Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд боғчаларига музлатилган ва ҳидланган гўшт етказилгани айтилмоқда: мудиралар болалар соғлигидан хавотирда
Шаҳардаги боғчаларга музлатилган ва сифати бузилган гўшт маҳсулотлари тарқатилгани маълум қилинмоқда. Боғча мудиралари болаларга музлатилган гўшт бериш мумкин эмаслигини айтган. Таъминотчи корхона (аутсорсинг) вакили мудирага босим қилиб, “керак бўлса бошқа нарса ҳам берасиз”, деган.
Жорий йилнинг 9 сентябридан Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари янги аутсорсинг компанияси билан ишлай бошлади. Аммо дастлабки кунданоқ ижтимоий тармоқларда норозиликлар пайдо бўлди.

Самарқанд шаҳридаги кўплаб боғчаларга етказиб берилган маҳсулотлар, айниқса гўшт сифати ҳақида шикоятлар кўпайди. Хабарларга кўра, боғчаларга музлатилган ва ҳатто ҳидланган гўшт тарқатилган.
Kun.uz ушбу ҳолат бўйича журналистик суриштирув олиб борди.
Самарқанд шаҳридаги 38-мактабгача таълим ташкилоти масъуллари 10 сентябр куни келтирилган гўшт маҳсулотларини қайтариб юборганини билдирди. Шу куни улар кўчадан бошқа гўшт харид қилиб, болалар таомига солишган. Шунингдек, сут керагидан анча кам олиб келинган.



36-мактабгача таълим ташкилотида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Боғча ҳамшираси Нилуфар Ўлмасова музлатилган гўштнинг сифат сертификати тақдим этилмагани учун маҳсулотдан фойдаланмаган. Таъминотчидан ҳужжат талаб қилинганда, улар сертификат тақдим қила олмаган.
Бошқа боғчада эса маҳсулотни қайтариш жараёнида таъминотчи вакили боғча мудирасини раҳбари билан боғлаб берган. Мудира: “Болаларга музлатилган гўшт бермаймиз”, деган пайтда унга: “Ундан ҳам баттарини бериб юборасиз”, деган таҳдидли жавоб қайтарилган.

Шаҳардаги яна бир боғчага 45 литр ўрнига атиги 13 литр сут етказилгани аниқланди.
Умуман, Самарқанд шаҳридаги кўплаб мактабгача таълим ташкилотларида шунга ўхшаш муаммолар кузатилгани ҳақида маълумотлар бор. Аксарият боғчаларга сут умуман етказилмаган ёки керагидан кам миқдорда олиб келинган.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба раҳбари Салоҳиддин Номировнинг айтишича, “LAZZATLI HALOL OSHXONA” компанияси Самарқанд шаҳридан ташқари Тойлоқ, Ургут ва Пайариқ туманлари учун ўтказилган тендерда ғолиб бўлган.

Бироқ биринчи кунданоқ кўплаб эътирозларга сабаб бўлган компания ҳақида бошқарманинг ўзида ҳам тўлиқ маълумот йўқ. Номировнинг сўзларига кўра, корхона ҳали фаолиятни энди бошлаган ва “камчиликларни аста-секин бартараф қилиши мумкин”. Шу билан бирга, бошқарма ҳозирча компаниядан расмий изоҳ ёки ҳисобот талаб қилмаган.
Тендер шартларида сифат назорати қандай белгиланган? Нега масъуллар биринчи кунданоқ назорат ўрнатмади? Компания маҳсулотларни қаердан оляпти ва нима учун сертификат тақдим қила олмади? Бу каби маҳсулотлар етказиб берилиши ортида манфаатлар тўқнашуви ёки коррупция йўқми? Саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.
Дарвоқе, Самарқанд вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъул ходими Ирода Арипова билан ҳам боғландик. Мутахассис таъкидлашича, боғчаларга музлатилган гўшт етказиб берилиши амалдаги санитария меъёрларига зид.
Болалар овқати масаласида хатога йўл қўйиш мутлақо мумкин эмас. Ҳар бир сифатсиз маҳсулот, аввало, соғлиқ учун хавф ҳисобланади. Шу боис масъул идоралар бу ҳолатни юзаки эмас, чуқур ўрганиб, очиқ қолган саволларга жавоб бериши лозим.
Маълумот учун, ҳукуматнинг шу йил январдаги 1-сон қарори асосида давлат боғчалари аутсорсинг асосида овқатлантирилиши тартиби белгиланди.
Etender.uzex.uz'даги маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти боғчаларини олган аутсорсер компаниялар ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
1. Самарқанд шаҳар: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
2. Пайариқ тумани: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
3. Самарқанд тумани: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
4. Тойлоқ тумани: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
5. Ургут тумани: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
6. Булунғур тумани: “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ;
7. Иштихон тумани: “Proof-Food” МЧЖ;
8. Нуробод тумани: ПРООФ-ФООД МЧЖ;
9. Жомбой тумани: Jasur Fermer Xo’jaligi;
10. Каттақўрғон тумани: “Lazzat Luks” МЧЖ;
12. Қўшработ тумани: “Lazzat Luks” МЧЖ;
12. Нарпай тумани: “Lazzat Luks” МЧЖ;
13. Оқдарё тумани: “Lazzat Luks” МЧЖ;
14. Пахтачи тумани: “Lazzat Luks” МЧЖ;
15. Паст Дарғом тумани: “Ekspres Kelajagi Fayzli Tong” МЧЖ.
Маълумот учун, aутсорсинг (инглизча: autsourcing) — бу бир компаниянинг ўз фаолиятидаги айрим иш, хизмат ёки жараёнларни ташқи ташкилотга (ёки шахсга) топшириши, яъни уларни “ташқаридан” бажаришга буюртма беришидир. Оддий қилиб айтганда, бунда маълум хизмат пул эвазига ташқи компания томонидан амалга оширилади.
Исомиддин Пўлатов
Фахриддин Хотамов
Kun.uz
Мавзуга оид
16:50 / 04.12.2025
Dell асосчиси америкалик болаларга бошланғич инвестиция учун 6 млрд доллар пул тарқатади
12:00 / 04.12.2025
Самарқанддан Ургутга поезд ҳаракатланмоқда - бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
08:04 / 04.12.2025
АҚШ БМТнинг украиналик болаларни қайтариш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади
14:26 / 29.11.2025