Ўзбекистон | 10:25 / 26.02.2021
17487
4 дақиқада ўқилади

Ширин шаҳар ҳокимининг уйини таъмирлаган усталар ҳақини ким беради?

«Мана 3 ойдирки, Ширин шаҳар ҳокими, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ва қурувчи ташкилот ўртасида сарсон-саргардонмиз; оила, бола-чақамиз уйда етишмовчиликдан қийналяпти. Масалага вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг эътибор қаратишини илтимос қиламиз», дейди қурувчилар бригадири Азизбек Эргашев.

Kun.uz 20 февраль куни «Ширин шаҳар ҳокими яшаётган уйни таъмирлаган усталар пулини ололмаяпти. Ҳамма ўзича «оппоқ» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилганди.

Мақолада Ширин шаҳар ҳокими, шаҳар прокурори ва ИИБ бошлиғи учун қуриб битказилган хизмат уйларида ишлаган ишчиларнинг ўз иш ҳақларини деярли 4 ойдан буён ололмаётганликлари ёритилган.

Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, 2693-сонли президент қарорига асосан, республика бўйлаб давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари учун хизмат уй-жойларининг буюртмачиси «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ҳисобланади ҳамда қарорда бу ишларга давлат ҳокимият органларининг бевосита ёки билвосита аралашуви кўзда тутилмаган.

«Хусусан, Ширин шаҳрида жойлашган хизмат уйлари қурилишида ишлаган ишчиларнинг иш ҳақларини ололмаётганликлари ҳам шаҳар ҳокимлиги ҳамда сектор раҳбарларига боғлиқ бўлмаган ҳолат бўлиб, бу ҳақда фақат иш ҳақи бўйича шаҳар ИИБга ёзма мурожаат қилинган ва ИИБ томонидан мурожаатдаги вазият фуқаролик ҳолати бўлгани сабабли фуқаролик судига мурожаат қилиш тушунтирилган ва бу ҳақда жавоб хати берилган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Баёнотда қурилиш ҳали битмагани ва пудратчига нисбатан жиноят иши судда мазмунан кўриб чиқилаётгани айтилган.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК Сирдарё вилояти филиали пудратчи ташкилот ҳисоб рақамига шартномада кўрсатилган маблағ – умумий сумманинг 95 фоизини тўлиқ ўтказган ва усталарнинг иш ҳақи шу маблағдан тўланиши керак. Қолган 5 фоиз пулни эса объект фойдаланишга топширилган кундан эътиборан, 12 ой кафолат ва эксплуатация муддатидан муваффақиятли ўтганидан сўнггина тўлаб берилади.

Kun.uz'да эълон қилинган мақолада бу ҳолатлар рад қилинмаган, балки бошқа тарафларнинг ҳам фикрларини келтириб ўтилган эди.

Масаланинг яна бир қизиқ тарафи, танқидий мақола эълон қилингач, ҳокимлик ахборот хизмати биз билан алоқага чиқиб, қурувчиларнинг иш ҳақи борасидаги масалани суриштирмади, балки уйлардан бири ижарага берилгани ҳақидаги фикрларни олиб ташлашни илтимос қилди.

Қурилишда ишлаган ишчилар бошлиғи Азизбек Эргашевнинг бизга маълум қилишича, 3 кун аввал «Асадтилло бизнес» МЧЖ раҳбари Одамбой Қурбонбоев хоразмлик ишчиларнинг 3 нафарини Ширин шаҳрига чақириб олган.

Одамбой Қурбонбоев уларга хизмат уйларида чала қолган ишларни тугатиб берса, ҳар бирига 100 доллардан беришини ва қолган 43 миллион сўмлик қарзини ҳам тўлашини айтади. Лекин, бу сафар ҳам усталар алданмоқда, 4 кундан буён ўша хизмат уйларида, совуқ шароитда пулларини ололмай кутишяпти.

«Мана, 3 ойдирки ҳоким, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ва қурувчи ташкилот ўртасида сарсон-саргардонмиз. Оила, бола-чақамиз уйда етишмовчиликдан азият чекишмоқда. Масалага вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг эътибор қаратишини илтимос қиламиз», – дейди биз билан суҳбатда Азизбек Эргашев.

Ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Одамбой Қурбонбоев билан боғланишга уриндик. Тадбиркор қўнғироқларимизни жавобсиз қолдирди.

Ҳоким Сарвар Султоновнинг эса, у яшаётган уйни таъмирлаган усталар ҳақини ундириб беришда амалий ёрдам бериш нияти йўқлиги мақолага билдирган раддиясидан аён бўлди.

Мавзуга оид