Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сув ости интернет-кабеллари: улар қандай қурилган ва зарар етказиш қандай оқибатларга олиб келади?
Денгизлар остидан ўтган кабеллар Ер юзидаги асосий интернет трафикни таъминлайди ва бу инфратузилмани маълумотлар оқими ҳамда хавфсизликка таҳдид ошиб боргани сайин доимий ривожлантириб бориш керак.
5 март куни интернет фойдаланувчилари бутун дунёдаги ижтимоий тармоқлар ва бошқа интернет сервислар фаолиятида узилишлар кузатилаётганини хабар қилишди. Муаммолар Facebook ва Instagram’да, X (собиқ Twitter), Gmail, «Google хариталар», Google Play, YouTube, TikTok, WhatsApp, Discord ва бошқа сервисларда рўй берди.
Ҳонгконгнинг HGC провайдери Қизил денгизда ҳусийчиларнинг ҳужуми туфайли Asia–Africa–Europe 1, Seacom, TGN ва EIG кабеллларига зарар етказилганини хабар қилди. Компаниянинг баҳолашича, бу интернет трафигининг 25 фоизини қамраб олади.
«РБК Тренди» сув ости кабеллари қандай ишлаши ва уларга зарар етказиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ҳикоя қилди.
* * *
Бугунги кунга келиб, қитъалар сув ости интернет магистраллари билан боғланган. Улар катта маълумотлар массиви сонияларда етказилишини таъминлайди. Бироқ бу кабеллар алоҳида ҳимояга муҳтож, чунки ташқи кучлар таъсирида улар зарарланиши мумкин, инфратузилмадаги туйнуклар эса маълумотларни ўғирлаш имкониятини ҳам яратади.
Сув ости кабеллари нима учун керак ва улар қандай ишлайди?
Замонавий сув ости кабеллари — булар океанлар тубидан ўтувчи оптик толали тизим бўлиб, фотонлар ёрдамида сигналларни шифрланган ҳолатда узатишга мослашган. Айни пайтда бундай кабеллар дунёдаги барча ахборотларнинг 95 фоизини узатишни таъминлайди.
Сунъий йўлдошли алоқа ривожланганига қарамасдан, кабеллар инфратузилмаси ҳам ривожланишда давом этмоқда, чунки улар жуда юқори ўтказиш қобилиятига эга. Ер юзида 550 дан ортиқ сув ости интернет кабеллари бор, уларнинг умумий узунлиги 1,3 млн километр. Замонавий кабеллар бир сония ичида АҚШ Конгресси кутубхонасидаги барча маълумотларни Австралияга узатиш имкониятига эга.
АҚШ ва Буюк Британияни боғлаган илк трансатлантика телеграф кабели 1858 йилда ётқизилган. Ўшанда қиролича Виктория АҚШ президенти Жеймс Бюкененга телеграмма жўнатган, уни етказиш учун 17 соат сарфланган.
Илк қитъалараро оптик толали кабел 1988 йилда Атлантика океани тубига ётқизилган. TAT-8 деб аталувчи бу кабел AT&T, France Telecom ва British Telecom компанияларига тегишли бўлган.
Сув ости кабеллари инфратузилмасининг ривожланиши тўғрисида интерактив харита
Сув ости кабелларининг нозик жойлари
Сув ости кабеллари информацион инфратузилманинг асосий элементи ҳисобланади ва шу боис уларнинг нозик жойлари билан боғлиқ муаммолар дам-бадам бўй кўрсатади. Бундай муаммолар бир нечта.
Механик шикастлар олдида заифлик. Оддий оптик толали кабел мис ва пўлатдан иборат ўтказгичли ички оптик ядро ва қобиқдан иборат. Изоляция учун полиэтилендан фойдаланилади. Бундай кабелнинг диаметри 17–21 мм. Кабеллар махсус кемалар ёрдамида ётқизилади, ётқизиш давомида сув ости плугидан фойдаланилади ва унча чуқур бўлмаган тубга кўмилади. Бу эса инсон ва ҳайвон томонидан осон зарар етказиш мумкинлигига йўл очади. Шунингдек, инфратузилма бутунлигига зилзила, вулқон отилиши, денгизда довул туриши каби табиий офатлар ҳам таъсир ўтказади. Ҳар йили кабелларга зарар етиши билан боғлиқ 100 дан ортиқ ҳолатлар рўй беради.
Махфий эшитиш учун уланиш осон. 1970-йиллар бошида, совуқ уруш бошланишида америкалик ҳарбийлар Охота денгизида советларнинг сув ости кабели орқали узатилган маълумотларни муваффақиятли тутиб олишган. Маълумотлар шифрланишга ўтган бизнинг кунларимизда ҳам махсус хизматлар кабеллар устидан назоратни қўлга киритиши мумкин. 2013 йилда АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги (МХА)нинг собиқ ходими Эдвард Сноуден Американинг AT&T телекоммуникация гиганти билан келишув асосида америкалик махсус хизматлар 200 дан ортиқ кабелга уланиб «эшитиб» ўтиришини сўзлаб берган эди.
Кабеллар айрим ҳудудларда тўпланиб қолган. Гарчи ҳамон кабелларнинг катта қисми АҚШ орқали ўтса-да, МХА билан боғлиқ жосуслик можаросидан кейин айрим давлатлар янги йўналиш бўйича кабел тортиш учун бирлашишган. Яна жаҳон интернет трафигининг 17 фоизи Миср орқали ўтади. Мамлакатнинг бош интернет провайдери Telecom Egypt мамлакат бўйлаб тортилган кабеллар эгаларидан пул олади. Айрим ташаббуслар Хитойнинг технологик гиганти Huawei’нинг монополиясини четлаб ўтишга қаратилган: уни жосуслар учун атай туйнуклар қолдираётганликда гумон қилишган. Huawei Marine бутун дунё бўйлаб 100 га яқин кабелларни тортган ва таъмирлаган.
Таъмирлаш учун инфратузилманинг етарли ривожланмаганлиги. Бутун дунёда 60 тача кабел таъмирловчи кемалар бор, улардан жуда камдан кам фойдаланилади. Боз устига, кемаларнинг аксариятининг ёши 20 йилдан ошган.
Pierre de Fermat кемасида кабел таъмирланиши.
Йирик авариялар ва уларнинг оқибатлари
Интернетсиз қолган давлат. Тинч океанидаги, 100 минг аҳоли истиқомат қиладиган Тонга орол давлати икки марта – 2019 ва 2022 йиллари интернетсиз қоиб кетган. Ҳар икки сафар ҳам оролни қўшни давлат Фижи билан боғловчи сув ости кабели узилиши бунга сабаб бўлган. Биринчи ҳолатда кема лангарини кабел тортилган жойга ташлаб, уни илиб олиб, тортиб узиб юборган. Тонга зудлик билан сунъий йўлдош интернетига ўтишига тўғри келган, орадан кунлар ўтиб муаммо сабаби топилиб, бартараф этилган. Иккинчи марта кабел узилишига вулқон отилиши сабаб бўлган. Ўшанда қироллик бир неча ҳафтага ташқи дунёдан узилиб қолган, чунки кабел таъмирловчи энг яқин кема 4700 км нарида бўлган.
Энг йирик кабелдаги авария. 2022 йил июнида узунлиги 25 минг км бўлган, Ҳонгконг ва Францияни боғловчи Asia–Africa–Europe 1 (AAE-1) кабелида узилиш содир бўлди. Кабел Ҳиндистондан Греция ва Италиягача 20 дан ортиқ давлатни боғлайди. Авария туфайли 100 миллиондан ортиқ киши интернетсиз қолган. Эфиопияда интернет қамрови 90 фоизга тушиб кетган. Google, Amazon ва Microsoft булутли сервислари ишламай қолган.
AAE-1даги узилиш Мисрдаги қуруқлик қисмида содир бўлган. Эҳтимолли сабаб сифатида қўпорувчилик тилга олинган. Бир неча соатдан сўнг уланиш тикланган. Европарламент ўз ҳисоботида бу ҳудудда жумладан денгиз терроризми туфайли интернет фаолиятида кенг кўламли узилишлар хавфи юқори эканини таъкидлаган. Айни пайтда Миср орқали 16 та кабел ўтади ва жаҳон трафигининг 17 фоизи эҳромлар юрти ҳиссасига тўғри келади.
2013 йилда Миср ҳукумати бутун мамлакатни интернет билан таъминловчи SMW-4 кабелини кесган учта ғаввосни ҳибсга олган. Улар кабелнинг бир қисмини ўғирлаб кетиш истагида бўлганини тан олишган.
Шарқдаги авария. 2008 йилда сув ости кабелига зарар етиши натижасида Яқин Шарқ ва Ҳиндистоннинг 75 млн аҳолиси интернетсиз қолган. Аварияга сабаб қилиб лангар муваффақиятсиз ташлангани айтилган. Воқеа тармоқ инфратузилмасига юклама ортишига ҳам олиб келган, чунки жуда катта трафик айланиб ўта бошлаган. Натижада кўплаб сайтлар ва сервислар ишламай қолган.
Компаниялар коллапси. 2006 йилда Осиё шарқидаги 6,7 балли кучли зилзила туфайли Тайван ва Ҳонгконг интернетсиз қолиб кетган. Табиий офат Осиё-Тинч океани кабел тармоғининг 80 фоиз сувости кабелларини ишдан чиқарган. Бу кабеллар Жанубий Кореядан Нидерландияга тортилган SEA-ME-WE-2 линияси бўлиб, Шимолий ва Жанубий-Шарқий Осиёни Европа билан боғлаган. Узилиш туфайли кўплаб тижорий компаниялар зарар кўрган. Ҳонгконг ва Сингапурдаги кўплаб қимматбаҳо қоғозлар билан савдо қилувчилар котировкалардан бехабар қолиб кетиб, буюртмаларни бажара олмаган, дилерлар эса ахборот олиш учун халқаро етказиб берувчиларга улана олмай қолишган.
Муаммони бартараф қилиш йўллари
Янги магистраллар. Сунъий йўлдошли интернет ривожланиши ҳозирча кабеллар ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шу сабабли давлатлар ва компаниялар янги ҳудудларни боғлайдиган, инфратузилма тўпланган марказлар кўпроқ бўлиши учун янада тарвақайлаган кабеллар тармоғини яратиш устида бош қотиришмоқда.
2022 йил кузида Google компанияси Ғарбий Европани Жанубий Африка билан боғлаган Equiano сув ости кабелини ётқизди. 15 минг км узунликка эга кабел Африка қитъасига тортилган кабеллар ичида энг юқори ўтказиш қобилиятига эга — 150 Тбит/с. У Португалиядан Африканинг ғарбий қирғоқлари бўйлаб ЖАРнинг Мелкбосстранд шаҳригача тортилган. Equiano йўл-йўлакай бошқа давлатларга ҳам уланган бир нечта тармоқларга эга. Келгуси кабелга яна бошқа давлатларни улаш кўзда тутилган. Шундай қилиб, бу Мисрни четлаб ўтган Африкадаги илк кабел бўлиб турибди. Шунингдек, Google Қизил денгиз орқали Ҳиндистон ва Францияни боғловчи Blue ва Raman кабелларини ётқизишни мўлжалламоқда.
2022 йил кузида Google АҚШ, Буюк Британия ва Испаниянинг тармоқ инфратузилмасини боғлаган Grace Hopper кабелини ҳам ётқизди. Кабел Ню-Йоркдан Британиянинг Корнуолл графлигидаги Бюд шаҳригача тортилган, унинг бир тармоғи Испаниянинг Билбао шаҳрига йўналган.
Шунингдек, Google Канаданинг Ванкувер шаҳридан Тинч океани тубидан Япониянинг Миэ ва Ибараки шаҳарларигача Topaz кабелини тортмоқда.
Topaz лойиҳаси (Видео: YouTube)
Meta ҳам 2Africa Pearls кабели лойиҳасини амалга оширмоқда. У Европа, Осиё ва Африкани боғлайди. Кабелнинг умумий узунлиги 45 минг километрдан ортиқ бўлади ва бу жаҳон рекордига яқин. Кабелга уланиш нуқталари Ўмон, БАА, Қатар, Баҳрайн, Кувайт, Ироқ, Покистон, Ҳиндистон ва Саудия Арабистонида бўлади. Африка давлатлари эса кўндаланг уланиш билан боғланади.
AzerTelecom ва «Қазақтелеком» телекоммуникация компаниялари Digital Silk Way лойиҳаси доирасида Каспий денгизи остидан ўтувчи Транскаспий оптик толали кабелни тортиш бўйича келишув имзолашган. Унинг мақсади Европа ва Марказий Осиё ўртасида ишончли алоқа яратишдан иборат.
Far North Fiber консорциуми узунлиги 17 минг км бўлган жаҳондаги илк Арктика кабелини тортиш учун дастлабки инвестицияларни олган. Far North Fiber’да АҚШнинг Far North Digital, Япониянинг Arteria Networks ва Финландиянинг Cinia компаниялари иштирок этмоқда. Янги линия Европа, Осиё ва Шимолий Американи боғлайди. Кабел Гренландия, Канада ва Аляска орқали Европа ва Японияни боғлайди, Норвегия, Финландия ва Ирландияни қамраб олади. Лойиҳа 2026 йил сўнгига қадар якунланиши кутилмоқда.
Аварияларнинг олдини олиш ва таъмирлаш тизимлари
Кемалар билан боғлиқ авариялар сонини камайтириш учун уларга кабелларга хавфли масофада яқин келинганини билдирувчи сенсорлар ўрнатилади. Таъмирловчи кемалар эса энг сўнгги ускуналар билан жиҳозланади. Кабелларга хизмат кўрсатувчи Франциянинг Optic Marine компанияси 2022 йилда CS Cable Vigilance кемасини ишга туширди. Унинг саҳнида сув ости пилотсиз бошқарилувчи қурилмаси бор.
Бир вақтнинг ўзида узилишлардан огоҳлантирувчи тизимлар ҳам модернизация қилинади. Масалан, Австралиянинг Telstra компанияси Always On тизимидан фойдаланмоқда, у муаммо пайдо бўлиши билан интернет трафикни бир кабелдан иккинчисига ўтказиб юборади. Бу эса интернет алоқасини тиклаш вақтини 8 соатдан ярим соатгача қисқартиради.
Буюк Британия эса кўпмақсадли разведка кемаси ишлаб чиқаётганини эълон қилди, у ҳарбий-денгиз кучлари ва мудофаа вазирлигига сув ости телекоммункацион инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беради. Кема энг илғор датчликлар ҳам масофадан туриб бошқариладиган автоном сувости дронлари билан жиҳозланади. У шу йил ичида сувга туширилади.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар
Бошқа мамлакатлар томонидан жосуслик йўлга қўйилишидан чўчиган айрим давлатлар кемаларни назорат қилишнинг янги қоидаларини жорий этмоқда. 2020 йилда АҚШнинг алоқа бўйича федерал комиссияси энг муҳим интернет кабелларни рақобатлашилаётган давлатлардаги хизмат кўрсатиш станциялари билан текшириб кўришни таклиф этди. Бу АҚШ ва Хитойни боғловчи тўртта кабелдир. Назорат идорасининг фикрича, текширувлар бошқа давлатлар трафикни блоклаши ёки тутиб ололмаслигини кафолатлайди.
2021 йилда Австралия, Буюк Британия ва АҚШ уч томонлама AUKUS мудофаа алянси тузди. Алянс Жанубий Хитой денгизининг баҳсли ҳавзасида Хитойнинг таъсирига қарши, шунингдек минтақадаги сув ости инфратузилмасини ҳимоялашга қаратилган. Энди бу мамлакатлар «киберимкониятлар, сунъий интеллект, квант технологиялари ва қўшимча сув ости имкониятлари» соҳасида ҳамкорлик қилишмоқда.
Мавзуга оид
15:23 / 31.08.2025
Ҳусийчилар раҳбари Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлди
07:57 / 10.07.2025
Германия Хитойни Қизил денгиздаги лазер ҳужумида айблади
18:46 / 09.07.2025
Яман соҳилларида ҳужумга учраган кема чўкиб кетди
20:17 / 09.05.2025