Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Орешник” орқали айтилган гап: Россия нимадан хавотирда? | “Геосиёсат”
Россиянинг “Орешник” ракетаси билан берган зарбаси жанг майдонидан ташқарида ҳам акс садо берди. Таҳлилчиларга кўра, дунё Россиянинг ядровий қудратини яхши билади. Москванинг асосий таянчи иқтисодиёт ёки демография эмаслиги ҳам аён. Шундай фонда Путиннинг “Орешник”ни яна ишга солиши Москванинг асабийлигидан дарак беради. Бироқ барча таҳлилчилар ҳам бир хил фикрда эмас.
Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар ушбу мавзуга турлича позициядан назар солишди.
Россиянинг “Орешник” зарбаси фронт ва дипломатик майдонда нимани ўзгартирди?
Бектош Бердиев: Воқеалар ривожига эътибор қаратилса, зарбадан кейинги куни Лвив шаҳри мэри Андрей Садовий ўзининг Тelegram-каналида баёнот билан чиқди. Унга кўра, ракета тахминан 13 минг километр тезликда учган ва “ўта юқори тезликка эга” бўлган. Садовийнинг таъкидлашича, ушбу ракетани тутиб қолиш амалда имконсиз бўлган. Зарба Лвив вилоятида, НАТО ва Европа Иттифоқи чегараларидан қарийб 70 километр масофада жойлашган ҳудудга йўналтирилган. Шундан сўнг Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти ҳам расмий маълумот берди. Унга кўра, зарбалар минтақа учун муҳим бўлган танқидий инфратузилма объектларига қаратилган. Россиянинг асосий нишони йирик газ сақлаш мажмуаси бўлган, бироқ у тўлиқ вайрон қилинмаган. Шунга қарамай, бошқа муҳим объектлар ишдан чиққан ва айрим ҳудудларда газ таъминотида узилишлар юзага келган. Россия томони бу ҳужумни Новгород вилоятидаги Владимир Путиннинг резиденциясига қилинган дрон зарбасига жавоб сифатида талқин қилди. Украина эса бу изоҳни рад этди. Киев расмийлари мазкур ҳужумни тинчлик музокараларига тайёргарлик жараёнида Россиянинг атайлаб кескинликни оширишга қаратилган ҳаракати сифатида баҳолади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақириш ниятини билдирди. Дипломатик майдонда бу воқеа Европада жиддий резонанс уйғотди. Жумладан, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича етакчи вакилларидан бири Кая Каллас интервюсида “Орешник” ракетаси билан амалга оширилган зарбани Россия томонидан тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг қўпол бузилиши сифатида баҳолади. Шу билан бирга, экспертлар бу ҳужум орқали Москва икки асосий сигнални беришга ҳаракат қилганини таъкидламоқда. Биринчидан, Россия НАТО ва Европа Иттифоқи чегараларига яқин ҳудудларга ҳам зарба бера олиш имкониятига эга эканини кўрсатди. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябр ойида Днепр йўналишида “Орешник” ракетасидан илк бор фойдаланилган ва Владимир Путин бу ракетанинг 1000 километрдан 5500 километргача бўлган масофага зарба бера олишини маълум қилган эди. Иккинчидан, бу ҳужум Россиянинг ҳарбий салоҳияти ҳануз юқори эканини намойиш этишга қаратилган сиёсий-психологик хабар сифатида талқин қилинмоқда. Кўплаб таҳлилчиларга кўра, Украинанинг Европага яқин ички ҳудудларига берилган зарба Европа давлатларига ҳам билвосита огоҳлантириш бўлиб, “Россия ҳали ҳам етарли қудрат ва имкониятларга эга” деган сигнални ўз ичига олади.
Шуҳрат Расул: Ҳозиргача “Орешник” ракетаси атиги бир неча марта қўлланган. Охирги учиришдан олдинги ҳолат тахминан бир йил аввал содир бўлган. Шундан буён бу қуролдан фойдаланилмагани Россия ихтиёрида унинг сони чекланганини кўрсатади. Ўша пайтдаёқ мутахассислар Россия арсеналида “Орешник” ракеталарининг сони кўпи билан тўрт-беш дона бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Оралиқ даврда Украина томони Капустин Яр полигонида жойлашган “Орешник” ракеталаридан бири учириш жараёнида диверсия йўли билан портлатилганини маълум қилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ракеталарнинг катта захираси мавжуд эмаслиги аён. Владимир Путин бир неча бор “Орешник” ракеталари серияли ишлаб чиқарилаётганини таъкидлаган. Бироқ “серияли ишлаб чиқариш” ҳақидаги баёнотлар реал саноат қувватлари билан мос келмайди. Ҳатто ишлаб чиқариш йўлга қўйилган тақдирда ҳам, Россия саноати йилига кўпи билан етти-саккиз дона шундай ракета ишлаб чиқара олиши мумкин. Сабаби бу қурол ниҳоятда қиммат ва технологик жиҳатдан мураккаб. Оддий ядросиз вариантининг баҳоси тахминан 40–50 миллион долларни ташкил этади. Агар ракета ядро каллаги билан жиҳозланса, унинг умумий қиймати 100 миллион доллардан ҳам ошади. Техник таснифига кўра, “Орешник” ўрта ва узоқ масофага учувчи ракеталар синфига киради. Унинг парвоз масофаси 500 километрдан 5500 километргача етади. Совет Иттифоқи даврида шу тоифага мансуб SS-20 ракеталарининг аналоглари мавжуд бўлган ва улардан қарийб 1800 дона ишлаб чиқарилган эди. Ҳозирги Россия саноати эса на молиявий, на технологик жиҳатдан шундай миқёсдаги ишлаб чиқаришни таъминлай олмайди. Бу шуни англатадики, Россия бугунги шароитда стратегик қуролланиш пойгасида АҚШ ёки НАТО билан тенг рақобатлаша олмайди. Мамлакат иқтисодий аҳволи оғир, саноат базаси эса Совет давридаги даражадан кескин пасайган. Ҳатто етарли маблағ мавжуд бўлган тақдирда ҳам, технологик чекловлар сабаб кўплаб мураккаб қуролларни қайта ишлаб чиқариш имконсиз. Россия бу зарба орқали нимани кўрсатмоқчи эди? Россия Давлат Думасидаги депутат, генерал Андрей Гурулёв бир муддат аввал Россия танкерларининг Европада ҳибсга олиниши ортидан очиқ таҳдид билан чиққан эди. У “Орешник” ракетаси билан Европанинг бир неча пойтахтларига, жумладан, Лондон ва Парижга зарба бериш кераклигини айтиб, кескин риторика қўллаган. Бу баёнот жамоатчиликда кенг резонанс уйғотган эди. Шунга қарамай, Россия расмийлари сўнгги зарбани Европага қарши бевосита таҳдид сифатида эмас, балки Новгород вилоятидаги Владимир Путин резиденциясига қилинган ҳужумга жавоб сифатида изоҳлади. Бу эса Москванинг реал имкониятлари ва берилаётган сиёсий сигналлар ўртасида жиддий тафовут мавжудлигини кўрсатади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:24 / 02.04.2026
🔴 LIVE: Хитойнинг таклифи ва НАТОдаги парчаланиш | "Геосиёсат"
15:05 / 31.03.2026
🔴 LIVE: Трампга қарши намойишлар ва Эрон атрофида кескинлик | "Геосиёсат"
15:05 / 30.03.2026
Ҳусийчилар омили: Исроил янги фронт очадими?
23:04 / 28.03.2026