Жаҳон | 13:42
1172
3 дақиқада ўқилади

Эронга АҚШ махсус кучлари юборилиши ҳақидаги хабарлар инкор этилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронда бойитилган уранни ҳимоя қилиш учун махсус кучлар киритилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Шу билан бирга, у Эрондаги уруш давомидаги биринчи матбуот анжумани ўтказилишини ҳам эълон қилди.

Фото: AP

АҚШнинг қуруқлик қўшинларини Эронга киритиш ҳақида қарор қабул қилинишига ҳали жуда эрта. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.

“Биз бу масала бўйича ҳали қарор қабул қилганимиз йўқ. Биз бундан ҳали жуда узоқдамиз”, — деди Трамп 9 март, душанба куни New York Post газетасига берган интервюсида.

Шу тариқа у Исроил ва АҚШ Эронда юқори даражада бойитилган уран хавфсизлигини таъминлаш учун махсус кучларни жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Бир кун олдин Axios нашри тўрт манбага таяниб, АҚШ ва Исроил расмийлари “урушнинг кейинги босқичида” Эронга АҚШ махсус кучларини юбориш имкониятини муҳокама қилганини хабар қилган эди. Нашрга кўра, бу кучлар “Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларини” ва бошқа ядровий ёнилғини “эгаллаб олиш” учун юборилиши мумкин бўлган. Мақолада шундай дейилган эди: “Бу, эҳтимол, фақат икки мамлакат ҳам Эрон ҳарбийлари энди операцияда иштирок этаётган кучлар учун жиддий таҳдид сола олмаслигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина содир бўлади”.

Шунингдек, Доналд Трамп Эронга қарши уруш бошланганидан бери биринчи матбуот анжуманини эълон қилди. Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social платформасида маълум қилишича, у 9 март куни кечқурун (маҳаллий вақт бўйича) Майами яқинидаги Трамп голф-клубида ўтказилиши керак эди.

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар бера бошлади. Ислом Республикаси бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқда Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган мамлакатларга дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Теҳроннинг таъкидлашича, Эрон зарбаларининг нишонлари айнан ушбу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базалари ҳисобланади. Эрондаги уруш бошланганидан бери саккиз нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий амалиёти натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда Ислом Республикасининг яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ўлдирилган. Хоманаийнинг вориси этиб унинг ўғли Мужтабо Хоминаий тайинланган.

Март ойи бошида Исроил Ливан ҳудудидаги нишонларга ҳам зарбалар берди. У ерда Эрон ҳокимияти қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” террористик гуруҳи фаолият юритади. У минтақада Теҳроннинг асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади ва Исроил чегаралари яқинида ракета арсеналига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид