Жамият | 19:32 / 23.10.2019
54399
6 дақиқада ўқилади

Кореяга жўнатишни ваъда қилган фирма бўйича тергов тафсилотлари: юзлаб фуқаронинг миллиардлаб маблағи ишлатиб юборилган

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарлари фирибгарликда гумонланиб қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берди.

Маълум бўлишича, жамият раҳбарлари Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган ҳолда юзлаб фуқаронинг 19 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган.

«Жорий йилнинг 10 октябрь куни «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Тергов департаменти томонидан 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Отақулов, Алиқулов ва Қобулов ҳамда бошқалар бу жамиятни ташкил этган. Жамият вакиллари барча вилоятлар бўйича чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларни чет элда яхши ишлаш шароитини яратиб бериш билан қизиқтирган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи
Азиз Долиходжаев.

2019 йил январь ойидан жорий йилнинг октябрь ойига қадар 600 нафарга яқин фуқародан 19 миллиард сўмдан зиёд маблағлар жамиятнинг банкдаги ҳисоб-рақамларига кирим қилинган. Улар мижоз билан шартнома тузишган ҳолда, 27 миллиондан 32 миллион сўмгача кирим қилиб келишган. 600га яқин шартномалар имзоланган бўлса-да, бугунги кунга қадар бирор шахс шартнома асосида хорижга жўнатилмаган.

Отақулов ва Қобулов муқаддам 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти билан судланиб чиққан шахслардир. Мижозларни 4 ой давомида корейс тилини ўқитиш учун ўқув марказларига жўнатишади ва ўқитади. Ўқув маркази ва ўқиш жараёнидаги маблағлар шартнома суммаси ҳисобидан сарфланиши айтилган. Аниқланишича, ҳар бир фуқародан 27 миллиондан 32 миллион сўмгача маблағдан 3 миллион сўми жамият томонидан айнан шу чиқим харажатлари учун сарфланган, қолган 27 миллион сўм маблағ эса даромад сифатида ўз ҳисоб-рақамида қолдирилган. Бугунги кунга қадар 200 миллион сўм маблағ қолган. Ўз навбатида жамиятга кирим қилинган 19 миллиард сўмдан ошиқ сумма қай мақсадларда ишлатилганини аниқлашимиз керак. Шунинг учун, ҳужжатли-тафтиш тайинланган ва у давом этмоқда.

Жамият раҳбарлари юқоридаги жиноятда айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва 12 октябрь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мазкур жиноят иши бўйича судловга юборилади ва уларга нисбатан қонуний суд ҳукми чиқарилади», дейди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бўлиб бошлиғи Азиз Долиходжаев.

Жамият раҳбари Қ.Отақулов, унинг ҳамкорлари М.Алиқулов ва О.Қобилов фуқаролар томонидан топширилган ва банк ҳисоб-рақамида сақланаётган тўлов пулларини қуйидагича сарфлаб юборишган:      

1) 1,7 млрд. сўм пулни ўзи раҳбар ҳисобланган «FAYOZ» МЧЖ балансига молиявий ёрдам кўринишида ўтказиб, ушбу пулларнинг 1,5 млрд. сўмини ДТ «Халқ банки» Оққўрғон туман филиалига О.И.Қобилов томонидан олинган кредитни қоплаш учун ўтказиб юборган;

2) 5,5 млрд. сўм «Vega Best» МЧЖнинг ҳисоб-рақамига ўтказилиб, ушбу ўтказилган пул маблағ ҳисобидан Оққўрғон туманида жойлашган «Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш» заводи сотиб олинган;

3) 870 млн. сўм пулга 3 дона «MALIBU-2» машинаси харид қилинган;

4) 486 млн. сўм ва 600 млн. сўм пул О.Қобиловнинг пластик картасига, 159 млн. сўм пул «Заводни таъмирлаган усталар учун», 280 млн. сўм пул Машуров Фарҳод учун, 60 млн. сўм пул М.Алиқуловга моддий ёрдам тариқасида, 50 млн. сўм пул жамият ҳуқуқшуноси А.Хасановга моддий ёрдам тариқасида, 433 млн. сўм пул жамиятнинг ташқи меҳнат миграцияси бўйича мутахассиси бўлиб ишлаган У.Халмоновга, 93 млн. сўм пул жамият таъсисчиси Х.Турдиевнинг ҳисоб-рақамига ўтказилиб, сарфлаб юборилган;

5) 2,1 млрд. сўм «Fayoz» МЧЖ ҳисоб-рақамига, 275,8 млн. сўм «GM Ўзбекистон» АЖнинг ҳисоб-рақамига автомашина учун ўтказиб берилган.     

К.Отақулов ва унинг жиноий шериклари томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятининг жабрланувчилари вилоятлар бўйича таҳлил қилинганида:

- Қашқадарё вилоятида 955 нафар;
- Самарқанд вилоятида 345 нафар;
- Сурхондарё вилоятида 254 нафар;
- Наманган вилоятида 193 нафар;
- Қорақалпоғистон Республикасида 12 нафар;
- Андижон вилоятида 77 нафар;
- Хоразм вилоятида 28 нафар;
- Тошкент вилоятида 304 нафар;
- Сирдарё вилоятида 73 нафар;
- Навоийда 52 нафар;
- Жиззахда 88 нафар;
- Фарғона вилоятида 24 нафар;
- Бухоро вилоятида 44 нафар жабрланувчи мавжудлиги аниқланди.       

Фуқаролардан олинган 27 млн сўмдан 32 млн сўмгача бўлган тўловлар қуйидагича сарфланган:

1. Дерматология кўрик учун 215 300 сўм;
2. СПИД текшируви учун 38 500 сўм;
3. Меҳмонхона тўлови учун 539 000 сўм;
4. Ўқиш учун 456 000 сўм;
5. Автобус учун 29 600 сўм;
6. Суғурта учун 4 220 000 сўм, жами 5 498 400 сарфланган.

Бундан олдинроқ Kun.uz сайтида «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ томонидан алданган мурожаатчилар шикояти асосида тайёрланган материал эълон қилинганди.

Мавзуга оид