Жаҳон | 23:04 / 28.03.2026
3247
7 дақиқада ўқилади

Трампнинг таҳдиди ва Эроннинг зарбаси. Урушдаги сўнгги воқеалар

Доналд Трамп бошчилигидаги АҚШ Эрон атрофида ҳарбий босимни кучайтирар экан, расмий Теҳрон ҳам жавоб чораларини тайёрламоқда. Сўнгги 24 соат ичида ракета зарбалари, зиддиятли баёнотлар ва яширин музокаралар ҳақидаги хабарлар кенг ёйинланди. Видеода минтақадаги энг муҳим сўнгги воқеалар қисқа шаклда жамланди.

“Султон” авиабазасига зарба

Эрон ракета ва дронлар билан Саудия Арабистонидаги “Шаҳзода Султон” авиабазасига зарба берди ва АҚШнинг бир нечта ёнилғи қуйиш самолётларига зарар етказди. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда авиабазадаги АҚШнинг 3 та KC-135 ёнилғи қуйиш самолёти вайрон бўлган ёки шикастлангани кўринади.

CBS маълумотларига кўра, зарба туфайли ўн нафар америкалик ҳарбий жароҳат олган. 27 мартдаги ҳужум – Эрон томонидан ушбу базага қилинган иккинчи зарба бўлди.

Трамп баёнотлари

Доналд Трамп Эроннинг энергетика объектларига зарбани 10 кунга кечиктириб, шу даврда Теҳрон билан музокараларнинг янги босқичини бошламоқчи эканини билдирди. У 26 март куни Truth Social'да ёзишича, қарор “Эроннинг илтимосига кўра” қабул қилинган.

Трампга кўра, томонлар ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича “жуда яхши” музокаралар давом этмоқда. Эрон эзгу ният белгиси сифатида Покистон байроғи остидаги 10 та нефт танкерини Ҳўрмуз бўғози орқали ўтказиб юборди, деди АҚШ президенти.

Лекин Bloomberg Трамп айтган Ҳўрмуз бўғозидаги саккизта нефт танкери ҳақида маълумот тополмади. Пайшанба куни Форс кўрфазидан фақат Эрон билан боғлиқ иккита суюлтирилган газ ташувчи кема чиқиб кетгани кузатилган. Эҳтимол, Трамп баён қилган “икки кема” шулар бўлиши мумкин. Баъзи кемалар хавфсизлик сабаб сигналини ўчиради, лекин охирги пайтларда Ҳўрмуздан ўтганларнинг аксарияти жойлашувини яширмаган. Сўнгги кунларда эса атиги тўртта кема бўғозни тарк этгани тасдиқланган.

26 март куни Трамп Оқ уйда, ўз жамоаси даврасидаги жонли эфирда ҳам бир қанча баёнотлар берди. Қўшма Штатлар раҳбари Украина ва Эрон масаласини ўзаро қиёслаб, Украина АҚШдан минглаб километр узоқда бўлса ҳам Киевга ёрдам берганини, лекин иттифоқдошлари Эрон билан боғлиқ можаро “бизнинг урушимиз эмас” дея нолиганини айтди.

Трамп Эрон атрофидаги жараёнларни шарҳлар экан, буни “НАТО учун синов” деб атади. Унинг фикрича, бу синовда иттифоқчилар АҚШни қўллаб-қувватламаган. “Бир неча ойдан кейин ҳам бу ҳаракатларингизни унутманг ва эслаб қолинг”, деган Трамп. АҚШ президенти урғу бериб, “ҳеч қачон унутма” деган ибора борлигини алоҳида таъкидлаган.

27 март куни ҳам Трамп Флоридада келажак инвестициялари конференцияси доирасида сўзга чиқиб, бир неча бор Эрон масаласига тўхталди. У улкан ёрдам учун Саудия Арабистонига миннатдорлик билдириб, НАТО ҳақида бундай дея олмаслигини айтди.

У мазкур нутқида Ҳўрмуз бўғозини “Трамп бўғози” деб атади ва “узр, мен Ҳўрмуз демоқчи эдим, сохта янгиликлар буни тасодифий адашиш дейишади, лекин мен билан боғлиқ тасодифлар бўлмайди”, деди президент.

Трамп Эроннинг ракета учириш салоҳиятининг қарийб 97 фоизини йўқ қилгани билан ғурурланди. “97 фоиз қудратидан айрилган” Эрон кеча тунда ҳам Тел-Авив ва Кўрфаз давлатларига жавоб зарбаси беришда давом этди.

Зарбалар ҳақида гап кетганда, АҚШ ва Исроилнинг Теҳрон ва Широз каби шаҳарларга қилган ҳужумларини ҳам қайд этишимиз керак.

Музокарадан дарак борми?

Оқ уй соҳиби конференциядан қайтаётган пайтда, ундан Эрон ҳақида сўрашди. У ортига ўгирилиб, “улар жиддий зарба остида, шу билан бирга, музокаралар ҳам кетяпти”, дея қисқа жавоб берди.

Манбаларга кўра, Эрон расмийлари АҚШ таклифини очиқ рад этган бўлса-да, музокараларга қизиқиш сақланиб қолганини билдирган. Юқори даражадаги Эрон расмийлари АҚШ билан яқин кунларда ўтказилиши мумкин бўлган учрашув бўйича ҳали якуний жавоб бермаган.

Воситачилар Теҳронни бунга кўндиришга ҳаракат қилмоқда, бироқ Эрон томонига кўра, мамлакат олий раҳбари Мужтаба Хоминаий ҳали бу борада аниқ қарор қилмаган. Асосий тўсиқ эса ишончсизлик бўлиб қолмоқда: Эрон АҚШ яна уларни чалғитиши мумкин деган хавотирда.

Можаро кенгайса…

CNN маълумотига кўра, Трамп дипломатия самара келтирмаса, Эрон билан можарони янада кучайтиришни кўриб чиқмоқда, лекин қолган барча вариантлар жиддий хавф туғдиради.

Ҳарбий режаларда ядро объектлари ёки нефт инфратузилмаси каби муҳим нуқталарни эгаллаш учун қўшин юбориш ҳам бор. Шунга қарамай, бундай операциялар катта йўқотишларга олиб келади ва урушни янада чўзиб юборади. Кўплаб расмийлар кейинги кескинлашув қуруқликдаги қўшинларни ҳам жалб этишни талаб қилади, деб ҳисоблайди. Бу эса можарони янада кенгайтириб, энергия объектлари ва юк ташиш йўлларига ҳужумлар бошланишига олиб келиши мумкин.

The Wall Street'нинг Пентагондаги манбаларига кўра АҚШ Яқин Шарққа қўшимча яна 10 минггача аскар юбориши мумкин. Бундан олдинроқ 5 минг денгиз пиёдаси ва 82 ҳаво десант дивизияси юборилганди.

Доналд Трамп тезроқ урушдан чиқиш учун бир вақтнинг ўзида ҳам музокара, ҳам ҳарбий босимни оширишга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Эрон томони ҳам АҚШга мос жавоб қайтаришга уриняпти: “Тасним” агентлигининг Ислом инқилоби қўриқчилар корпусидаги манбасига таяниб хабар беришича, агар АҚШ қуруқликдаги босқинни бошласа, Эрон 1 миллиондан ортиқ ҳарбийни фаоллаштиришга тайёр.

Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазини боғловчи Боб ал-Мандеб бўғозида яна кемаларга ҳужумларни бошлаб юборса, бу Ҳўрмуз бўғози каби глобал савдо ва энергетика тизимига жиддий зарба бериши мумкин.

Боб ал-Мандеб орқали кунига 6-7 млн баррел нефт ўтади ва глобал денгиз нефт савдосининг 8-10 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, халқаро савдонинг 10-12 фоизи шу йўлакдан ўтади.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид