Жаҳон | 20:21 / 13.05.2020
2751
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландияда коронавирус сабабли киритилган фавқулодда вазият режими бекор қилинди

Янги Зеландия ҳукумати коронавирус эпидемияси сабабли киритилган фавқулодда вазият режимини бекор қилди ва умуммиллий ўтиш даври бошланганини эълон қилди.

Фото: Getty Images

Бу ҳақда мамлакатнинг фуқаролик мудофааси вазири Пеени Хенаре маълум қилди. Фавқулодда вазият режими 25 мартдан бери амал қилиб келаётганди.

“Янги Зеландияда фавқулодда вазият бекор қилинди ва умуммиллий ўтиш даври эълон қилинди, чунки мамлакат коронавирус сабабли хавфсизликка таҳдиднинг иккинчи босқичига ўтмоқчи”, дейилган хабарда. 

Ўтиш даври 13 майдан кучга кирган ва эртароқ бекор қилинмаса ёки узайтирилмаса 90 кун амал қилади. Ҳукумат ижтимоий масофани сақлашга ва эҳтиёткорлик чораларига амал қилишга чақирган.

Аввалроқ Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн чекловларни енгиллаштиришнинг иккинчи босқичи доирасида чакана савдо дўконлари, савдо марказлари, ресторанлар, кинотеатрлар ва бошқа жамоат жойлари очилишини маълум қилган. Шунингдек, 18 майдан мактаблар ва университетлар очилади. Мамлакат ичида сафарлар амалга оширишга рухсат берилади, бироқ чегаралар хорижликлар учун яна узоқ муддат ёпиқ қолади. 

Айни вақтда Янги Зеландияда коронавирусга чалинганлар сони 1497 нафарни ташкил қилмоқда, ундан 21 киши вафот этган. Шифохоналарда 2 киши қолмоқда, 72 киши амбулатор шароитда даволанмоқда. Охирги 2 кун ичида мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид