17:04 / 06.04.2022
29643

UzAuto Motors Россияга автомобил экспортини тўхтатди

Россияга нисбатан халқаро санкциялар фонида UzAuto Motors бу мамлакатга экспортни тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ички бозорда навбатлар камайишига сабаб бўла олмайди: 2021 йилда Ўзбекистон экспорт қилган енгил автомобилларнинг 1,6 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors компанияси Россияга автомобил экспортини тўхтатди. Eurasianet хабарига кўра, бу – компанияга яримўтказгичлар ва микрочиплар етказиб берувчи Жанубий Корея Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилгани билан боғлиқ.

“Агар UzAuto ўз маҳсулотларини Россияга жўнатишда давом этганида, Андижон яқинидаги заводга бутловчи қисмлар таъминоти музлатиб қўйилиши мумкин эди”, дейилади хабарда.

Нашр боғланган UzАuto вакили автомобилларни Россияга етказиб бериш тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган, бироқ инкор ҳам этмаган.

Ўз навбатида, АҚШнинг General Motors компанияси, Eurasianet сўровига жавобан, Chevrolet бренди остидаги автомобиллар UzAuto томонидан Россияга етказиб берилиши 9 мартдан тўхтатилганини тасдиқлаган.

Шундан сўнг нашр UzAuto билан такроран боғланган, компания бу сафар логистика учун Россия портларидан фойдаланишни тўхтатганини тан олган, бироқ Россияга автомобил сотуви масаласини муҳокама қилишни рад этган.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистонда 236 667 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 28 952 донаси хорижга экспорт қилинган. Экспортнинг 1,6 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистон 2021 йилда енгил автомобил экспорт қилган давлатлар:

  • Қозоғистон – 26 970 та
  • Украина – 929 та
  • Россия – 456 та
  • Озарбойжон – 277 та
  • Афғонистон – 128 та
  • Қирғизистон – 94 та
  • Тожикистон – 88 та

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириш топшириғи берилганди. Шунингдек, 1 майга қадар автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси ҳам юклатилганди.

Telegram'даги UzAvtoSavdo боти маълумотларига кўра, 6 апрел ҳолатига Lacetti (38 874 дона), Соbalt (18 790 дона) ва Damas (3974 дона) автомобилларига навбатлар сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ АҚШ Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берадиганларни иккиламчи санкциялардан огоҳлантирган эди.

Top