Иқтисодиёт | 09:18 / 22.08.2021
26947
3 дақиқада ўқилади

“Маъмурий ва давлат хизмати ислоҳотларига катта эҳтиёж бор” — Сардор Умрзоқов

Бош вазир ўринбосари тизимли муаммоларга учта ечимни кўрсатди: административ реформа, давлат хизмати ислоҳоти ва бюрократияни камайтириш.

Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов ОAВга берган интервьюсида тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Тадбиркорларнинг бир марталик муаммоларини ечиш билан овора бўлиб, қилаётган ишимизни фақат шунга йўналтирсак, бу муаммолар ҳеч қачон тугамайди. Бу кичик муаммолар ортида тизимли муаммолар ётибди. Тизимли масалалар жуда кўп. Ўзимизга хулоса қиляпмиз. Ўзбекистонда жуда кўп ислоҳотлар қилинди, лекин масалан маъмурий ислоҳот ҳали қилинмади, бунга жуда катта эҳтиёж бор.

Давлат хизмати ислоҳотини ҳам давом эттириб, мазмун жиҳатдан якунига етказишимиз керак. Мана шунинг ўзи – жуда кўп масалаларнинг ечими.

Учинчидан, биздаги қоғозбозлик тизими. Биз кўпроқ инсон омилини бартараф этиб, электрон шаклда давлат ёки ҳукумат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни янги форматга олиб чиқишимиз керак. Инсон омили қанча кўп бўлса, фуқаролар маълумотнома ёки рухсатнома каби ҳужжатларни олишда давлат хизматчилари билан қанча кўп юзма-юз келадиган бўлса, бу – кўпроқ муаммо ва бюрократия, афсуски, коррупция ҳолатларига олиб келиши мумкин. Шунинг учун мана шу йўналиш бўйича ҳам ишлаш керак”, – таъкидлади Умрзоқов.

Эслатиб ўтамиз, давлат ишига киришда очиқ танлов ва мансаб поғоналаридан кўтарилишда меритократияни белгиловчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2021 йил 1 сентябргача ишлаб чиқилиши белгиланган.

Ҳукумат аъзоси яширин иқтисодиёт масаласига ҳам тўхталди.

“Хуфиёна иқтисодиёт билан курашиш деган гапимиз бор. Менга қўйиб берсангиз, у билан курашиш керак эмас. Aгар тадбиркор ҳақиқатан хуфиёна иқтисодиётга ўтиб кетаётган бўлса, демак, ҳукумат сифатида бизнинг вазифамиз – бунинг сабабларини чуқур ўрганиб, тадбиркорларга хуфиёна ишлагандан кўра расмий форматда ишлаш манфаатлироқ бўлишини таъминлаб бериш бўлиши керак.

Биз фақатгина чора кўриш, жазолаш билан, қўпол бўлса ҳам айтаман, 25 йил вақтимиз ўтиб кетди. Лекин ҳеч қандай ижобий натижага эришмадик. Бу борада дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришимиз кераклигини бора-бора тушуняпмиз”, – деди бош вазир ўринбосари.

Мавзуга оид