Ўзбекистон | 18:33 / 17.10.2020
92154
5 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини қаттиқ танқид қилганига оид аудио тарқалди

Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаевга тегишли эканлиги маълум бўлган аудиоёзув тарқалди. Қуйида вазир ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини койиган 50 дақиқали аудиоёзувдаги энг муҳим иқтибосларни ўзгаришсиз тақдим этамиз.

Абдуҳаким Хаджибаев / Фото: med.uz

  • “Нимага касаллик тарихи касал тушгандан кейин 3 кунлаб ёзилмай ётибди?”;
  • "20 йилдан бери врачларни қамоқдан қутқариб келганман, энди фикрим ўзгармоқда. Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз";
  • “Бир ойда бир йиллик маошни оляпсизлар”;
  • “Бир ойга битта шу клиникага 40 млрд [сўм] кетяпти, ўша 40 млрд.ни 90 фоизи сизларнинг (шифокорлар назарда тутиляпти) маошларинг”;
  • “Ҳамма касаллик тарихи трафарет, “дневник” ҳам трафарет, чунки у касални кўрмаган, бирорта врач касални олдига кирмаган, кўрмаган. Чунки ҳамма касал бир хил бўлиши мумкин эмас”;
  • “Москвадан келган профессор айтяпти, касал 7-10 кун ётаркан, бельё [чойшаблар, ич кийим] бир марта ҳам алмаштирилмайди, деяпти, ҳеч бўлмаса 3 марта алмаштирилиши керак эмасми?”;
  • “Мени ўзимга ҳар куни қўнғироқлар бўлади: [касални] олиб чиқиб кетайлик, бошқа жойга ўтказайлик, деб. Нимага десам, умуман докторлар қарамаяпти дейишади”;
  • “Бир хил рақамли касаллик тарихи 8та бўлиши ҳам мумкинми?!”;
  • “Кислород давленияси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти”;
  • “Ҳеч ким ишдан кетиб қутулмайди, агар кимдир қочаман деса, прокуратурага берамиз”;
  • “Кеча ва бугун ётган касал муносабат ўзгарганини сезиши керак”;
  • “Касалга дори ёзиб беришингларни мутлақо тақиқлайман, дори тугаса, Минздравга чиқишларинг керак”;
  • “Касални дори-дармони тумбочкасида турибди. Касал ўзи келиб, ўзи дори ичиб тузалиб кетяпти”;
  • “Ишлатмасдан туриб ўғирлайди... Ҳаммаси ўғри буларнинг. Афсуски, бу факт”;
  • “[Чойшабларни] нима учун ишлатмаяпсан, нима учун касал сассиқ постелда ётиши керак, нимага ҳафтада икки марта алмаштирмайсан?”;
  • “Санитаркасиям ишламаяпти, чунки бошидан сасиган булар”;
  • “Бўлим мудириям, главврачам мавжуд дориларни билмай қўлига ёзиб беряпти, бизда маълумот бор, сигнал чиқиб ётибди. Мана бу ерда ётибди антибиотик мингталаб, икки мингталаб, лекин жойида қўлига ёзиб беряпти. Нима учун ёзиб беради?”;
  • “Балки 30 фоизи, балки 50 фоизи кислородга қабул қилиши керакдир, лекин 100 фоизи эмас”;
  • “Хаёлларингдан чиқаринглар, бу ўтиб кетадиган нарса эмас. Ёки тартибга тушасизлар ёки бошқа йўли йўқ”.
  • “Мен прокуратурага беришни хоҳламас эдим. Агарда кескин ўзгариш бўлмаса, мажбур бўлинади прокуратурага беришга”;
  • “Биттаям главврачни бўшатмайсиз... Ҳаммасини бўйнига қўйиб, ундан кейин нима қилиш кераклигини айтамиз”;
  • “Тез ёрдам [ҳароратни] ўлчаб келяпти-ку, бу ерда нимани ўзгартирасанлар”;
  • “Айнан сени июндан бери олган пулингни қайтартираман, сени прокурорга бераман, ёзгани учун, ўзида айб сезмагани учун...”;
  • “Ўша “красний зона”да ишлаганинг учун 25 млн надбавка (қўшимча пул) беради. Нима ҳаққинг бор касални киргизмасликка?!”.

Эслатиб ўтамиз, шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида одам(лар) ўлишига сабаб бўлса, Жиноят кодекси 116-моддасининг тегишли қисмлари билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Шифокорлар ҳам бу моддага кўра жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Бу масала юзасидан вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғландик ва қуйидаги изоҳни олдик:

– Коронавирус пандемиясига қарши кураш ниҳоятда жиддий масала ва бу борада қаттиққўллик муҳим роль ўйнайди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминовичнинг сўзлари бироз асабий ва жаҳл аралашган туйилиши мумкин, лекин барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар. Ҳар бири беморлар тезроқ соғайиши ва халқимиз манфаати учун айтилган. Албатта, йиғилишда таъсирчанликни ошириш учун бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор.

Энг муҳими, тизим ходимлари бу талабларни тўғри тушунадилар ва ишга янгича ёндашадилар.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид