Ўзбекистон | 08:00 / 25.09.2023
3513
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Корея билан молиявий ҳамкорликда миллий онкология маркази барпо этилади

Корея жамғармаси томонидан “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 127,5 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган Корея вони миқдорида имтиёзли қарз ажратилади.

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Корея ҳукумати томонидан 2019 йил 27 июнда Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) томонидан “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга йиллик 0,1 фоиз ставкасида жами 127,5 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган Кореянинг вон пул бирлиги миқдорида имтиёзли қарз ажратилиши маъқулланган.

Ўзбекистон ҳукумати ва EDCF ўртасида 2021 йил 31 декабрда лойиҳа юзасидан қарз битими имзоланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги EDCF қарзидан мақсадли фойдаланиш ҳамда лойиҳани самарали амалга ошириш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” EDCF қарзи бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш борасида молиявий агент ҳисобланади.

EDCF жамғармаси бўйича асосий қарз, унга ҳисобланган фоиз, воситачилик ҳақи ҳамда бошқа тўловларни қоплаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон бюджетидан қопланади. Лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарларга (хизматларга) тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи Ўзбекистон ҳиссаси сифатида белгиланган тартибда давлат бюджетидан тўланади (агар қонунчилик ҳужжатларида ушбу солиқ билан боғлиқ имтиёз назарда тутилмаган бўлса).

Иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон номидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзмиллийбанк (молиявий агент) ўртасида EDCF қарзидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича агентлик битимини имзолаш ваколати берилади. Ўзмиллийбанкка EDCF қарзи бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун Корея ваколатли банки билан банклараро шартномани имзолаш ваколати берилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид