Жаҳон | 18:01 / 07.12.2025
6152
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина ўртасидаги уч кунлик музокараларда ўсишга эришилмади

Ҳудудий ва хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги масалалар очиқ қолмоқда.

Фото: Getty Images

Вашингтон ва Киев ўртасидаги Россия-Украина урушини тугатиш ва тинчлик шартномасини тузиш бўйича уч кунлик музокараларда деярли ютуқларга эришилмади ва ҳудудлар ҳамда хавфсизлик кафолатлари бўйича масалалар ҳал қилинмасдан қолди, дейилади CNN нашри хабарида. 4 декабрдан бери Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров Украина қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Андрей Гнатов билан бирга Майамида бўлиб, у ерда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан учрашувлар ўтказди.

6 декабр куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский Уиткофф ва Кушнер билан «узоқ, мазмунли ва конструктив» телефон мулоқоти ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, томонлар «қон тўкилишининг тугашини кафолатлаши ва Россиянинг учинчи босқини хавфини бартараф этиши мумкин бўлган асосий нарсаларни, шунингдек, Россиянинг ўз ваъдаларини бажармаслик таҳдидини муҳокама қилган». Axios маълумотларига кўра, телефон орқали мулоқот икки соат давом этган. Бу Зеленскийнинг ўтган ҳафтада Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб қайтган америкалик музокарачилар билан биринчи мулоқоти бўлди.

«Мураккаб масалалар сақланиб қолмоқда, аммо иккала томон ҳам реал ва мақбул ечимларни яратиш устида ишлашда давом этмоқда. Ҳозирги босқичдаги асосий чақириқлар ҳудуд ва кафолатлар [хавфсизлик] масалаларига тааллуқли ва биз уларни ҳал қилиш учун мақбул форматларни излаяпмиз», – деди Украинанинг АҚШдаги элчиси Олга Стефанишина.

Axios манбаси айтишича, Уиткофф ва Кушнер Россия ва Украина томонларининг таклифларини тўплаган ва Путинни ҳам, Зеленскийни ҳам ён беришга ундамоқда. Нашрнинг яна бир суҳбатдошига кўра, телефон орқали суҳбат чоғида ҳудудий масалани муҳокама қилиш «мураккаб кечган». Россия ҳамон Украина қўшинлари Донбассдан тўлиқ чиқиб кетишини талаб қилмоқда, аммо АҚШ муаммони ҳал қилиш учун янги ғояларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда, дейди иккинчи манба. Яна бир асосий мавзу АҚШ томонидан Украина учун хавфсизлик кафолатлари эди. Манбалардан бири маълум қилишича, томонлар бу борада сезиларли ютуқларга эришган ва келишувга яқинлашган, бироқ иккала томон ҳам ушбу кафолатларни бир хил талқин қилиши учун қўшимча ишларни амалга ошириш керак.

Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог урушни тўхтатиш бўйича келишувга «ҳақиқатан ҳам яқин» қолганини айтган. Унинг сўзларига кўра, энди ҳамма нарса икки масаланинг ҳал қилинишига боғлиқ: Донбасснинг келажаги ва Запорижжя АЭС назорати.

Бир кун аввал Уиткофф Украина делегацияси билан «Украинада мустаҳкам ва адолатли тинчликка эришишнинг ишончли йўли» бўйича «конструктив муҳокама» ўтказгани ҳақида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, музокараларда «ҳар икки томон ҳам ҳар қандай келишувга эришишдаги ҳақиқий ўсиш Россиянинг узоқ муддатли тинчликка, жумладан, кескинликни юмшатиш ва қотилликларни тўхтатиш бўйича қадамларга жиддий содиқлигини намойиш этишга тайёрлигига боғлиқ экани бўйича якдил фикрда бўлган».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид