Ўзбекистон | 15:10
3507
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўп – президент

2025 йили ички ишлар ваколатидаги масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Президент шикоятлар кўп бўлган ҳудудларда ходимларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент аҳоли ички ишлар ходимлари томонидан кўрсатилаётган қўпол муомаладан норози эканини айтди. У бу ҳақда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш бўйича жума куни ўтказган йиғилишида гапирди.

2025 йили ички ишлар ваколатидаги масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Айниқса, ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўп.

Давлат раҳбари тизим масъуллари ҳар 1 минг кишига нисбатан энг кўп ариза тушаётган Денов, Ургут туманлари, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона, Чирчиқ шаҳарларига бориб, аҳолининг муаммоларини эшитиши, профилактика инспектори ва терговчиларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича ўқитиши шартлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда айтилишича, турли сабаблар билан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаган болаларга бундай ҳужжатни расмийлаштиришдаги бюрократия ҳақида 448 нафар одам мурожаат қилган.

«Бу боласини боғча ва мактабга жойлаштиришда гувоҳнома сўралгани учун мажбур бўлиб мурожаат қилганлар, ҳали ариза бермаганлари қанча?» –  дея савол қўйди президент.

Адлия вазирлигига ушбу масалага содда ечим ишлаб чиқиш топширилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид