Жаҳон | 20:31 / 23.10.2025
7703
5 дақиқада ўқилади

Сантедаги «энг нуфузли маҳбус». Николя Саркози қамалди

Франциянинг собиқ президенти, мамлакатни 2007–2012 йилларда бошқарган Николя Саркози қамалди. Шу тариқа у Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари орасида ҳибсхонага тушган биринчи шахс бўлди. Николяга қандай айб қўйилди ва нима учун уни қамашди?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Ливия иши»

Бундан бир ой аввал, 25 сентябр куни Париж суди Саркозини 2007 йилги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш иши бўйича жиноий тил бириктирганликда айбдор деб топди.

Тергов версиясига кўра, 2005 йилда ўша пайтда ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Саркози ва Ливия президенти Қаззофий ўртасида «коррупцион келишув» тузилган. Саркозининг сайловолди штаби кампанияни хориждан молиялаштиришга қўйилган тақиқни бузган ҳолда 50 миллион евро олган ва бунга жавобан француз сиёсатчиси Қаззофийга жаҳон аренасидан четлатилишини тўхтатишда ёрдам бериши керак эди. Ўшанда Саркози сайловда ғалаба қозониб, Франция президентига айланган.

Судя ҳукмни эълон қиларкан, Саркози ўз ёрдамчиларига маблағ олиш учун Қаззофий билан боғланишга рухсат бергани ҳақидаги маълумотни келтирди. Бироқ, суд Николя кампанияни ноқонуний молиялаштиришдан фойда кўргани ҳақида етарли далил топа олмаган. Франция қонунларига кўра, агар порахўрлик схемаси амалга ошмаган бўлса ҳам, у жиноят сифатида баҳоланади.

Натижада Саркози 100 минг евро жарима ва беш йилллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг икки нафар собиқ ёрдамчиси ҳам судланди — улардан бири олти йилга, иккинчиси эса икки йилга озодликдан маҳрум этилди.

Иш бўйича тергов 2013 йилда, Муаммар Қаззофийнинг ўғли Саиф ал-Ислом Саркозини отасининг пулларидан сайлов кампаниясини молиялаштириш учун фойдаланганликда айблаганидан икки йил ўтиб бошланганди.

Айблов қисман кўп йиллар давомида Франция ва Яқин Шарқ давлатлари ўртасида воситачи ролини ўйнаган франко-ливанлик тадбиркор Зиёд Такиэддиннинг кўрсатмаларига асосланган .

Ишда Саркозининг ўзидан ташқари яна 11 нафар айбланувчи иштирок этяпти: уларнинг баъзилари айбдор деб топилган, бошқалари эса оқланган.

Ўз навбатида Саркози яна учта банд – сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш, Ливия давлати маблағларини суиистеъмол қилиш ва коррупцион схемадаги пассив иштирок ишлари бўйича оқланган.

Сантедаги «энг нуфузли маҳбус»

21 октябр куни Саркози рафиқаси Карла Брунининг қўлидан ушлаб, уйидан чиқди ва журналистлар ҳамда операторлар кўз ўнгида машинага ўтириб, Париждаги Санте қамоқхонасига олиб кетилди.

Сантега кетаётганида Саркози Х ижтимоий тармоғида «қасос ва нафрат қурбони бўлгани» ҳақида ёзди. «Мен француз халқига ўзимга хос қатъий куч билан айтмоқчиманки, бугун эрталаб республиканинг собиқ президенти эмас, балки бегуноҳ одам қамоққа олинади», – деган у.

Собиқ президент хавфсизлик нуқтайи назаридан қамоқхонанинг бир кишилик камералардан иборат махсус қанотига жойлаштирилади. Санте қамоқхонаси бошлиғи Себастян Ковел Саркози бу ерда бошқа маҳбуслар билан учрашмаслигига ва кунига икки марта сайр қилиш ҳуқуқига эга бўлишига ваъда берди.

Қамоқхона яқинда таъмирланган ва барча камераларда душ ва стационар телефон мавжуд. Саркози ойига 14 евро эвазига телевизор кўриши мумкин бўлади. Унда хоҳласа ўзи овқат пишириши, кир ювишга бериш имконияти ҳам бўлади.

Бошқа маҳбуслар сингари Саркози ҳам қамоқхона кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, аммо собиқ президент Фигаро мухбири билан суҳбатда уйидан камерага учта китоб, жумладан, Александр Дюманинг «Граф Монте-Кристо» романини олишини айтган.

Николянинг қамоқда қанча вақт ўтириши номаълум. Суд собиқ президент апелляция шикояти кўриб чиқилишидан олдин ўз муддатини ўташни бошлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, унинг адвокатлари у қамоққа тушиши биланоқ уни озод қилиш учун ариза бериши кутилмоқда. Бу ишни у камерага тушмасидан олдин қила олишмайди. Илтимосномани кўриб чиқиш икки ойгача давом этиши мумкин.

Мавзуга оид