Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистон фуқароларига ўқ узган чегарачиларнинг ҳаракатлари асосли деб топилди
15 август куни Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида юз берган ҳодисани ўрганиш бўйича тузилган комиссия хулосаси эълон қилинди.
Фото: ДХХ Чегара қўшинлари
ДХХ Чегара қўшинлари хабарига кўра, қирғизистонлик икки нафар фуқаро ўлими билан тугаган ҳодисада уларга қарата ўқ узган ўзбекистонлик чегарачиларнинг хатти-ҳаракатлари асосли деб топилди.
Қайд қилинишича, 15 август куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида 2 нафар номаълум шахсларнинг ҳаракатланаётгани кузатилган.
Чегара наряди ўз ваколати доирасида уларга тўхташни буюрган, лекин улар қочишга уринган. Шунда чегарачилар қоидага кўра, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узган.
Аммо, улар чегара нарядининг қонуний талабларига бўйсунмай, давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттирган. Шундан кейин, сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол ишлатилган.
Натижада, улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида, 1 дона чодир, 3 бош от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари топилган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари хабардор қилинган.
31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари эканлиги аниқланиб, уларнинг жасади қариндошларига топширилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарларининг ўзаро келишувига асосан, 2-3 сентябрь кунлари ҳодиса жойи ҳамкорликда кўздан кечирилган.
«Ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилгани, юқорида кўрсатилган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, шунингдек, учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан тасдиқланди. Қочган шахсни аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан келишувга эришилди», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу каби ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, ҳар икки томон чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда мураккаб тоғли худудларни қўриқлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга келишилди.
Мавзуга оид
09:20 / 05.12.2025
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
09:41 / 02.12.2025
Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон чегара қоидаларини бузмасликка чақирилди
10:00 / 01.12.2025
Қирғизистондаги сайловлар: Жапаровга содиқ номзодлар деярли барча округда ғалаба қозонди
17:04 / 30.11.2025