Ўзбекистон | 16:44
1846
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк ҳисобварақлар ўртасида A2A ўтказмаларни ишга туширди

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақлари ўртасидаги ўтказмалар – Account-to-Account хизмати йўлга қўйилмоқда. Кўпчилик ўрганган P2P ўтказмалардан фарқли равишда, A2A орқали нафақат банк карталари ўртасида, балки картага боғланмаган ҳисобварақлар ўртасида ҳам пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда банклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминловчи Account-to-Account форматидаги хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда.

Ушбу хизмат Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази томонидан яратилган техник инфратузилма асосида амалга оширилган.

Account-to-Account (A2A) нима?

Бу – жисмоний шахслар ўртасида бир банк ҳисобидан бошқа банк ҳисобига тўғридан тўғри пул ўтказиш имконини берувчи яна бир хизмат туридир.

Peer-to-Peer (P2P)дан фарқи нимада?

P2P ўтказмаларда пул карта рақами орқали юборилади.

Account-to-Account'да эса маблағ тўғридан тўғри банк ҳисобварақлари ўртасида амалга оширилади.

Асосийси – бу бошқа карта эмас ва алоҳида янги карта очиш талаб этилмайди.

Бу – мавжуд банк иловангизда танланадиган ўтказма усули бўлиб, пул ўтказишда хизмат турини танлаш орқали амалга оширилади.

Бу – пул ўтказишнинг янги усулидир.

Маълумот учун, ҳар бир фуқаро карта расмийлаштирганда, карта банкдаги айнан шу ҳисобрақами асосида очилади.

Бу хизмат барча банкларда мавжудми?

Бугунги кунда ушбу хизмат тури барча банкларга техник жиҳатдан тақдим этилган.

Бошқа ўтказма хизматларидан ҳам иловада фойдаланиш мумкинми?

Амалдаги барча ўтказма хизматлари сақланиб қолади. Ушбу хизмат эса қўшимча имконият бўлиб, фуқароларга пул ўтказишда танлов имкониятини кенгайтиради.

А-А хизматининг комиссияси қанча бўлади?

Комиссиялар банклар томонидан ўзларининг ички тариф сиёсатига мувофиқ, мустақил равишда белгиланади. Комиссия миқдори танланган банк ва хизмат турига қараб фарқ қилиши мумкин.

Марказий банк бозор иқтисодиёти шароитида регулятор сифатида комиссияларни белгилаш жараёнига аралашмайди.

Шунингдек, МБ Ахборотлаштириш бош маркази ҳам тўлов хизматларини кўрсатмагани ва мижозлар билан ишламагани сабабли, комиссияларни белгилашда иштирок этмайди.

Шу муносабат билан фуқароларга банклар томонидан тақдим этилган тарифлар ва комиссиялар билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади.

Турли банклар шартларини солиштириш – энг мақбул молиявий хизматларни танлаш ва муқобил вариантларни баҳолаш имконини беради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид