Урганч ва А380 трассаси ўртасидаги 81 км йўл реконструкция қилинади
Хоразмдаги «Урганч — Хонқа — Ҳазорасп — Тошсоқа — Амударё — А380» автойўли реконструкцияси учун 294 млн доллар маблағ сарфланади.
D213 «Урганч — Хонқа — Ҳазорасп — Тошсоқа — Амударё — А380» автомобил йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси 294,1 миллион долларга баҳоланмоқда.
Президентнинг 13 ноябрдаги қарорига кўра, йўлнинг бир қисми (0−81 км) реконструкция қилинади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 18 йил муддатга, тўрт йиллик имтиёзли давр билан 238 миллион доллар миқдорида кредит жалб этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2041 йил ноябригача Ўзбекистон банкка асосий қарз ва фоизлар учун 382,68 миллион доллар тўлаши керак.
Унинг реализацияси 2 йиллик кафолат муддати билан 5 йилни (2024−2029) ташкил этади.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, харажатларни 32,7 миллион долларгача оптималлаштириш имконияти аниқланган. Мазкур маблағ Хоразм вилоятидаги D217 «Урганч — Гурлан — Манғит — Туркманистон Республикаси чегараси» автомобил йўлининг 5 — 75 километрлик қисмини реконструкция қилиш лойиҳасига йўналтирилади.
Президент лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ва ЕТТБ кредити бўйича прогноз тўлов жадвалини тасдиқлади.
Хоразм вилояти ҳокимлигига қўмита билан биргаликда яшил ҳудудларни ташкил этиш мақсадида реконструкция қилинадиган автомобил йўлларининг йўлбўйи ҳудудларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 30 минг туп манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни таъминлаш топширилди.