00:39 / 02.05.2020
18088

Кўнгилли гуруҳлар Сардобадаги тошқиндан жабр кўрганларга кўмак акциясини ташкил этмоқда

2020 йил синовларга бой бўлди. Сирдарё вилоятидаги тошқинлар ҳам шубҳасиз халқимиз учун навбатдаги имтиҳон бўлмоқда.

1 май куни Тошкентдаги бир гуруҳ кўнгиллилар тезкорлик билан «Сирдарёликларга ёрдам» гуруҳи остида уюшдилар ва ташкил қилинган телеграм каналга қуйидагича эълон жойлаштирилди:

«Тошкент шаҳрида яшовчи автомобили бор фуқаролар диққатига!

 Биз, бир гуруҳ кўнгиллилар Сирдарёда сув тошқинидан жабр кўрганларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бермоқчимиз! Hyatt Regency меҳмонхонаси олдида 08:00да кўришамиз, 10:00да йўлга чиқамиз. Ёрдам бериш истагида бўлганлар учун пластик карта: 8600 5304 2934 0725» (Mukadamov Bobir)

Kun.uz мухбири акция ташкилотчиларидан бири – фейсбукдаги «Портал молодежи» гуруҳи ва юқоридаги телеграм канал асосчиси Бобир Мукадамов билан боғланди.

«Ҳаммаси оддийгина ташаббусдан бошланганди. Сирдарёдаги вазиятни кўриб, ёрдам бериш истаги туғилди. Кейин дўстларимизни жалб қилдик ва кўпчилик ёрдам бериш ниятини билдирди.

Айни пайтда кеч бўлишига қарамай гуруҳ аъзолари кўпайиб бормоқда ва ҳамма имкон қадар ўз ҳиссасини қўшишни ният қилган.

Масалан, Рома исмли иштирокчи 100 кг гуруч, 100 кг ун, 100 кг гречка, 50 литр ёғ, 100 кг шакар ва яна шунча макарон етказишини билдирган.

Кўпчилик фаоллик билан пластик карталарга маблағ ўтказиб бераётган бўлса, Ҳикмат исмли яна бир кўнгилли ўзининг юк автомобили билан беғараз хизмат кўрсатиш ниятида», дейди Мукадамов.

Акцияга қўшилиш ниятидагилар +99890 9999960 рақами орқали ташкилотчилар билан боғланишлари мумкин.

Фаол блогер Ақида Хоним бошчилигидаги «Покиза инсонлар» гуруҳи 200 кишига озиқ-овқат етказиш ниятида эканлигини маълум қилган.

Бу гуруҳ акциясига ҳисса қўшиш истагида бўлганлар +99899 8143008 телефон рақами орқали боғланишлари, 8600 0329 1871 4593 (Maxirova Akida) пластик карта рақамига маблағ ташлашлари мумкин.

Шунингдек, «Севимли» телеканали қошида ҳам кийим-кечаклар тўпланмоқда. Боғланиш учун: +998903478700

Kun.uz ижодий жамоаси ҳам бу хайрли ишга бош қўшган ҳолда кўнгиллилар билан бирга сафарга чиқиш ва акцияларни батафсил ёритишни мўлжалламоқда.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top