11:00 / 02.06.2020
20667

«Здесь будет парк» иши: Тошкент марказидаги қурилиш суд ажримига зид равишда давом этмоқда

Тошкент марказидаги, 2016 йилда истироҳат боғи учун ажратиб берилган ерда ҳозир кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Аҳоли норозилиги ва суд ажримига қарамай, қурилиш компанияси қурилиш ишларини давом эттирмоқда.

Kun.uz март ойида Тошкент марказидаги бўш ерда кўп қаватли уйлар қурилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида жойлашган 1,8 гектар майдонда кўп қаватли уйлар қурилиши бошлангани, аммо аҳоли вакиллари бу ерда истироҳат боғи бўлишини хоҳлаётгани ёритилганди.

«SRG Investments» МЧЖга берилган ерда буюртма асосида «Murad Buildings» ва «BI Group» ҳамкорлигида ташкил этилган «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасини қурмоқда.

Март ойида Миробод тумани Салар маҳалласи фуқаролари ва «NRG» компанияси ўртасида Тошкент шаҳар ҳокимлигида учрашув бўлиб ўтган эди. Йиғилишда «NRG» компаниясининг ҳамкори «Murad Buildings» раҳбари Мурод Назаров аҳолининг мурожаати ва талабини кўриб чиқишни ва ижобий ҳал этишни айтиб ўтган эди.

Суд қурилишни тўхтатиб туриш бўйича ажрим чиқарган. Лекин…

1 июнь куни Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида яшаётган фуқаролар таҳририятимизга яна мурожаат қилиб, «NRG» компанияси қурилишни тўхтатиб туриш бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий судининг 2020 йил 29 майдаги ажримини бажармаётганини, қаршиликларга қарамай қурилиш давом этаётганини маълум қилишди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Миробод туманидаги объектга бордик.

Aлишер Ниязов

Мурожатчилардан бири Aлишер Ниязовнинг айтишича, шу ерда яшаётган кўп қаватли уйлар аҳли Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йилдаги 1556-сонли қарори асосида «SRG Investments» МЧЖ олиб бораётган қурилиш ишларини тўхтатишни, ҳоким қарорини эса ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Чилонзор туман маъмурий судига мурожаат қилишган.

29 май куни cуд ишни кўриб чиққунга қадар ҳудудда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиш бўйича ажрим чиқарган.

Шунга қарамай, «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасининг қурилиш ишларини давом эттиряпти.

«NRG» изоҳи

Ойбек Нурмуҳаммедов

Ҳолат юзасидан «NRG» компанияси раҳбари Ойбек Нурмуҳаммедовдан изоҳ сўрадик. Унинг айтишича, қурилиш ишлари 1 июнда тўхтатилади.

«Биринчидан, бунинг қўшма лойиҳа эканини унутмаслигимиз керак.

Иккинчидан, бу – қурилиш. Унда шундай жараёнлар борки, бирдан тўхтатиб бўлмайди. Бизга ҳақиқатан ҳам шанба куни (29 май – таҳр.) келишди. Суд ажримини кўрсатиб, қурилишни тўхтатиш кераклигини айтишди.

Aвваламбор, суд ажримида компаниямизнинг номи нотўғри ёзилган экан. Суд ажримида «Silk road group investments» деб ёзилган. Бизнинг компаниямиз номи – «SRG Investments».

Қурилишни бирданига тўхтатиб бўлмайди. МИБ ходимига ҳам тушунтирдик, 72 соат муҳлат беришни сўрадик, чунки қурилишни тўхтатишнинг ўз тартиби бор. МИБ ходимлари ҳам ўрнатилган тартибда ариза ёзишимиз кераклигини тушунтиришди. Суд шанба ва якшанба куни ишламагани сабабли бугун, яъни душанба (1 май – таҳр.) куни олиб бориб бердик. Бугунга бетон ишларини буюртма қилиб қўйганмиз.

Ҳозир бирдан тўхтатиб қўйсак, биз билмаймиз қанча вақтга тўхтатишини. Шунинг учун ҳеч бўлмаса пойдевор қисмини қуйиб қўйсак, кўнглимиз хотиржам бўлади ва ишни тўхтатиб турсак бўлади.

Биз ҳам ваколатли органларга ўзимизнинг важларимизни, ишни бирдан тўхтатиб тура олмаслигимизни ёзиб, топширдик. Ҳозир МИБ ходимлари суд ажримини бажармаганимиз учун баённомани расмийлаштиришмоқда. Биз бунга қарши эмасмиз. Қонунда нима ёзилган бўлса, биз тайёрмиз», – дейди биз билан суҳбатда «NRG» компанияси раҳбари.

«SRG investments» компанияси директорига маъмурий баённома расмийлаштирилди

Ҳолат юзасидан МИБнинг Миробод туман бўлими томонидан суд ажримини бажармагани учун «SRG investments» компанияси директори М.A.га МЖтКнинг 198-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун баённома расмийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, қурилиш олиб борилаётган ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги 322-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йилдаги қарори билан парк қуриш учун Маданият ва спорт ишлари бошқармасига берилган.

Лекин кўп ўтмай шаҳар ҳокимининг бу қарори бекор қилинган, ўтган йиллар давомида шаҳар ҳокимининг мазкур ер майдонига оид бир нечта қарорлари чиқарилган.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top