Иқтисодиёт | 23:28 / 30.04.2021
12943
3 дақиқада ўқилади

Биржада пахта мойи сотиб олишга қўйилган чеклов нарх ўсишига таъсир қилмаслиги айтилди

Яқинда Монополияга қарши курашиш қўмитаси пахта мойи нархи ўсишининг олдини олиш учун бир харидор 3 тоннадан кўп бўлмаган миқдордаги мойни биржада сотиб олиши бўйича чеклов ўрнатганди.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, чеклов чакана савдога етиб боргунча мой нархининг янада ошишига таъсир қилиши, логистика ва транспорт харажатлари маҳсулот кам сотиб олиниши ҳисобига ортиб кетиши мумкинлиги айтилди.

Қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов 30 апрел куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур масалага тўхталиб ўтди.

«Ҳақиқатан лимит киритилган эди, бу ўрганиб чиқилган. Лекин маҳсулотнинг якуний чакана нархига таъсир қиладиган даражада эмас.

Бу талабни қисиш эмас. Катта миқдордаги маҳсулотни харид қилиб олиб, уни ушлаб туриб, кейинчалик нархини ошириб сотиш имкониятини чеклайдиган восита бўлиб хизмат қилади. Бунда кўпроқ тадбиркорлар маҳсулот сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Маҳсулотларни сунъий равишда ушлаб туриш ва қандайдир келишиб олинган нотўғри ҳаракатлар чекланади.

Бизда пахта мойи нархининг шаклланиши кунгабоқар мойи нархи шаклланиши билан боғлиқ бўлади. Пахта мойини сотиш нархи имкониятидан келиб чиққан ҳолда чигит нархи шаклланади.

Ҳозирда нархлар бозордаги талаб ва таклифнинг ишлаш қонуни асосида ошмоқда. Бундай жараёнларга қандайдир маъмурий усуллар билан ёндашадиган бўлсак, самара бермайди», деди раис ўринбосари.

Бекзод Умматов

Қайд этилишича, айни пайтдаги таъсир чоралари бозор муносабатларидан келиб чиқиб қўлланилмоқда.

Аввалроқ, қўмита кунгабоқар ва пахта мойлари нархи қимматлаши бўйича изоҳ берганди.

Маълум қилинишича, мойлар нархининг кескин кўтарилишига жаҳон бозорларидаги нархлар ошиши, ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлгани, қўшни давлатларда кунгабоқар мойи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланган муддат узайтирилиши таъсир қилган.

Шунингдек, биржада пахта мойи нархининг қимматлаши ва кунгабоқар мойи очиқ савдода сотилмаслигига ҳам изоҳ берилган.

Мавзуга оид