Ўзбекистон | 18:39 / 02.09.2020
14135
12 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори: Ўзим ҳам шу касалликни бошимдан ўтказдим

Kun.uz сайтининг навбатдаги меҳмони Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори, тиббиёт фaнлaри доктори, профессор Рaшид Рўзибоев. Суҳбатдошимизга ҳам пандемия билан боғлиқ анъанавий саволлар билан мурожаат қилдик.

Рaшид Рўзибоев

Рашид Юсупович Рўзибоев 1965 йил 1 сентябрда Хоразм вилоятида таваллуд топган. 1983-1989 йилларда Ўрта Осиё медицина педиатрия институтида таълим олган (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт педиатрия институти). 1989-1992 йиллар мобайнида Тошкент ва Урганч шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ишлаган.

Олий таълим соҳасидаги фаолиятини 1992 йилдан Биринчи Тошкент тиббиёт институти Урганч филиалида «Анатомия» кафедрасида катта лаборантликдан бошлаган. 1993-1996 йилларда Биринчи Тошкент тиббиёт институти аспиранти, ассистенти, катта ўқитувчи лавозимларида ишлаган. 2002-2005 йилларда И.Я. Горбачевский номидаги Тернополь давлат тиббиёт университетида «Госпиталь жарроҳлик» кафедрасида докторант (Украина), 2006-2010 йилларда шу кафедрада ассистент лавозимларида фаолият олиб борган. 2009 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2010 йилда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалига қайтиб келган. 2011-2013 йилларда даволаш факультети декани, 2013 йилдан ТТА Урганч филиали директори лавозимида ишлаб келмоқда.

– Рaшид Юсупович, бугунги кунда Хоразм вилоятида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият қандай?

– Хоразм вилояти ҳудудида коронавирус тарқалишини мен икки даврга бўлган бўлар эдим. Биринчи даври - 16 мартда карантин эълон қилинган кундан май ойининг охирларигача бўлган давр, бу вақтда вилоятда коронавирусга чалинган беморлар статистикаси фақат хориждан олиб келинган ҳамюртларимиз орасида карантин зоналарида аниқланган фуқароларимиз ҳисобига пайдо бўларди. Маҳаллий аҳоли орасида коронавирус аниқланганини эслай олмайман. Май ойи давомида карантин зоналарда тест натижаларига кўра мусбат деб топилган 100 нафарга яқин фуқароларда бу касаллик аниқланди, касаллик симптоматикаси уларда енгил ўтиб, тўлиқ даволаниб Хоразм вилояти яшил зонага кирди. Бу даврдаги беморларда касалликнинг оғир кечиши ёки асорат қолдириши умуман кузатилмади.

Шундан кейин кўплаб карантин қоидалари юмшатилди, фуқаролар яна кўчада, жамоат транспортида ва бошка жойларда эркин ҳаракатлана бошладилар. Иккинчи давр май ойининг ўрталаридан кейин бошланди, узоқ масофаларга юк ташувчи фуқаромиз хориждан қайтиб келгач, оиласи ва фарзандларида вирус аниқланиб, даволанишга олинди. Шундан кейин воқеалар бир-бирига занжир сифатида боғланиб кетди, кимдир тўйда бўлган, меҳмонга борган, ишхоналарда вирус тарқалиши ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда вилоятда коронавирус тарқалиши тўлиқ назоратга олинган, тўғри, июль ойиниг ўрталарида ўша «юқори чўққи» ҳолати кузатилди, лекин вазият тезда назоратга олинди. Энг асосийси, касаллик тарқалишида фуқаролар томонидан ўз-ўзини назорат қилиш принципи ишлади, халқ тезда аҳволни тушуниб етди ва вазият яхшиланиш томонга ўзгарди.

ТТА Урганч филиалида пандемия шароитида коронавирусга қарши курашиш учун кадрлар тайёрлаш жараёни қандай кечди? Тайёрланган мутахассислар асосан қайси йўналишлар бўйича сафарбар қилинди?

– Биринчи навбатда коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш зарурати пайдо бўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 30 мартдаги 96-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида шифохона ички инфекциясига қарши чора-тадбирлар, коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича даволаш профилактика муассасаларининг ходимларини жорий йилнинг 6 апрелидан 23 апрелигача ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни иҳтисослаштириш Урганч филиалида COVID-19 касаллиги бўйича 3115 нафар, 14 апрелдан 23 апрелгача COVID-19 бўйича лаборатор текширувини ўтказиш учун намуналар олиш мавзусида масофавий-мавзуий малака оширишда 1368 нафар, жами 4483 нафар ўрта тиббиёт ходимлари Урганч филиалининг «t.me/urgmalaka» телеграм-канали орқали онлайн тарзда ўқитилди. Бунинг учун филиалнинг «Ички ва тери-таносил касалликлари», «Юқумли касалликлар ва фтизиатрия» ҳамда «Фармакология, клиник фармакология ва патологик физиология» кафедраларининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб қилинди. Тингловчилар шаҳар, туман тиббиёт муассасаларининг ходимлари бўлиб ўкиш жараёнлари гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилди. Бундан ташқари, 2657 нафар шифокор ва 613 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳам ТТА Урганч филиали профессор-ўқитувчилари томонидан масофавий тарзда ўқитилди.

– Вилоятнинг қайси шифохоналари бу касалликка қарши курашга мослаштирилди, улардаги ўринлар сони нечта ва неча нафар тиббиёт ходимлари (хусусан врачлар) бу жараёнга жалб қилинган?

– Республика ишчи гуруҳи штабининг аъзоси бўлганлигим учун Хоразм вилоятида коронавирус тарқалишининг ҳар бир даври, соатида хабардор бўлиб турганман. Туманлар доирасида оладиган бўлсак, вилоятдаги барча 11 та туман тиббиёт бирлашмасида 180 дан 200 гача захира ўринлари тайёрланди. Керакли дори-дармонлар захиралари яратилди, мавжуд ўринларнинг 80 фоизгача кислород нуқталари ташкиллаштирилди. Урганч шаҳрида Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникасида 80та ўрин, Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 120та, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси касалхонасида 100та, Вилоят эндокринология диспансерида 120та, Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида 80та ўрин тез ва сифатли равишда COVID-19'га қарши курашиш ва даволаш госпиталига айлантирилди, вилоят бўйича жами 3000га яқин ўрин тайёрланди.

Бугунги кунга келиб ҳам, ўша «юқори чўққи» га чиқиш даврида ҳам бу ўринлардан тўлиқ фойдаланишнинг зарурати қолмади, сабаби Урганч шаҳар Олимпия захиралари коллежи базасидаги 4 та бинода 708 ўринли провизор, даволаш маркази ташкиллаштирилди. Марказда барча зарур тиббий асбоб-анжомларининг ва бир ой давомида узлуксиз етадиган дори-дармонларнинг захираси яратилди. Шунинг учун мен юқорида айтиб ўтган олтита вақтинчалик госпиталнинг фақат учтаси - Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникаси ва Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси COVID-19 беморларини реабилитация қилиш учун хизмат қилмоқда, қолган муассасалар, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаларининг деярли барча бўлимлари ўз йўналишлари бўйича фаолиятини тиклади.

Вақтинчалик госпиталларни тиббиёт ходимлари, хусусан врачлар билан таъминлашда муаммолар бўлмади, энг тажрибали врач-мутахассислар бу госпиталларда фаолият олиб бордилар. Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникаси 10 июлдан беморларни қабул қилган бўлса, шу кунгача фақат филиал профессор-ўқитувчилари фаолият юритдилар. Алоҳида айтиб ўтишим керакки, филиалнинг терапия, УАШ, Анестезиология ва реанимация, Юқумли касалликлар кафедралари профессор-ўқитувчилари икки ва уч сменадан қолиб ишлашди. Олимпия захиралари коллежи базасидаги марказда ҳозирги кунда филиалнинг профессор-ўқитувчиларидан ташкил топган икки гуруҳи фаолият олиб бормоқда, ҳар бир гуруҳ 32 нафар тиббиёт ходимидан ташкил топган, энг қувонарлиси, шу марказни ташкиллаштириш давомида 200дан ортиқ талабаларимиздан ишлаш истаги билдирилган аризалар келиб тушди. Гуруҳларда талабаларимиз тиббий оға, ҳамшира, санитария ходими, овқат тарқатувчи сифатида хизмат кўрсатишмоқда.

– Умуман, Хоразм мисолида айтинг-чи, вилоятларда таъминот, шароит қай даражада? Пойтахтда намойиш қилинаётганидан фарқли жиҳатлари қанақа?

– Республикадан ташриф буюрган ишчи комиссия таркибида вилоятнинг барча туманларида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар, дори-дармонлар, етишмаётган тиббий асбоб-анжомларни етказиб бериш ва бир қатор бошқа масалалар ечимига гувоҳ бўлганман.

Бир вазият бўлмаганда COVID-19'га чалинган беморлар даволанаётган госпиталлардаги аҳволни ичкаридан тўлиқ билмасдим. Чунки госпиталлар ичкарисига киришга ҳаммага ҳам рухсат берилмаганди. Қаерда, қандай шароитда бу касалликни юқтирдим, билмай қолдим. Олдинига енгил ўтиб кетар деган фикрда ўзимни изоляция қилдим, 7-10 кунда ўзимни яхши ҳис қилдим, тест манфий чиқди. Ишга чиқиб кетдим, яна ўн кунлар ўтгандан кейин нафас олишимда, умумий аҳволимда ўзгаришлар сеза бошладим, тана ҳарорати кўтарилиши бошланди. Сатурация тушиб кетди (80-81 эди), қисқаси, даволаниш учун ўзимизнинг клиникани танладим ва 12 кун давомида даволанишимга тўғри келди.

 Таъминот тўғрисида саволингизга жавоб бериш учун ўз касаллигимни мисол тариқасида айтиб ўтмоқчиман. 24 соат давомида 4 марта дорилар амалиёти ўтказилди, ҳар бир жараёнда таблеткалар, мушаклар орасига ва томирдан юбориладиган дорилар бор эди. Бу ҳолат 12 кун давомида олиб борилди, мен ҳар кунги палата даволовчи врачи ҳамда клиника бош врачига юзланиб, “зарур дорилар бўлса айтинглар, имкониятим бор, уйдагилар олиб келишади”, дердим. Лекин ташқаридан менга бирорта ҳам дори олиб келинмади. Барибир хаёлимдан мен филиал директориман, шунинг учун дориларда мен учун камчилик йўқдир деган фикр ўтарди, кундуз кунлари аҳволи яхши беморлар коридорга чиқарди, уларнинг айримларидан “дорилар етарлими, камчиликлар бўлмаяптими?”, деб сўрардим. “Ҳамма керакли дори-дармонлар ўз вақтида етказиб бериляпти”, деб жавоб беришарди. Қўшимча касалликлари (қандли диабет, гипертония, семизлик) бўлган айрим беморлар ва шу сингари бошқа ҳолатларда беморлар ўзлари билан доимий қабул қиладиган дори-дармонларни олиб келганликларини инкор қилмайман.

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникаси давлат раҳбарининг 2017 йил 27-28 январь кунлари ташрифи чоғида билдирган таклифлари асосида қисқа муддатларда қуриб битказилиб, 2018 йил 2 июль куни ишга туширилган. Клиника биносида 7 та бўлим, 3 та кафедра жойлашган, клиника икки миллион долларлик тиббий анжомлар билан таъминланган. 145 ўринга мўлжалланган. Клиника қисқа давр ичида COVID-19'ни даволаш учун госпиталга айлантирилди. 10 июлдан шу кунгача 355 нафар бемор даволаниб чиқди, 28 август ҳолатига 18 нафар бемор даволанмоқда. 2 сентябрдан клиника коронавирус, пневмония асоратлари бўлган беморларни даволашга киришди.  

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Россия Федерациясидан таклиф қилинган мутахассислар вилоятда ташкил қилинган вақтинчалик госпиталларда бўлиб, беморларни консультация қилиб туришди. Клиникага бириктирилган россиялик мутахассислардан бири ўзимизнинг собиқ талаба бўлиб чиқди. У 90-йилларда ўзимизнинг филиалда ўқиган, ординатурада ўқиш мақсадида хорижга кетиб ишлаб қолган ва ҳозирги кунда Москва вилоятидаги госпиталлардан бирининг раҳбари Музаффар Зокиров эди.

– Хоразм вилоятида COVID-19'га қарши курашишда кадрлар етишмовчилиги қай даражада ва бу қандай ечиляпти? Юқори курс талабаларини бу жараёнга амалиётчи сифатида жалб қилиш масаласи кўрилмаяптими?

- Ўзбекистонга март ойининг ўртасида коронавирус кириб келди. Шу даврда мен тўғриси, бизнинг шифокорлар вазиятга 100 фоиз тайёр ҳолатда эдилар деб айта олмайман, ҳатто тиббиёт ўта ривожланган мамлакатлар ҳам бу вазиятга тайёр эмасди. Биз учун бу кутилмаган ҳолат эди.

Шу муносабат билан ССВнинг 2020 йил 31 мартдаги 97-сонли “Бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) битирувчиларини тиббиёт муассасаларига ишлашга юбориш” ҳамда 2020 йил 10 апрелдаги 115-сонли “Тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари Давлат аттестация комиссияси раисларини тасдиқлаш” тўғрисидаги буйруқлари чиқарилиб, жойларга юборилди. Мазкур буйруқлар асосида филиалдан 176 нафар бакалавр, 133 нафар ординаторлар апрель ойида давлат имтиҳонларини топшириб, ўқишни тамомлашди ва вилоят тиббиёт муассасаларига ишга юборилди. Бу ҳам ўз навбатида жойларда пандемияга қарши тайёрланиш ва етишмаётган мутахассислар ўрнини тўлдиришда яхши ёрдам бўлди. Нафақат юқори курс талабалари, барча курс талабаларидан карантин зоналарда, шифохоналарда ишлаш истагини билдириб мурожаат қилганлар бўлди. Уларнинг кўпчилиги ишлашга муяссар ҳам бўлдилар. Тиббиёт олий таълим муассасалариниг талабалари ёз ойларида амалиёт ўташади, уларнинг кўпчилиги ўзлари яшаётган туман тиббиёт бирлашмаларида, ҚВП, ҚОП ва ОПларда амалиёт ўташди. Уларнинг иш даври амалиёт ўташ сифатида қабул қилинди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид