Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истеъмолчилар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади
Янги Наманган тумани Янги замин маҳалласида чиқиндилар бир неча ойдан бери олиб кетилмаётган эди. Чорасиз қолган аҳоли вакиллари уларни машинага юклаб, “Musaffo iqlim” МЧЖ қаршисига ташлаб кетди. “Бу биринчиси эмас, ўтган йили декабрда ҳам кўчада ойлаб қолиб кетган чиқиндиларни офислари қаршисига ташлаб кетган эдик. Шу воқеадан кейин натижа бўлганди”, дейди Kun.uz билан суҳбатда маҳалла оқсоқоли.
Янги замин маҳалласида яшовчи Илҳом Мамасолиевга кўра, чиқинди ойлар давомида олиб кетилмагани ортидан атрофда чиқинди уюмлари ҳосил бўлган.
“25 март куни сафардан қайтдим. Келсам, эшигимнинг таги чиқиндихонада бўлиб кетибди... Асабим бузилди. Бир неча ойлардан бери маҳалламиздан чиқинди олиб кетилмаган эди.
Нима қилишни билмай, 90 ёшга бориб қолган қўшним Ҳакимжон отани чақирдим. Унинг “Москвич” машинасига бир нечта қопдаги чиқиндиларни юклаб, “Musaffo iqlim” МЧЖ идораси қаршисига бориб тўкдик. Кейин бу лавҳани Instagram ва Facebook'даги шахсий профилимга жойладим.

Чиқиндиларни ағдаришдан аввал идорасига кириб, дардимизни айтдик ҳам. Лекин улар мурожаатимизга эътибор ҳам беришмади. Иложсизликдан шу ишни қилдик-да. Бунинг ортидан натижа бўлди, албатта. Мана бўлар экан-ку.
Маҳалламиз “Musaffo iqlim” МЧЖ билан шартнома қилган. Хизмат кўрсатиладими-йўқми, фарқи йўқ, тўлов қилмасак қарздорлик ёзилади.
Чиқиндиларни олиб кетинглар деб, салкам 6-7 ойдан бери мурожаат қиламиз. Тарқаган лавҳадан кейин: “Биз аҳолига хизмат кўрсатганмиз, хизмат кўрсатилган пайтда шу икки фуқаро хонадонда бўлмаган”, дея ёлғон муносабат беришди. Майли, энди нима ҳам деймиз? Айб бизда экан-да. Айбни ўзимизга ағдаришди”, – дейди Илҳом Мамасолиев.
“Комби”машинасига чиқинди юклаган Ҳакимжон ота Аҳмедов 2025 йилнинг декабр ойида ҳам чиқиндиларни йиғиб, идора эшиги ёнига ташлаб кетганини айтади.
“Чиқинди хизмати учун шартнома қилганмиз. Бир ойда тўрт марта чиқиндини олиб кетишлари керак. Лекин улар ҳар хил баҳоналар билан бир ойда икки марта келамиз дейишди. Унга ҳам рози бўлдик.
2025 йилда ҳам чиқинди тўпланиб кетиб, ҳаммаёқ бадбўй ҳидга тўлган эди. Ўшанда ҳам мана шу “Комби”машинамга юклаб, идора ёнига ташлаб келган эдик. Бу сафаргисида имкон бўлмади, бормаган жойимиз қолмади. Ички ишларга мурожаат қилмадик холос. Ҳокимиятгача чиқдик.
Аслида пулни автоматик равишда олишаверади, лекин хизмат кўрсатишмайди. Охирги марта январ ойида келишган. Шу бўйича тўхтаган. Феврал ўтди келмади, март ўтди келмади. Ҳамма жойни чиқинди босиб кетди. Ўша куни қўшним Илҳомжон билан тармоқларда тарқаган ишни қилдик. Бошқа иложимиз қолмаганди.
Тўкишдан аввал идорасига кириб, дардимизни айтсак, ҳеч ким писад қилмади-да бизни. Чиқинди машинаси келмаса, мана “Москвич”им хизмат қилади. Чиқиндини олиб кетишмаса, яна олиб бориб тўкиб келамиз”, – дейди Ҳакимжон ота Аҳмедов.
Ҳолатга изоҳ олиш учун “Мусаффо иқлим” МЧЖнинг ҳудудий раҳбари Абдулбоқий Мақсудов ва маиший чиқиндиларни ташиш хизмати назоратчиси Қобил Саидов билан телефон орқали мулоқот қилдик. Улар қишдаги метан муаммоси ва махсус машиналар таъмирда бўлиб қолгани каби сабаблар туфайли хизмат кўрсатишда узилишлар бўлганини билдирди.
Наманган вилояти ҳокимлиги 1 март куни берган хабарида, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов “Мусаффо иқлим” МЧЖ фаолияти билан танишгани, тизимга янги инвестор жалб этилгани айтилган.
Хабарда айтилишича, “Мусаффо иқлим” МЧЖ – Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманларида истиқомат қилувчи 964 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Хизмат ҳудудида 17 812 нафар юридик шахс фаолият юритади, шундан 4 516 таси айнан ушбу ташкилот билан чиқиндиларни олиб кетиш бўйича шартнома тузган.
Тасвирга олиш жараёнида Янги Наманган туманининг Исломобод маҳалласида яшовчи фуқаролар ҳам бир неча ойдан бери чиқинди олиб кетилмаётганидан шикоят қилишди. Уларнинг айтишича, чиқинди хизмати учун тўлов ойма-ой қилинади, лекин шунда ҳам хизмат кўрсатилмайди.
“Чиқинди хизмати учун тўловни вақтида амалга оширамиз, яна кўчада тўпланиб уюм бўлиб ётган қопларни олиб кетиш учун ҳам алоҳида пул йиғиб, машина ёллаб уларни бир жойларга ташлаб келамиз”, дейди маҳалла аҳолиси.
Мавзуга оид
21:00 / 28.03.2026
Наманганда эксперимент учун электр абонентлари ва солиқ тўловчилар бир-бирига боғлаб чиқилди
20:03 / 26.03.2026
Наманганда 150 млн долларлик туристик мажмуа қурилади
12:23 / 25.03.2026
Тошкент вилоятида чиқинди тарифлари ошади
08:40 / 23.03.2026