Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Оёқда туролмайдиган даражада маст бўлган” — Шаҳрихонда профилактика инспектори машинасида икки одамни уриб кетди
9 ноябр куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Бобочек маҳалласида профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев маст ҳолатда машина бошқариб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва скутерда келаётган икки кишини уриб юборган. Жабрланувчилар ҳамон реанимацияда қолмоқда. Вилоят ИИБ Сотволдиев воқеадан икки кун олдин ишдан бўшатилганини айтмоқда.
Kun.uz суҳбатлашган воқеа гувоҳларига кўра, 35 ёшли Муҳриддин Ҳамдамов 9 ноябр куни ўз ишини якунлаб уйига қайтаётганда кўчада қўшниси 53 ёшли Масхобиддин Жабборовни кўриб қолади ва улар скутерда биргалашиб уйлари томон йўлга чиқишади.
Йўл давомида уларни Маслаҳаттепа маҳалласи профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев Nexia 3 автомашинасида маст ҳолатда уриб кетган. У йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, қаршисидаги скутерга урилиб, уни бир неча метргача судраб кетгани айтиляпти.
Андижон вилояти ИИБга кўра, профилактика инспектори 2025 йил 7 ноябрда, яъни воқеадан икки кун олдин ички ишлар органлари тизимидан қуролли кучлар захирасига бўшатилган.
Kun.uz мухбири Шаҳрихонда бўлиб ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

Муҳриддин Ҳамдамов:
“Ўша куни скутерда кетаётган эдик. Ҳеч қанча юрмасимиздан, рўпарамиздан бизга қараб машина келаётганини кўрдим. Ўша машина бизга келиб урилди. Ўзининг йўлидан эмас, бизнинг йўлимиздан юриб келди. Хушимга келганимда уриб юборган машинадан 30-40 метр узоқда эдим, шекилли. Скутерда қўшнимни суриб олиб кетган экан.
Ўзимга келганимда атрофда тўпланган одамлар участкавой ичиб олибди, оёғида зўрға турибди, дейишди. Ҳақиқатан ҳам участкавой машинасининг олдида нима бўлганини ўзи ҳам англолмай, гапираётган гапини ҳам билмай турган эди”, дейди жабрланувчи Муҳриддин Ҳамдамов.

Муҳриддин Ҳамдамовнинг акаси: “Моддий томондан ҳеч ким ёрдам бермаяпти”
“9 ноябр куни укангизни машина босиб кетди, деган хабар келди. Зудлик билан шифохонага етиб бордим. Укамнинг ҳолати оғир экан, дарҳол реанимацияга бўлимига олиб киришди. Қўшнимиз Масхобиддин ака скутерни бошқариб кетаётган экан, орқасида укам бўлган. Участкавой Аъзам Сотволдиев маст ҳолатда Nexia 3 машинасида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб скутерга келиб урган. Гувоҳларнинг айтишича, участкавой скутердаги қўшни ака ва укамни 15 метрдан ошиқ масофагача судраб бориб, оғир автоавария ҳолатини содир қилган. Бунинг орқасидан укам ва қўшнимиз шу кунгача Шаҳрихон туманининг реанимация бўлимида даволаняпти.
Масхобиддин аканинг боши очилиб кетиб, кома ҳолатида ётибди, ўзига келгани йўқ. Укам Муҳриддин Ҳамдамовнинг еттита қовурғаси синган, бош суяги дарз кетган.
Дори-дармонни шу кунгача ўзим пулимга сотиб олиб чиқиб беряпман. Моддий томондан ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Ўша куни участкавой оёқда тура олмайдиган даражада маст бўлган”, дейди жабрланувчи Муҳриддин Ҳамдамовнинг акаси Ҳусниддин Ҳамдамов.
Масхобиддинни Жабборовнинг рафиқаси: “Участкавой ўша куни формада бўлган”
“9 ноябр куни турмуш ўртоғим Масхобиддинни Жабборов ишдан келаётган пайтда “Маслаҳаттепа” МФЙ участка нозири маст ҳолатда машина бошқариб, автоҳалокатга учратган. Миясини пачоқлаб юборган. Кўрсангиз қўрқадиган даражада эди. Турмуш ўртоғимнинг ҳолати ўта оғир. Тўққиз кундан бери кутиб ўтирибмиз, ўзига келгани йўқ. Бизга ҳеч қандай бир нажот йўқ. Боқувчимни йўқотяпман. Тинчлигимизни таъминлайдиган ходимнинг ўзи бировнинг ёстиғини қуритиб юраверса? Ходим формада ичиб юриши тўғрими?
Вилоят ички ишлар бошқармаси расмий баёнот билдиряпти, профилактика инспектори фақат бир кишини уриб юборган деб. 9 ноябр куни кечқурун формадаги одам қандай қилиб 7 ноябр куни ишдан бўшатилади? Формада турибди-ю.

Бизга моддий ёрдам берилмаяпти. Уриб юборган участкавойнинг қаердалигини билмаймиз”, дейди жабрланувчи Масхобиддин Жабборовнинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Раҳматуллаева.
Муҳриддин Ҳамдамовнинг онаси: “Шифокорлар яна икки марта операция бўлади дейишяпти”
“Ўғлимнинг еттита қовурғаси, ўмров суяги синган. Шифокорлар яна икки мартадан операция бўлади дейишяпти. Ички ишлар ходими нима учун маст ҳолатда машина бошқаради? Қилмишига яраша қонуний жазо берилсин. 9 ноябр куни авария қилган бўлса, икки кун олдин ходимни ишдан чиқди, формани ечди, деб расмий хабар чиқяпти. У куни формани ечган, ишдан чиққан бўлса, ички ишлар ходимининг формасида бўкиб ичиб авария қилганини кўрганлар қанча? Наҳотки буни яширишаётган бўлса? Нимага яширади? Жавоб берсин”, – дейди жабрланувчи Муҳриддин Ҳамдамовнинг онаси Дилфузахон Раҳимова.
Шифокор: Жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир, иккинчисиники қониқарли
“9 ноябр куни соат 19:40 ларда бўлимимизга автоавария билан икки бемор келди. Беморларимизнинг биринчиси Муҳриддин Ҳамдамов 1990 йил туғилган. Унга қовурғанинг ёпиқ синиши ташхиси қўйилди, бугунги ҳолати қониқарли.


Иккинчи беморимиз Масхобиддин Жабборов 1972 йил. Унга бош мия асосининг синиши, лат ейиши, шишиши ташхиси қўйилган. Ҳозирги кунда кома ҳолатда, кома тўрт деймиз. Сунъий нафасга уланган. Ҳозирги кундаги аҳволи оғир”, дейди реанимация-анестезиология бўлими мудири Музаффар Мўминов.
Айни пайтда ҳолат бўйича Шаҳрихон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:55 / 01.01.2026
Сирдарё ва Жиззахда ЙҲХ патрул автомобиллари пиёдаларни уриб юборди. Бир киши вафот этди
09:00 / 28.12.2025
2026 йилги режалар, янги газ кони ва бюджетнинг ёпиқ муҳокамаси — ҳафта дайжести
08:41 / 24.12.2025
Хивада ИИБ ходими пора олаётганда ашёвий далиллар билан ушланди
20:51 / 17.12.2025