Ўзбекистон | 20:40 / 21.04.2026
2122
4 дақиқада ўқилади

Реновация қонуни: мулкдорлар ҳуқуқи тўлиқ таъминланадими?

Ўзбекистонда эскирган кўп квартирали уйларни бузиб, ўрнига янгиларини қуришга оид қонун имзоланиш арафасида турибди. 80 фоиз мулкдорнинг розилиги ҳақидаги модда – бу қонуннинг энг муҳокамали жиҳатларидан бири. Kun.uz ташкил этган суҳбатда Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, 80 фоизлик норма бошқа масалага оид; бузиш бошланишидан олдин 100 фоиз мулкдор билан келишилиши шарт.

Куни кеча Урбанизация қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев реновация жараёнлари ҳақида гапираркан, бунинг учун 80 фоиз мулкдорларнинг розилиги етарли бўлишини айтиб ўтди. Бу рақам Сенат маъқулловидан ўтган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунда ҳам кўрсатилган.

Айни мавзу юзасидан Kun.uz ташкил қилинган суҳбатда Адлия вазирлиги вакили бу масалага қўшимча аниқлик киритди. Вазирликнинг Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бошлиғи Хидирали Содиқовнинг айтишича, 80 фоиз розилик – бу фақат реновация таклифи кейинги босқичга ўтиши учун керак. Реновацияни амалга оширишда эса 100 фоиз мулк эгаларининг розилиги олиниши белгиланган.

“Бу ерда тушунмовчилик бўлди, яъни 80% бу фақатгина таклиф ўтиши учун керак, розилик эса 100% олинади. Бирор одам уйи бузилаётганидан норози бўлса, бузиб юборилмайди-ку. Ҳужжат Сенатда ўзгариб қолдими, деган фикрлар ҳам бўляпти, ахир бу имконсиз. Сенат қонун лойиҳасини ўзгартиролмайди, ё қабул қилади ёки қайтаради”, дейди у.

Ҳидирали Содиқов реновация қонунида белгиланган 80 фоизлик чегара – қолган 20 фоиз мулкдорларнинг мулк ҳуқуқига зидлиги ҳақида гапираркан, ушбу нормани Конституциянинг 21-моддаси билан асослади. Бу моддага кўра, инсон ўз ҳуқуқларини (бу ўринда, мулк ҳуқуқини) амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.

“Айталик, сиз авария ҳолатида деб топилган кўп қаватли уйда турасиз. Сиз “йўқ, мен шу уйда яшайман, бу менинг мулким” деганингиз билан, бўлмайди. Эртага бирор нарса бўлса, қўшни хонадондаги уйларга ҳам зарар етади. Яъни сиз ўз мулк ҳуқуқингиздан фойдаланишингиз – бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказмаслиги керак”, – дея тушунтирди адлия расмийси.

Суҳбатда қатнашган Урбанизация қўмитаси вакилларига кўра, реновацияга тушган хонадонлар мулкдорларига компенсация бозор баҳоси асосида тўланади.

“Ҳамма нарсанинг баҳоси бор, мустақил мулкни баҳолаш компаниялари ишлайди ва нархни чиқаради. Кўп уй-жой эгалари қиммат нархда келишув қилгиси келади, лекин халқаро тажрибани ҳам унутмаслик керак”, дейди қўмита бошқарма бошлиғи Артём Крескас.

Шаҳарсоз Муродхон Усмонов реновацияни чуқур таҳлил билан олиб бориш ва муҳандис тармоқларига юкламани инобатга олиш кераклигини урғулади.

“Аввало, таҳлил қилиб, мутахассисларга қулоқ тутиш керак. Масаланинг муҳандислик жиҳатлари эътибордан четда қолмаслиги зарур. 3 қаватли бинони бузиб, ўрнига 10 қаватли уй қуриш – мавжуд муҳандислик тармоқларига умуман тўғри келмайди”, дейди у.

Шаҳарсознинг қўшимча қилишича, реновация шаҳарнинг умумий қиёфасига қандай таъсир қилиши – энг муҳими.

Фикр билдирганларнинг қўшимча қилишича, реновациянинг асосий мақсади – олдингидан қулай, замонавий, баҳаво ҳамда илғор ечимлар билан қурилган бино-объектларни барпо қилиш бўлиши керак.

Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид