Ўзбекистон | 16:43 / 05.12.2020
6834
3 дақиқада ўқилади

“Сен ногиронмисан, унда сабр қилиб тур, аввал соғломлар” – тадқиқотчи Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш механизмини танқид қилди

БМТ томонидан 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор 16-59 ёшдаги шахсларнинг фақат 7,1 фоизи расман иш билан таъминланган.

Буюк Британиянинг Сассекс университети қошидаги Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти, тадқиқотчи Дилмурод Юсупов Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган конференцияда  Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқароларнинг бандлиги йўналишидаги муаммоларни санади.

Унинг қайд этишича, БМТ томонидан 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор 16-59 ёшдаги шахсларнинг фақат 7,1 фоизи расман иш билан таъминланган. Ногиронлиги бор аёлларнинг бандлиги 4,4 фоизни, эркаклар бандлиги эса 8,9 фоизни ташкил қилган.

“Ногиронликни тасдиқловчи маълумотномага “меҳнатга лаёқатсиз, “меҳнатга яроқсиз”, “махсус шароитларда ишлашга яроқли” деб ёзилиши имконияти чекланганларнинг меҳнат бозорига киришда дискриминацияга дуч келишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бор шахслар ногиронлик нафақаси олганлиги учун жамиятда улар нега ишлаши керак ёки улар ишлаши шарт эмас, деган қараш шаклланган. Гарчи имконияти чекланган кишилар ишлаш имконига эга бўлса-да, шу қараш туфайли ҳам муаммоларга дуч келишади.

Ўзбекистонда 630 мингдан кўпроқ киши ногиронлиги бор шахслар сифатида рўйхатга олинган бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, 160 мингдан кўпроқ одам меҳнат қила олиши мумкин деб қайд этилган. Лекин Ногиронлар уюшмаси бу рақам каттароқ деб ҳисоблайди”, - деди тадқиқотчи ўз нутқида.

Дилмурод Юсуповнинг қайд этишича, ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида иш ўринлари ажратиш талаби ҳам бажарилмай келмоқда. Иш берувчилар томонидан ногиронлиги бор шахслар учун фақат қоғозда иш ўринлари расмийлаштириб қўйиладиган ҳолатлар ҳам учрайди.

“Пандемия даврида мигрантларнинг ватанга қайтиши ва бошқа сабаблар билан ишсизлар сони ошди. Давлат ташкилотлари томонидан аввал соғломларни иш билан таъминлаб олайлик, кейин ногиронлиги бор шахслар билан ишлаймиз, деган қараш сезилди. Менимча, бу очиқ диксриминация. Чунки қўйилаётган приоритетга кўра, “аввал соғломлар, сен ногиронмисан, унда сабр қилиб тур”, дейилмоқда. Бу нотўғри ёндашув”, - дея имконияти чекланганларга кўрсатилаётган муносабатни танқид қилди Дилмурод Юсупов. 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид