency via Getty Images

У ўз номзодини кўрсатиши Ливиядаги ўзаро рақобатчи бўлган сиёсий ва ҳарбий гуруҳлар ўртасида низо келтириб чиқаради. Сайф ал-Исломга 2015 йилда чиқарилган айблов ҳукми туфайли сайловларда иштирок этиш тақиқланади. У қарор устидан шикоят қилишга уринганида, қуролланган шахслар суд биносини ўраб олган, шундан сўнг Ливиядаги сайлов жараёни тўхтатилган.

Сайф ал-Ислом Аз-Зинтандан туриб ғарбдаги оммавий ахборот воситаларига интервю берди ва аста-секин Ливия сиёсатида етакчи ролларга қайтишини истисно қилмайди.

2021 йилда БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган Триполи ҳукумати вакили бўлган Ливия прокурори Муҳаммад Гаруда Сайф ал-Ислом Қаззофийни «Вагнер» ХҲКнинг россиялик ёлланма аскарлари билан алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган.

Аввалроқ BBC ушбу ёлланма аскарларнинг 2019 йилда Ливиядаги ҳарбий жиноятларга алоқадорлиги бўйича журналистик суриштирув ўтказган эди. Ўша вақтда «Вагнер» ХҲК ходимлари Ливия шарқини назоратига олган ва Триполига ҳужум бошлаган исёнчи генерал Халифа Ҳафтар томонида жанг қилаётганди.

BBC филмида Ливия махсус хизматлари ходимлари Сайф ал-Ислом Қаззофийни «Россиянинг Ливия раҳбарлигига номзоди» деб атаган.

«Агар Россия ўз мақсадига эришганида, Сайф Қаззофий Триполидаги Шаҳидлар майдонида ғолибона нутқ сўзлаган бўларди», – деганди улардан бири.

Бу офицерлар 2019 йил май ойида Триполида жосуслик ва Халифа Ҳафтар ва Сайф ал-Ислом Қаззофий манфаатлари йўлида маҳаллий сайловларга аралашиш айблови билан ҳибсга олинган ва 2020 йил охирида озод қилинган Россия фуқароси Максим Шигалейнинг ишини олиб борган. Тергов маълумотларига кўра, Шигалей Қаззофий билан шахсан учрашган.

«Унинг рамзий мақоми 2021 йилги сайловларни ўтказишга тўсқинлик қилган асосий омиллардан бири эди», – деб тушунтирди Reuters агентлигига Британиянинг Royal United Services Institute таҳлил маркази ходими Жалел Харчауи. «Энди у ўлдирилгач, Қаззофийнинг тарафдори бўлган фракциялар ҳам руҳий тушкунликни, ҳам ғазабни бошдан кечиради. Шу билан бирга, Ливияда сайловларни ўтказиш йўлидаги тўсиқлардан бири олиб ташланди», – дейди Харчауи.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид