Илон Маск Twitter’ни 44 млрд долларга сотиб олди
25 апрель куни Илон Маск Twitter’ни 44 миллиард доллар нақд пулга сотиб олиш бўйича келишувга эришди - компания директорлар кенгаши унинг таклифини қабул қилган.
Икки ҳафтача олдин Илон Маск Twitter хўжайинларига компанияни унга сотишни таклиф қилиб, бу ижтимоий тармоқда рўёбга чиқарилмаган улкан салоҳият борлиги ва ўзи буни амалга ошира олишини айтганди.
Келишувнинг қисқача тарихи
Апрел ойида Маск 2,89 млрд доллар эвазига Twitter акцияларининг 9,2 фоизини сотиб олиб, компаниянинг энг йирик акционерига айланганди.
Кейинчалик Twitter Маскка компания бошқарувида қатнашишни таклиф қилган, аммо бу таклиф рад этилганди. Апрел ойи ўрталарида Twitter Маскни акциялар билан боғлиқ фирибгарликда айблаб судга берди.
Бир ҳафта муқаддам истиқболи ноаниқ бўлиб турган келишув ўтган ҳафта охирида, Маск компания акциядорларини чақириб, улар билан битимнинг молиявий тафсилотларини бўлишганидан кейин тезлашиб кетди.
Акциядорлар босими остида қолган Twitter ҳар бир акция учун 54,20 доллар таклиф қилган Маск билан музокараларга киришди. Бу ҳақда хабарлар пайдо бўлганида биржада Twitter акцияси баҳоси 6 фоизга кўтарилди.
Ҳозирги келишув Маск 9 фоиз акцияни сотиб олганини эълон қилган кундагидан 40 фоиз қимматроққа тузилди.
Шу билан бирга бу ўтган йили Twitter белгилаган ва савдолашган 70 долларлик нархдан анча паст.
Энди Twitter компанияси раҳбарияти акциядорлардан келишувни маъқуллаш учун овоз беришни сўрайди.
Twitter қандай ўзгаради?
Илон Маск аллақачон бир қанча ўзгаришларни таклиф қилган - нашр этилган контентга чекловларни юмшатишдан тортиб сохта аккаунтларни йўқотишгача.
Илон Маск - сайёранинг энг бадавлат одами ҳисобланиб, Forbes журнали унинг бойлигини 273,6 млрд долларга баҳолаган, бу қиймат асосан ўзи раҳбари бўлган Tesla компанияси акциялари ҳисобига. Маск номи билан боғлиқ яна бир машҳур фирма - SpaceX аэрокосмик компаниясидир.
«Сўз эркинлиги — демократия шаклланишининг асоси, Twitter эса рақамли шаҳар майдони, бу ерда инсоният келажак ҳаёти учун муҳим масалалар муҳокама қилинади. Мен Twitter’ни аввал ҳеч қачон бўлмаган энг зўр даражага олиб чиқмоқчиман. Twitter катта салоҳиятга эга, унинг янги қирраларини очиш, фойдаланувчилар ҳамда компания билан ҳамкорлигимиз бошланишини интиқ бўлиб кутяпман», деган Маск келишув ҳақида эълон қиларкан.
Оқ уй келишув борасида муносабат беришдан тийилди.
«Twitter’га ким эгалик қилишидан қатъи назар, АҚШ президенти анчадан буён йирик ижтимоий тармоқларнинг улкан таъсири, уларнинг кундалик ҳаёт тарзида эгаллаган ҳокимлиги борасида қайғуриб келади. Бу платформалар келтираётган зарари учун жавобгар бўлиши керак. Президент бу мақсадларга эришиш имконини берувчи фундаментал ислоҳотлар ўтказиш тарафдори ҳисобланади...» - деган Оқ уй расмийси Жен Псаки.
Трамп қайтмайди
Twitter’даги аккаунти блокланган АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп блок ечилган тақдирда ҳам бу ижтимоий тармоққа қайтмаслигини айтган.
«Мен умид қиламанки, Илон Twitter’ни сотиб олади, чунки у бу ижтимоий тармоқни яхшилайди, у яхши одам. Аммо мен Truth’да қоламан», деганди Трамп февралда ўзи очган янги ижтимоий тармоқни назарда туриб.
Илон Маск - Twitter’нинг эски ва доимий фойдаланувчиси. Унинг тармоқдаги фолловерлари сони 80 миллиондан ошади, у Twitter’да нима ёзмасин, бу гап шу заҳоти бутун интернетга ёйилади.
У Twitter’дан ўз компаниялари, жумладан SpaceX ва Neuralink ҳақидаги янгиликларни бўлишиш учун доимий тарзда фойдаланади. Бундан ташқари, у тез-тез мемлар эълон қилади ва бу унга бизнес, космос ёки автомобилларга қизиқмайдиганлар орасида ҳам машҳурлик келтиради.
Мавзуга оид
11:58 / 12.11.2024
Маск, кичик Кеннеди ва Уайлс: Трампнинг атрофидагилар ким ва қайсилари янги маъмуриятда лавозим олиши мумкин?
14:15 / 10.11.2024
Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
20:11 / 07.11.2024