Иқтисодиёт | 07:49 / 19.03.2026
1900
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон гигантлари энергияни қайси манбалардан олади?

Янги инфографикада дунёнинг энг йирик 10 иқтисодиётининг энергетик баланси таққосланди ва улар умумий энергия истеъмолининг қайси улуши нефт, табиий газ, кўмир, атом энергияси, гидроэнергия ҳамда бошқа қайта тикланувчи манбалар ҳиссасига тўғри келиши кўрсатилди.

Фото: Shutterstock

Визуализация учун маълумотлар Энергетика институтининг 2025 йилги жаҳон энергетикаси статистик шарҳидан олинган.

Нефт энг йирик 10 иқтисодиётнинг 6 тасида, жумладан АҚШ, Германия, Япония, Буюк Британия ва Италияда асосий энергия манбаи бўлиб қолмоқда. Бу давлатларда нефт транспорт сектори ва саноатда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Ушбу гуруҳ ичида нефтга энг катта қарамлик Италияда кузатилади — мамлакат энергиясининг қарийб 46 фоизи нефт ҳиссасига тўғри келади. Германия ва Буюк Британия ҳам нефтга кучли даражада боғланган, гарчи сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат қайта тикланувчи энергетика қувватларини фаол равишда ошираётган бўлса ҳам.

Фото: Visual Capitalist

Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва иқлим мақсадлари катта бўлган давлатларда ҳам нефт ўрнини босиш қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бу, аввало, унинг глобал транспорт тизимларидаги марказий ўрни билан изоҳланади.

Кўмир эса дунёдаги аҳолиси энг кўп бўлган икки давлатнинг энергетик балансида ҳали ҳам устунлик қилмоқда. Хитойда кўмир умумий энергия истеъмолининг 58 фоизини, Ҳиндистонда эса тахминан 59 фоизини ташкил қилади.

Бундай қарамлик ҳар икки мамлакатнинг йирик саноат базаси ва ўзининг кўмир ресурсларига эгалиги билан боғлиқ. Кўмир саноат ишлаб чиқариши ва электр энергияси генерацияси учун нисбатан арзон ва ишончли энергия манбаи бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Хитой ва Ҳиндистон иқтисодий ўсишни чиқиндиларни камайтириш билан уйғунлаштиришга интилар экан, қайта тикланувчи манбалар ва атом энергетикасига ҳам фаол сармоя киритмоқда.

Айрим давлатлар фақат қайта тикланувчи манбаларга эмас, балки атом энергияси ёки гидроэнергияга ҳам таянади.

Франция атом энергиясига юқори даражада боғлиқлиги билан ажралиб туради — у мамлакат умумий энергия истеъмолининг 46 фоиздан ортиғини таъминлайди.

Канада эса, аксинча, гидроэнергетика ресурсларининг мўллиги ҳисобига устунликка эга: мамлакат энергиясининг 10 фоиздан ортиғи гидроэнергия ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, Канаданинг энергетик баланси нефт ва табиий газ ўртасида нисбатан мувозанатли ҳисобланади.

Россия бу гуруҳ ичида қайта тикланувчи энергиянинг энг паст улушини кўрсатмоқда — атиги 0,2 фоиз. Бу ҳолат мамлакатнинг улкан қазилма ёнилғи захиралари ва энергетик балансида ярмидан кўпроғини ташкил этадиган табиий газга кучли қарамлигини акс эттиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид