Жаҳон | 16:11 / 25.11.2024
34714
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжоновга суиқасд бўйича қидирувда бўлган Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинди

Жиноятни содир этишга алоқадор бўлганлар сони жами 7 кишини ташкил этмоқда. Шу вақтгача улардан 5 нафари қамоққа олинганди, қидирувда бўлган икки кишидан бири Қозоғистонда, бошқаси Жанубий Кореяда ушланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бош прокуратура Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан навбатдаги маълумотларни тақдим этди.

«Бош прокуратура томонидан Қибрай туманида Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинди. 

Ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди, шунингдек, 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди», дейилади хабарда.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бунгача нималар бўлганди?

Жорий йилнинг 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки нафар номаълум шахс ҳаракатдаги Range Rover русумли йўлтанламас автомобилга ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетганди. Ҳужум нишони президент администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов эди, у ва ёнидагилар жабрланмаган.

Бош прокуратуранинг 27 октябр кунги хабарида ўқ узганлардан бири гумонланувчи тариқасида ушлангани айтилганди. 28 октябр куни яна уч гумондор қўлга олингани маълум қилинди. Шундан кейин бу иш бўйича расмий хабар берилиши тўхтаб қолганди.

Қарийб бир ой ўтиб, 23 ноябр куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ушбу иш доирасида лавозимидан олинди.

24 ноябр куни эса ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам лавозимидан озод этилди. Бу истеъфолар ҳам Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ ҳисобланади.

25 ноябр куни Давлат хавфсизлиги хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров (улар ака-ука) ишдан олингани маълум бўлди. Уларнинг бир вақтда ишдан бўшатилиши ҳам Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ.

Мавзуга оид