Ўзбекистон | 19:24 / 14.12.2021
39653
3 дақиқада ўқилади

«Худо сақлади, қанча одам нобуд бўлиши мумкин эди» – президент Деновдаги воқеага тўхталди

Президент Деновда бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши кераклигини айтиб, бош вазирга бир ой муддатда газ қувурларини хатловдан ўтказиб, натижаси бўйича қарор қабул қилишга топшириқ берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича видеоселектор чоғида президент раҳбарлар эътиборини яқинда Сурхондарё вилояти Денов туманида содир бўлган ҳодисага қаратди.

«Деновда бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши керак. Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва қурилиш, саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шарт.

Ҳаммаси қонун билан ҳал қилинсин. Худо сақлади, қанча одам нобуд бўлиши мумкин эди. Агар бу кундузи бўлганда нима бўларди?» дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари бўлиб ўтган ҳодиса бўйича батафсил маълумотларни эълон қилиш бўйича топшириқ берди.

«Телевизор орқали ҳаммасини тушунтиринглар, Деновда шундай ҳолат бўлди, деб айтинглар. Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир. Шу икки одам ўлими бизга синов бўлди. Энди ҳар бир вилоят ҳокими шахсан ўзи бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни зиммасига олади. Энди бундай ҳодиса қайтарилмаслиги лозим, олдинда қиш, эҳтиёткорлик зарур», деди президент.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳодиса газ туфайли келиб чиққанини айтди.

«Газчилар эътиборсизлик қилиб, паст босимли трубалар орқали ўрта босимни улаб юборишган. Газ сизиб чиқиб шундай ҳолат юзага келди. Ҳозир ҳодиса прокуратура томонидан жиддий ўрганиляпти», деди ҳоким.

Президент бунга йўл қўйган газ таъминоти ходимлари раҳбарлари билан бирга тергов ва суриштирувлар натижасига кўра жавобгарликка тортилишини таъкидлади ва бош вазирга бир ой муддатда газ қувурларини хатловдан ўтказиб, натижаси бўйича қарор қабул қилишга топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабрга ўтар кечаси Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида «Инденим» савдо марказида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида портлаш бўлган эди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 9 киши яраланган.

Мавзуга оид