Ўзбекистон | 11:48 / 20.08.2024
4738
4 дақиқада ўқилади

«Сизларга янада қулай шароитлар яратиб беришга доим тайёрман» — президент тадбиркорларни қўллашда давом этишини айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Нукус шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.

Бутун мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни Қорақалпоғистон мисолида яққол кўриш мумкинлиги таъкидланди. 

Бугунги таҳликали ва мураккаб замонга қарамасдан, иқтисодиёт барқарор ўсиб бораётгани, дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари буни эътироф этаётгани қайд этилди. 

Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади. 

Шундай юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азм-у шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс экани эътироф этилди.

Президент ривожланган давлатларда ўз бизнесини йўлга қўйган, катта-катта натижалари билан юртимиз номини чет элликларга танитаётган кўплаб ватандошларимиз борлигини қайд этди.

Бугунги учрашувда 40 дан зиёд ана шундай ватанпарвар, ишбилармон бизнес вакиллари иштирок этмоқда.

Куни кеча илғор бизнес вакилларидан 37 нафари орден ва медаллар билан, 104 нафари «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари уларни чин дилдан табриклаб, фидокорона меҳнати учун ўз номидан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.

«Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!» - деди президент.

Президентдан бошлаб бош вазир, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман – барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди. 

Тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Энг муҳими – маҳалладаги микролойиҳадан тортиб, мегалойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.

Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз «текшир-текширлар» сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди.

Ҳозир эса уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. 

Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди.

Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.

Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси «маҳаллабай» ва «мижозбай» ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.

Мавзуга оид