Янги Наманган тумани Янги замин маҳалласида чиқиндилар бир неча ойдан бери олиб кетилмаётган эди. Чорасиз қолган аҳоли вакиллари уларни машинага юклаб, “Musaffo iqlim” МЧЖ қаршисига ташлаб кетди. “Бу биринчиси эмас, ўтган йили декабрда ҳам кўчада ойлаб қолиб кетган чиқиндиларни офислари қаршисига ташлаб кетган эдик. Шу воқеадан кейин натижа бўлганди”, дейди Kun.uz билан суҳбатда маҳалла оқсоқоли.
Янги замин маҳалласида яшовчи Илҳом Мамасолиевга кўра, чиқинди ойлар давомида олиб кетилмагани ортидан атрофда чиқинди уюмлари ҳосил бўлган.
“25 март куни сафардан қайтдим. Келсам, эшигимнинг таги чиқиндихонада бўлиб кетибди... Асабим бузилди. Бир неча ойлардан бери маҳалламиздан чиқинди олиб кетилмаган эди.
Нима қилишни билмай, 90 ёшга бориб қолган қўшним Ҳакимжон отани чақирдим. Унинг “Москвич” машинасига бир нечта қопдаги чиқиндиларни юклаб, “Musaffo iqlim” МЧЖ идораси қаршисига бориб тўкдик. Кейин бу лавҳани Instagram ва Facebook'даги шахсий профилимга жойладим.

Чиқиндиларни ағдаришдан аввал идорасига кириб, дардимизни айтдик ҳам. Лекин улар мурожаатимизга эътибор ҳам беришмади. Иложсизликдан шу ишни қилдик-да. Бунинг ортидан натижа бўлди, албатта. Мана бўлар экан-ку.
Маҳалламиз “Musaffo iqlim” МЧЖ билан шартнома қилган. Хизмат кўрсатиладими-йўқми, фарқи йўқ, тўлов қилмасак қарздорлик ёзилади.
Чиқиндиларни олиб кетинглар деб, салкам 6-7 ойдан бери мурожаат қиламиз. Тарқаган лавҳадан кейин: “Биз аҳолига хизмат кўрсатганмиз, хизмат кўрсатилган пайтда шу икки фуқаро хонадонда бўлмаган”, дея ёлғон муносабат беришди. Майли, энди нима ҳам деймиз? Айб бизда экан-да. Айбни ўзимизга ағдаришди”, – дейди Илҳом Мамасолиев.

“Комби”машинасига чиқинди юклаган Ҳакимжон ота Аҳмедов 2025 йилнинг декабр ойида ҳам чиқиндиларни йиғиб, идора эшиги ёнига ташлаб кетганини айтади.
“Чиқинди хизмати учун шартнома қилганмиз. Бир ойда тўрт марта чиқиндини олиб кетишлари керак. Лекин улар ҳар хил баҳоналар билан бир ойда икки марта келамиз дейишди. Унга ҳам рози бўлдик.







