3 декабр – Халқаро ногиронлар куни. Шу куни жаҳон миқёсида ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашдаги ўткир муаммолар, уларнинг камситилиши ва кенг ёйилган стереотиплар ҳақида гапирилади.

Kun.uz бу сана олдидан Ўзбекистонда ногиронлик ва инклюзив ривожланиш масалалари тадқиқотчиси, Англиянинг Сассекс университетининг тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсупов билан суҳбатлашди.

Маълумки, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони расман 700 мингдан ошган. 2022 йил бошида Жаҳон банки эълон қилган ҳисоботда мамлакатдаги ногиронлиги бор шахслар сони аҳолининг 2,1 фоизини ташкил этиши қайд этилган.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов Kun.uz'га берган интервьюсида пойтахтда яшаётган ногиронлар расман 45 минг нафар, норасман эса 70 минг нафардан кўпроқлигини айтганди.

— Шу ўринда савол туғилади, нима сабаб норасмий статистика расмий статистикадан фарқ қилади? Бунинг аҳамияти қанчалик рол ўйнайди?

— Статистика масаласи жуда ҳам долзарб. Менимча, бу биринчилар бўлиб кўриладиган иш бўлиши керак. Чунки давлатнинг ижтимоий сиёсати айнан шу маълумотларга асосланиб амалга оширилади.

Статистиканинг турли хил бўлиши ҳам сир эмас, жаҳон тажрибасида давлатларда ҳам ҳар хил кўрсаткичлар қайд этилган. ЖССТнинг ҳисоботларига кўра, бутунжаҳон аҳолисининг 15 фоизи, яъни 1 млрд нафари турли хил ногиронлик ҳолатларига эга.

Энди, нима сабаб Ўзбекистонда қайд этилган ногирон инсонлар сони кам? Мана атиги 2 фоиз дейиляпти, бу – жуда кам кўрсаткич. Бошқа давлатлар билан солиштирганда, масалан, Қозоғистонда аҳоли 19 млн нафар, шунинг 650-658 минг нафари эса ногиронлиги бор шахслар саналади