Ўзбекистон | 14:00 / 18.12.2017
18830
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар учун янги имтиёзлар: янги қабул қилинаётган расмий ҳужжатларда нималар дейилган?

Фото: Fotolia

Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деган тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Шу ўринда импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, дейилади Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати томонидан KUN.UZ’га тақдим этилган мақолада.

Хусусан, ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини ошириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 2017 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3351-сон қарори қабул қилинганди.

Қарорга асосан:

  • 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб, хизматларни (ишларни) экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати (120 кун) белгиланган;
  • тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредетив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз экспорт қилиш ҳуқуқи берилган;
  • ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлиги белгиланган;
  • республика божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиш ва шу билан бирга «вақтинча олиб кириш» божхона режимидаги товарларни қайта экспорт қилишга давлат божхона хизматлари органлари томонидан рухсатнома бериш талаблари бекор қилинган;
  • 2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни, ишлар ва хизматларни экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилган;
  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тезлаштириш, божхона расмийлаштириш жараёнида ахборот технологиялари самарадорлигини ошириш мақсадида, сертификатлаш ва рухсат берувчи органлар зиммасига рухсат берувчи ҳужжат маълумотларини «Ягона дарча» унификациялаштирилган ахборот тизимига ўз вақтида тўлиқ киритилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.

Барчамизга маълумки, мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талаб дунё бозорларида ҳеч қачон сусаймаган.

Айниқса, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари нафақат юртимиз бозорларида, балки халқаро бозорларда ҳам ўз харидорларига эга бўлиб, маҳсулотларимизга бўлган талаб кундан кунга ортиб бормоқда.

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига саноат маҳсулотларини, ўзлари етиштирган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишлари учун янада қулайлик яратиш мақсадида, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан яна бир ҳужжат - «Мева-сабзавот, узум, полиз ва дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, қуритилган сабзавотлар ва мевалар маҳаллий экспорт қилувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-3377-сон қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан:

  • тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
  • мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун божхона юк декларацияси маҳсулотларни кўздан кечириш далолатномаси тузилгандан сўнг 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши белгиланган.
  • қарорда Ўсимликлар карантин давлат инспекцияси томонидан мева-сабзавот ва тез айнийдиган маҳсулотларни экспорт қилиш учун экспорт қилувчи зарур ҳужжатларни тақдим этган вақтдан бошлаб бир иш кунидан ошмайдиган муддатда сертификатлар берилиши белгилаб қуйилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қабул қилинаётган Фармон ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик фаолияти кўламини кенгайтиришга, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда кичик бизнес субъектларининг фаол иштирок этишлари учун қулай шарт-шароитларни яратишга, уларни мамлакат тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида шаклланишига ва иқтисодиётдаги улушини янада кўпайишига хизмат қилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид