Жаҳон | 08:59 / 06.12.2017
18915
6 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари етакчилари Трампнинг қарорига қандай муносабатда?

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп чоршанба куни АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш ҳақида маълум қилади. Бу янги элчихонанинг қурилиши ва миссиянинг кўчирилишига йиллар талаб этилса-да, юз беради, деб маълум қилди Оқ уйнинг юқори мансабли вакили журналистларга.

"Президент Давлат департаментига элчихонани Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш бўйича тегишли ишларни бошлаш ҳақида топшириқ берди", - дея хабар қилган маъмурият вакили махсус брифингда.

Кутилишича, Трамп тегишли баёнотни чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 23.00да беради.

Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, президент Давлат департаментидан элчихонани кўчириш бўйича режалар “америкалик солиқ тўловчиларга жуда кам миқдорда зиён келтириши” билан кечиши лозимлигини талаб қилган. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ўз фуқаролари хавфсизлигига катта эътибор қаратмоқда ва уни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни кўради.

Амалдорнинг сўзларига кўра, бу жараён "маълум бир вақтни талаб этади, сабаби жой топиш керак, хавфсизликни таъминлаш, дизайн, молиялаштириш ва қурилиш каби масалаларни ҳал қилиш лозим". Оқ уйдан маълум қилишларича, на элчихонани кўчириш жадвали, на унинг жойлашадиган жойи йўқ, шунингдек бунга "йиллар кетиши" мумкинлиги ҳам истисно қилинмади.

"Президент бу тўғри қарор бўлгани ҳамда тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнига туртки бериши ҳақидаги хулосага келди", - дея айтиб ўтди маъмурият вакили.

Трамп миссияни ал-Қудсга кўчириш қарорини бажаришни ортга сурувчи ҳужжатни имзолайди, бу тўхтовсиз молиялаштиришни таъминлашга керак. 

"Бу қарордаги ҳеч нарса мақом, чегаралар ва суверенитет ҳақидаги масалани якуний ҳал этишдан дарак бермайди... У ал-Қудснинг муқаддас жойлари бўйича ҳозирги вазиятни ўзгартирмайди... Биз фаластинликларнинг ҳаракати ва тинч жараён учун жой қолдирмоқдамиз", - дея қўшимча қилиб ўтди амалдор.

Фото: Набил Абу Рудейна

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосни Исроилдаги Қўшма Штатлар элчихонасини ал-Қудсга кўчириш ниятида экани ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда Фаластин етакчиси матбуот котиби Набил Абу Рудейна хабар берган.

"Президент Аббос бундай қарорнинг тинч жараён, минтақа ва дунёдаги хавфсизлик ҳамда барқарорлик учун жуда жиддий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди", - дея Рудейнанинг сўзларини келтиради ВАФА расмий агентлиги.

Аббос, унинг матбуот котиби сўзларига кўра, Шарқий ал-Қудс Фаластин давлатининг пойтахти бўлиши кераклиги ҳақидаги анъанавий позицияни тасдиқлаган. Оқ уй вакилининг душанба куни маълум қилишича, АҚШ яқин кунлар ичида ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олмоқчи. Трамп, унинг маъмуриятидан хабар беришларича, сешанба куни ал-Қудс масаласи бўйича эҳтимолий қадамларни Фаластин, Исроил, Миср ва Саудия Арабистони етакчиси билан муҳокама қилган.

New York Times газетаси маълумотларига кўра, Америка етакчиси араб давлатлари раҳбарларига ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олмоқчи эканини маълум қилган. Нашрнинг ёзишича, бу ҳақда расман чоршанба куни эълон қилинади. Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерснинг маълум қилишича, қарор АҚШ манфаатларига мувофиқ тарзда қабул қилинган.

Фото: Исроил транспорт ва разведка вазири Исраэль Кац

Исроил транспорт ва разведка вазири Исраэль Кац АҚШнинг ал-Қудс бўйича эълон қилинадиган қарорини адолатли ва тарихий тўғри қадам, деб атади. Шу билан бирга, Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Федерика Могерини шаҳар мақомининг ўзгариши Яқин Шарқ муаммосига ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатларга зиён етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий Трамп билан телефон мулоқотида ал-Қудснинг амалдаги мақоми сақлаб қолиниши кераклигини айтган. Ўз навбатида, Иордания қироли Абдуллоҳ II АҚШ президентини Фаластин-Исроил можаросига ечим топиш бўйича умумий режадан ташқари қадамлар қўймасликка чақирди.

Фото: Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд Трамп билан суҳбатда АҚШнинг ал-Қудс мақомига доир исталган қарори, Фаластиндаги можарога ечим топилмагунга қадар тинч жараёнларга зарар етказишини таъкидлаб ўтди. Саудия подшоҳи “бу хавфли қадам бутун дунё бўйлаб мусулмонларнинг ғазабига учраши мумкинлигидан огоҳлантирди, улар учун ал-Қудс ва у ердаги Ал-Ақсо масжиди жуда катта аҳамиятга эга”.

АҚШ Конгресси эса узоқ 1995 йилда Исроилдаги элчихонани Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Бироқ шаҳарнинг баҳсли мақоми ва бу ҳолатнинг араб-мусулмон дунёси билан муносабатлардаги ўта нозиклиги инобат олиниб барча америкалик президентлар, жумладан Трамп ҳам, ҳар ярим йилда бу қарорнинг бажарилишини ортга суриб келган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид