Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Зеландия фуқароси дунёдаги энг узун исм соҳиби сифатида рекорд ўрнатди
Лоуренс Уоткинснинг тўлиқ исми 2253 та сўздан иборат, уни айтиш учун 10 дақиқадан кўпроқ вақт кетади.
Фото: Guinness World Records
Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрида яшовчи Лоуренс Грегори Уоткинс сайёрадаги энг узун исмли шахс сифатида Гиннес рекордлар китобига расман киритилди. Унинг исми 2253 та сўздан иборат бўлиб, «Энг узун шахсий исм» тоифасида мутлақ жаҳон рекорди ҳисобланади.
1990 йил 8 мартда Лоуренс Уоткинс Янги Зеландия реестрига исмини ўзгартириш тўғрисида ариза берди. У ўз исмига тарихий ёки маданий аҳамиятга эга бўлган икки мингдан ортиқ сўзларни қўшди. Уоткинс сўзларига кўра, у инсоният тараққиётига ҳисса қўшган буюк шахслар, файласуфлар, сиёсатчилар ва ёзувчилар хотирасини «абадийлаштирмоқчи» бўлган.
«Исмим инсоният тарихининг кичик энциклопедиясидир. Ундаги ҳар бир исм маънога эга», деди у интервюда.
Бундай исмни расмийлаштиришга уриниш дастлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи орган томонидан рад этилишига сабаб бўлди. Бироқ, Янги Зеландия Олий суди Уоткинсни қўллаб-қувватлаб, унинг исмни эркин танлаш ҳуқуқини тан олди.
Шундан бери исмнинг тўлиқ шакли давлат архивларида сақланади, гарчи Лоуренс кундалик ҳаётда ўзининг ақл бовар қилмайдиган исмининг фақат дастлабки икки сўзидан фойдаланади.
Рекорд ёзуви Guinness World Records сайтида эълон қилинди. Унда қуйидагилар кўрсатилган: Энг узун шахсий исм 2253 сўздан иборат бўлиб, Лоуренс Уоткинсга (Янги Зеландия) тегишли.
Уоткинснинг ҳикояси бутун дунёда кенг қизиқиш уйғотди. Оммавий ахборот воситалари, жумладан, People, LADBible ва Virgin Radio уни «ўз исмини кутубхонага айлантирган одам» деб атади. Кўпчилик бу рекорд инсоннинг ўзини намоён қилиш ва ўзига хосликка интилиш рамзига айланганини таъкидлайди.
Агар Лоуренснинг исми тўлиқ овоз чиқариб айтилса, бунга 10 дақиқадан кўпроқ вақт кетади.
Уоткинснинг ўзи ҳатто ўз исмининг барча сўзларини эслаб қолишга қодир эмаслигини тан олади, лекин ишончи комил: «Уларнинг ҳар бири ҳикоямнинг бир қисмидир».
Мавзуга оид
14:57 / 04.12.2025
Янги зеландиялик шахс ғайриоддий ўғирликда айбланмоқда: у қимматбаҳо тақинчоқни ютиб юборган
23:46 / 22.09.2025
Янги Зеландия аҳолиси бир кечада «695 миллиардга» етди
20:17 / 11.08.2025
Янги Зеландия Фаластин давлатини тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда
17:43 / 06.06.2025