Ўзбекистон | 11:13 / 10.05.2021
7215
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўзи ожизлар маҳалласини ободонлаштириш чала ташлаб кетилди. Уларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради?

Миробод туманидаги Баёт маҳалласида кўплаб кўзи ожиз кишилар яшайди. Маҳалладаги ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлда қолиб, охирига етказилмай қолди.

Тошкент шаҳар Миробод туманида Баёт маҳалласи бор. Бу маҳалланинг бошқаларидан фарқли жиҳати, у ерда кўзи ожиз ватандошларимиз кўпчиликни ташкил қилади.

Яқинда кўзи ожиз фуқаролар яшайдиган кўп қаватли уйлар атрофида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Лекин фуқаролар бу ишлар ўлда-жўлда бажарилгани ва охирига етказилмаганидан норози бўлишмоқда.

Кўп қаватли уйлар олди асфалт қилинган, йўллар ёнида қурилиш чиқиндилари тўпланиб ётибди. Кўзи ожизлар юришда қийналмаслиги учун ўрнатилган трубалар олиб ташланиб, ўрнига янгиси қўйилмаган.

«Ўтган ҳафта асфалт қилишни якунлашди. Йўл жуда чиройли ва биз хоҳлагандек сифатли бўлган. Бунинг учун раҳмат айтамиз. Лекин кўп жойларни «бизга пул ўтказишмаган, лойиҳамизда йўқ» деб ташлаб кетишди. Бордюрлар ҳам чала қолди. Қурилиш чиқиндилари жойида қолиб кетди. Болалар майдончаси ҳам шундай ташлаб қўйилган.

Чуқурлар кўмилмаган. Кўзи ожиз фуқароларимиз бундай ҳолатда қийналишади. Улар ушлаб юрадиган трубалар ҳам кесиб ташланган. Ҳалигача янгисини ўрнатишмади.

Кўп бора ҳокимликка ва вазирликка мурожаат қиламиз, фақат «қиламиз»дан уёғига ўтмайди. Натижа эса йўқ», – дейди биз билан суҳбатда маҳалла фаоли Aбдураҳим Маматқулов.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг айтишича, Баёт маҳалласи йўллари ҳокимлик томонидан таъмирлаб берилган.

«Эндиликда маҳаллаларга қараш турли вазирлик ва ташкилотларга топширилмоқда. Баёт маҳалласи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига берилган. Ҳозирча ҳеч қандай маблағ ажратилмаган.

Маҳаллани обод қилиш ишларини ўзимиз қўлдан келганча бошладик. Одамлар озгина сабр қилиб туришса, президент топшириғи билан маҳаллаларга ажратилаётган 2 млрд сўм пул молиялаштирилиб, ўтказиб берилса, ишларни охирига етказиб қўямиз», – дейди вазирлик расмийси.

Aлбатта, таъмирга муҳтож маҳаллалар шаҳарда кўплаб топилади, дейишингиз мумкин. Тўғри, бундай маҳаллалар кўп. Лекин улардан фарқли Баёт маҳалласида кўзи ожизлар истиқомат қилишади. Айнан улар яшаётган маҳаллага келганда ишлар чала ташлаб кетилиши киши таъбини хира қилади.

Умид қиламизки, маҳалладаги ишлар тезроқ охирига етказиб қўйилади, ахир бу ерда гап кўзи ожиз фуқаролар хавфсизлиги ҳақида кетяпти.

Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид