Ўзбекистон | 17:49 / 01.09.2025
33351
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чегарасида икки нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди

Таъкидланишича, улар чегарачиларга бўйсунмаган ва қўлга олишга уриниш чоғида чегарачилар қурол ишлатган.

Қирғизистон чегара хизмати Ўзбекистон билан чегарада икки қирғизистонлик ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Қайд қилинишича, 25 август куни милицияга Жалолобод вилоятининг Чотқол туманидаги Айғир-Жал қишлоғида яшовчи икки киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган. 28 август куни ишчи учрашув доирасида Ўзбекистон томони чегара вакиллари 15 август куни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегаралари туташган ҳудудда Ўзбекистон чегара наряди икки нафар номаълум фуқарони аниқлаганини маълум қилган. Ўзбекистон томонининг маълумотларига кўра, улар чегарачиларга бўйсунмаган ва қўлга олишга уриниш чоғида чегарачилар қурол ишлатган. Оқибатда ҳар икки фуқаро ўқ жароҳати олиб, ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, 31 август куни бедарак йўқолган қирғизистонликларнинг қариндошлари Ўзбекистонга жўнаб кетди ва ҳалок бўлганларнинг шахсини тасдиқлади. 1 сентябр куни «Баймак» назорат-ўтказиш пункти орқали Қирғизистон Республикаси икки фуқаросининг жасади Қирғизистон томонига топширилди ва экспертиза учун Кербен ўликхонасига етказилди.

Бундан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара идоралари раҳбарлари 2 сентябрдан бошлаб воқеа жойини биргаликда ўрганишга келишиб олди. Ўзбекистон томони ҳалок бўлган фуқароларнинг топилган мол-мулки - учта от ва чодирни Қирғизистонга топширишга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланишича, қирғизистонликларнинг ўлими тафсилотлари бўйича ҳар томонлама текширув ўтказилмоқда, унинг натижалари жамоатчиликка етказилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид