Жаҳон | 16:30 / 01.11.2017
10443
8 дақиқада ўқилади

Теҳрондаги учрашув: Россия, Эрон ва Озарбойжон йўлбошчилари нима ҳақида гаплашишади?

Россия президенти Владимир Путин Эронга расмий ташрифни амалга оширмоқда. Теҳронда у ислом республикасининг олий раҳбарияти билан учрашади. Тахмин қилинишича, етакчилар Суриядаги вазият ва Эрон ядровий дастурига баҳо беришади ва иккитомонлама иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишади. Бундан ташқари, Россия, Озарбойжон ва Эрон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Бу давлатларнинг ҳамкорлиги минтақадаги вазиятга қай тариқа таъсир ўтказиши ҳақида RT маълумот тўплади.

Стратегик шериклик

Путиннинг бу галги ташрифи Эрон ва АҚШ муносабатларидаги таранглик янада кучайган вақтга тўғри келмоқда. АҚШ президенти маъмурияти Эронни Яқин Шарқдаги энг бош айбдорга айлантириш нияти борлигини аввал ҳам яширмаган. Шу йилнинг май ойида Саудия Арабистонига қилган ташрифи чоғида Дональд Трамп Теҳронни терроризмни дастаклашда айблаб чиқди. Айни пайтда икки давлат муносабатларидаги энг қизғин мавзу 2015 йилда тузилган Эрон ўз ядровий дастуридан воз кечса, унга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш имконини берувчи умумқамровли қўшма ҳаракатлар режаси (УҚҲР) эвазига юзага келган Эрон ядровий битими тақдирига боғлиқ.  

13 октябрь куни Трамп Вашингтон битимни такомиллаштириш ёки ундан чиқиш истагини билдирган (шартноманинг иштирокчилари шунингдек Россия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой ва Эрон ҳисобланади). Россия бир неча бор УҚҲРга амал қилишни таъкидлаган. Кремль матбуот хизматининг хабар қилишича, бу жиҳат ҳам Путиннинг музокараларида тилга олинади.

«Тахминимча, бу ташриф Москва томонидан Эрон раҳбариятининг қўллаб-қувватланишини яна бир бор намойиш этади», — деган Deutsche Welle’га берган интервьюсида Германия ташқий сиёсат жамияти (DGAP) нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё дастурлари раҳбари Штефан Майстер.

«Россия президентининг Эронга ташрифи бугунги кунда тарихий чўққисида турган Россия-Эрон муносабатларининг стратегик характерини таъкидлаши шубҳасиз», — деган RT билан суҳбатда «Стратегик коммуникациялар» бюроси бош директори Евсей Васильев.

Эксперт «Ҳозирги шароитларда — АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан давлатларимизнинг ташқи босим ва «халқаро изоляция»га дучор қилишга уриниш бўлаётган бир пайтда Москва ва Теҳроннинг ҳаракатлари муштарак бўлиши керак»лигини қайд этди.

Владимир Путин Эронда президент Ҳасан Руҳоний ва олий раҳбар Али Хоминаий билан учрашади.

Фото: Оятуллоҳ Али Хоминаий / Reuters

Васильевнинг фикрича, Владимир Путиннинг Теҳронга ташрифи Сурия бўйича Остона музокараларининг еттинчи раундига тўғри келмоқда.

Остонада ўтган тинч музокаралар мобайнида имзоланган келишувларга амал қилинишида Эрон муҳим роль ўйнайди, деди Васильев. «Эрон Ўрта Шарқда бизнинг асосий ҳамкоримиз, Сурия муаммосини ечишда бош шеригимиз ва узоқ вақт мобайнида ўзини ишончли иттифоқчи сифатида намоён қилган давлат», — деган RT’га «Халқ дипломатияси» фонди эксперти Владимир Киреев.

Истиқболли лойиҳалар

Россия-Эрон музокаралари чоғида истиқболли иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам эътибордан четда қолмайди.

«Россия ва Эрон ўртасидаги товар айланмаси ўтган йили 70 фоизга ошган», — деган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Экспертларнинг фикрича, иқтисодий муносабатларнинг ривожлантирилиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни «нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам манфаатли» қилади. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари — Эронга энергетика, транспорт, машинасозлик ва авиакосмик соҳалар учун юқори технологиялик асбоб-ускуналар етказиб бериш. Эрон эса ўзининг қишлоқ хўжалиги ва денгиз маҳсулотлари билан таъминлайди.

«Яқин ўртада Россиянинг «Мир» ва Эроннинг «Shetab» тўлов тизимларини интеграция қилиш режалаштирилган», — дейди Васильев.

 

Евроосиёни бирлаштириб…

Транспорт-логистика масалалари Россия ва Эрон мулоқотига Озарбойжоннинг ҳам қўшилишини тақозо этади, чунки ҳудудий жиҳатдан Россия ва Эрон Озарбойжон орқали боғланган. Барча уч мамлакат Ҳиндистонни Эрон ва Озарбойжон орқали Россия ва Европа билан бирлаштирувчи 1700 километрлик «Шимол-Жануб йўлаги» инфраструктуравий лойиҳасида қатнашмоқда.

«Ҳозир Россия, Озарбойжон ва Эронни бирлаштирувчи темирйўл участкаси барпо этилмоқда, — дейди эксперт. — Параллель равишда Каспий орқали денгиз йўли ҳам фаолият кўрсатади».

Ҳар уч давлат иштирок этаётган яна бир муҳим лойиҳа — Хитой томонидан илгари сурилган Евроосиёни шарқдан ғарбга қадар боғловчи «Бир макон, бир йўл» инфраструктуравий лойиҳасидир.

Россия, Эрон ва Озарбойжонни яна бир омил боғлаб туради. Етакчилари Теҳронда учрашадиган ҳар уч мамлакат нефть ва газ бозорида муҳим ўйинчилардир ва углеводородларга бой Каспий денгизи тубини бўлишиб туришибди. Демак, кун тартибида Каспий денгизидаги нефть конларидан фойдаланиш масаласи ҳам бўлади.

«Эрон гази билан Озарбойжон магистраллари ҳам тўла бошлайди, — дейди эксперт. — Россия учун бу Эрон ҳам рақобатчи, ҳам шерик бўла олишини кўрсатади. Россия ўзи Озарбойжон тармоқлари орқали, биринчи навбатда Боку — Жайхон газ қувури воситасида ўз газини етказиб бериши мумкин, маълум бир шароитларда Озарбойжон ва Эрон ўз газини Европа бозорларига етказиб, у ерда нархларни тушириб юбориши ҳам мумкин. Шу сабабли Москва бу соҳада ҳам Боку ва Теҳрон билан келишиб, ҳамкорлик қилиши керак бўлади».

 

Хавфсизлик экспорти

Ҳар уч давлат раҳбарларининг учрашуви доимий тус олмоқда. 2016 йил августида улар Бокуда учрашишган, ўшанда етакчиларнинг диққат-эътибори «Шимол-Жануб» лойиҳаси, минатқавий муаммолар, жумладан, Афғонистон ва Суриядаги вазият, терроризм ва наркотрафикка қаратилган эди.

Энди бу муаммоларнинг муҳокамаси давом этади. Терроризмнинг ўсиши ҳар уч давлатга таҳдид солади. Экстремистлар ўз нуқтаи назарларига кўра бидъатчи ҳисобловчи Эроннинг шиа режимини ҳам, Россия ва Озарбойжоннинг дунёвий режимини ҳғам душман билишади.

Фото: Илҳом Алиев / РИА Новости

Озарбойжон ўзининг асосан шиа мазҳабидаги аҳолиси ва дунёвий сиёсий режими билан бу масалаларда минтақавий мулоқотнинг боғловчи бўғини бўлиши мумкин.

Владимир Путиннинг Илҳом Алиев билан икки томонлама учрашуви ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда. Икки етакчининг анъанавий суҳбат мавзуси икки томонлама иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик, шунингдек Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият бўлиб келган. Россия Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва бир вақтнинг ўзида КХШТ бўйича иттифоқчиси Ереван билан ҳам фаол ҳамкорлик қилади. Экспертларнинг қайд этишича, Москва минтақада тинчлик ҳукмрон бўлишидан манфаатдор.

«Россиянинг минтақадаги барча давлатлар билан ҳамкорлик қилиши ўйинчиларнинг стратегик жиҳатдан пайпаслаб кўриб, хавфсизлик соябони бўлишга хизмат қилади», — дейди эксперт.

Экспертнинг фикрича, Боку ва Теҳроннинг Шангҳай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш борасидаги қизиқиши (Эрон — номзод статусига эга, Озарбойжон эса мулоқот бўйича шерик) Россия ва Хитойнинг «минтақада хавфсизлик экспортчилари» сифатида кўрилаётганидан далолат беради.

«Озарбойжон ва Эрон ўртасида кескин нуқталар ҳам бор: Бу Жанубий Эрон Озарбойжони ва Эронда озарбойжон айирмачилиги истиқболлари, ҳамда Озарбойжон Республикасининг Исроил билан дўстона муносабатларидир», — дейди эксперт.

Мавзуга оид