Иқтисодиёт | 18:22 / 15.08.2018
13652
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк кичик номиналдаги банкнотларни муомаладан босқичма-босқич қайтариб олмоқда

Фото: Repost.uz

Марказий банк муомаладаги кичик номиналдаги купюраларни қисқартирмоқда. Бу ҳақда 2018 йил I ярим йиллиги бўйича нақд пул муомаласи шарҳида айтилади.

«Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг нақд пулдаги ҳисоб-китобларини амалга оширишларида қулайликлар яратиш мақсадида йирик нақд пулларни муомалага чиқариш асосан йирик номиналдаги банкнотлар орқали амалга оширилиб, кичик номиналдаги банкнотлар эса муомаладан босқичма-босқич билан қайтариб олинмоқда», - дейилади хабарда.

Жумладан, ушбу даврда муомалага чиқарилган нақд пуллар (банклар кассаларидаги нақд пулларни ҳисобга олган ҳолда) ҳажми 2,7 трлн. сўмга ёки 13,5 фоизга ошган бўлса, муомаладаги банкнотлар сони 568 млн. донага ёки 7,5 фоизга камайди.

2018 йилнинг I ярмида муомалада 1000 сўмлик ва ундан кичик қийматдаги банкнотлар миқдори 582 млрд. сўмга камайган бўлса, 5000 сўмлик, 10 000 сўмлик, 50 000 сўмлик банкнотлар миқдори 3,3 трлн. сўмга ошди.

Ушбу даврда, муомалага чиқарилган банкнотлар жами сонида 500 сўмгача бўлган банкнотлар улуши 3,7 фоиз бандга ва 1000 сўмлик банкнотлар 1,0 фоиз бандга камайган бўлса, 5000 сўмлик банкнотлар – 2,6 фоиз бандга, 10 000 сўмлик – 1,4 фоиз бандга ва 50 000 сўмлик – 0,7 фоиз бандга ошди.

Мавзуга оид