Жамият | 18:58 / 10.02.2026
4478
3 дақиқада ўқилади

Коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 3 поғона пастлади

2025 йил якунлари бўйича коррупцияни баҳолаш индекси эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон 3 поғона тушиш билан 182 та давлат орасида 124-ўринни эгаллади, коррупцияга қарши курашиш кўрсаткичида эса 100 дан 31 балл олди. Бу ўтган йилгига нисбатан 1 баллга камроқ.

Transparency International халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти 2025 йил якунлари бўйича ўзининг анъанавий Коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. Бу сафар рейтингда 182 та давлатнинг кўрсаткичлари келтирилган.

Ўзбекистон унда 31 балл билан 124-ўринни эгаллади.

Таққослаш учун, Ўзбекистон бу индекснинг 2016 йилги ҳисоботида 21 балл билан 156-ўринда жойлашганди.

Кейинги йиллардаги ўринлар:

  • 2017 йилда 157-ўрин (22 балл); 
  • 2018 йилда 158-ўрин (23 балл);
  • 2019 йилда 153-ўрин (25 балл);
  • 2020 йилда 146-ўрин (26 балл);
  • 2021 йилда 140-ўрин (28 балл);
  • 2022 йилда 126-ўрин (31 балл);
  • 2023 йилда 121-ўрин (33 балл);
  • 2024 йилда 121-ўрин (32 балл).

2025 йил якунлари бўйича коррупция даражаси энг паст Топ-10 мамлакатлар қуйидагилар:

  1. Дания – 89 балл;
  2. Финландия – 88 балл;
  3. Сингапур – 84 балл;
  4. Янги Зеландия – 81 балл;
  5. Норвегия – 81 балл;
  6. Швеция – 80 балл;
  7. Швейцария – 80 балл;
  8. Люксембург – 78 балл;
  9. Нидерландия – 78 балл;
  10. Германия – 77 балл.

Россия ўзининг тарихий антирекордини такрорлаб, 22 балл олган ҳамда Чад, Гондурас ва Зимбабве каби давлатлар билан 157-ўринни бўлишиб турибди.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 96, Қирғизистон 142, Тожикистон 166, Туркманистон эса 167-ўринда жойлашган.

Рейтингни Никарагуа, Судан, Эритрея, Ливия, Яман, Венесуэла, Сомали ва Жанубий Судан каби давлатлар якунлаб берган.

Название

Transparency International’га кўра, Шарқий Европа ва Марказий Осиё дунёдаги энг паст натижа кўрсатадиган минтақалардан бири бўлиб қолмоқда. «Коррупциянинг кенг тарқалишига нисбатан жавобсизлик кўпчилик ҳукуматлар ва уларнинг институтларини эгаллаб олган манфаатдор гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда», – дейилади ҳисоботда.

Маълумотларга кўра, 2025 йилги коррупцияни баҳолаш индекси Шарқий Европа ва Марказий Осиёда заиф институтлар ва демократик орқага қайтиш коррупцияни кучайтираётгани ва фуқаролик майдонини торайтираётганини кўрсатган. Минтақанинг балли 100 дан атиги 34 баллни ташкил этмоқда. Мазкур рақам 19 та давлатнинг 6 тасида сезиларли даражада ёмонлашгани, фақат 7 тасида яхшилангани айтилади.

«Марказий Осиёда репрессия (босим) давом этмоқда. Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролик жамиятини, айниқса нодавлат-нотижорат ташкилотлар (ННТ) учун қийин қонунлар орқали қаттиқ чеклаб келмоқда. Қозоғистонда шунингдек, антикоррупция хизматининг шаффоф бўлмаган тарзда тарқатилиши ва унинг функциялари Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказилиши бўйича хавотирлар кучайган, бу эса мустақиллик, ҳисобдорлик ва назорат масалаларини савол остига қўяди.

Ўзбекистонда расмий ислоҳотлар баъзи ютуқларни берди, аммо коррупцияни очиб берадиган журналистлар ва блогерлар ҳануз таъқиб ёки судга тортилиш хавфи билан юзлашмоқда, бу эса коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини чеклаб қўймоқда», – дейилади Transparency International ҳисоботида.

Эслатиб ўтамиз, Transparency International 1993 йилда Жаҳон банкининг собиқ ходимлари томонидан ташкил этилган, ташкилот Германияда рўйхатдан ўтган. Унинг бош офиси Берлинда жойлашган. Коррупцияни баҳолаш индекси 1995 йилдан буён эълон қилиб келинади.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева

Мавзуга оид