Иқтисодиёт | 11:55 / 13.08.2021
72365
13 дақиқада ўқилади

Чорва учун имтиёзли кредит бериш оқибатлари: Бу ўзини қанчалик оқлади?

Бугун яна бир бор чорва моллари учун ажратилаётган имтиёзли кредит масалаларига тўхталишга қарор қилдик. Бўлаётган ишлар ичида кишини ўйлантирадиган саволлар шу қадар кўпки, уларни бирма-бир таҳлил қилишга тўғри келди.

Kun.uz сайтида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги «Янгиобод насл чорва моллари» ва «SAMARQAND MILK» МЧЖ «Халқ банки», «Агробанк» ва «Микрокредитбанк»нинг туманлардаги бўлимлари кафолат хатида кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб кетган бўлса-да, ҳамон пул маблағларининг маълум бир қисмини тўламасдан пайсалга солиб келишаётгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Умуман, бундай воқеалар ҳақида аввал Сурхондарёнинг Шўрчи ва Қашқадарёнинг Ғузор туманларида ҳам рўй бергани ҳақида хабарлар берилганди.

Қисқача айтганда, президентнинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги 2018 йил 7 июндаги 3777–сонли қарорини бажариш юзасидан банклар томонидан аҳолига чорва молларини 3 йил муддатга, қайта молиялаш ставкаси билан тенг фоизда, имтиёзли даври билан кредитга берилиши назарда тутилган.

Аввалига ҳар қандай майда ва йирик шохли моллар учун ҳам берилаверди, кейинчалик республика ичидаги моллар айланмасининг олдини олиш, туёқлар сонини кўпайтириш мақсадида фақат импорт қилинган зотдор қорамолларга кредит ажратиб келинмоқда.

Бундай кредит учун гаров таъминоти ва бошланғич тўлов йўқ. Фуқаро таъминотчи билан шартнома тузади, банкдан кафолат хати олиб бориб, чорвани олгач, фактурани банкка топширади. У фақат кредит суғуртасини тўлайди. 6 ой имтиёзли даврдан сўнг кредитни сўндира бошлайди.

Лекин кўряпмизки, бундай кредит ажратиш ва уни қайтариш масаласида бир қатор чалкашликлар бор. Бу ерда куйиб қолиши мумкин бўлган томон асосан таъминотчи. Улар чорва учун пулларни ўз вақтида ололмай ҳалак бўлишмоқда. Бундай воқеалар бугунги кунда ҳар бир вилоятда рўй бермоқда.

Муаммоларга нима сабаб бўлмоқда?

Энг аввало, кўп жойларда банклар, сектор раҳбарлари ва ҳокимликлардаги комиссия раислари кредит ажратиш масаласига панжа орасидан қарашмоқда. Кредитни уни қайтара олиш имкониятига эга бўлмаган инсонларга бериш муаммонинг бир томони бўлса, яна қорамоллар маблағни қайтармайдиган инсонларга атайлаб, қасддан ажратиб берилаётгани ҳам таассуфли (бу ерда турли коррупцион схемалар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди).

Чорва моллари учун кредит гаровсиз ва бошланғич тўловсиз берилаётганининг ўзи бошбошдоқлик учун катта йўл очган. Чунки бунга аралашаётган «учар»лар ҳеч нарса билан риск қилмайди.

Келинг, вазият қандайлигини бирма-бир таҳлил қилиб кўрамиз. Мен бу борада бир ҳафтача суриштирув олиб бориб, ҳамма томондан жуда кўп инсонлар билан гаплашдим.

Банкларнинг эътирози

Вазият шундайки, кредит олган фуқаролар унинг суғуртаси учун тўловни қилишмаяпти. Аксарияти, умуман, кредитни банкка қайтаришни ўйлашмайди ҳам. Пул ундириш учун борган банкирларга қарата: «Молни менга президент берган, қаерга борсанг бор», деб молни аллақачон бозорга чиқариб сотиб юбориб, пулини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юбормоқда.

Таъминотчидан қорамолни қабул қилиб олгач, фактураларни банкка тақдим этмайдиган фуқаролар бор. Айтайлик, кредит хотиннинг номига чиқса, эр таъминотчининг олдига бориб, чорвани қабул қилиб, йўл-йўлакай сотиб юбориб, хотини кейин «чорвани мен олганим ва кўрганим йўқ», деб турган ҳолатлар ҳам юз бермоқда. Ҳолбуки, рафиқаси ҳаммасидан хабардор.

Айрим ҳолатларда эса «учар»лар қишлоқлардаги кам таъминланган оилаларни алдаб, уларнинг номига кредит расмийлаштириб, қорамолларни бозорда пуллаб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган ва хорижга қочиб кетишган (шу каби ҳолатлар юз бергани ҳақида маълумотлар таҳририятда бор).

Бундай ҳолатлар ресурсларнинг банкка қайтишини камайтирмоқда, янги кредит ажратишга тўсқинлик қилмоқда, банкларга таъминотчиларга пул маблағларини ўтказиб беришда қийинчиликлар яратмоқда. Банкирлар кредитларни йиғиш учун қимматли вақт ва асабларини сарфлаб, уйма-уй дарвоза тақиллатиб юришга мажбур бўлишмоқда.

Аҳолининг банк ва таъминотчиларга эътирози

Аҳоли асосан таъминотчиларни молни тирик вазни билан сотаётгани ва бу ҳолатда жуда қиммат нарх белгилаётганликда айблашмоқда. Лўнда қилиб айтганда, таъминотчилар қорамолларнинг бозор нархига нисбатан қарийб икки баробаргача нарх белгилаб олишган. Бу эса кредитга мол олиб боқишни аниқ самарасиз машғулотга айлантиради.

Ўзингиз ўйланг, бозорда мол гўштининг нархи килоси 50-55 минг сўм атрофида бўлиб турганда таъминотчилар тирик вазнга 60-65 минг сўмдан нарх белгилаши, чиндан ҳам инсофсизликдир.

Айрим таъминотчилар чорвани бериб ҳам ўтирмасдан, дарҳол ажратиладиган кредитнинг 75-80 фоизи миқдорида нақд пул ҳам таклиф қилишаётган экан.

Банклар эса кредит сўраб мурожаат қилган фуқароларга «кафолат хати» бериш учун 200 АҚШ долларигача «ширинкома» ўрнатгани ҳам айтилмоқда.

Таъминотчиларнинг эътирози

Таъминотчилар ҳам бу каби вазиятлардан жуда яхши хабардор. Банкдан пулни ундириш осон бўлганида улар ҳам молларга реал нарх белгилаган бўлишарди.

Лекин уларнинг вазифаси фақат шартнома имзолаб, чорвани ҳисоб-фактура билан бериб юбориб, пулни қабул қилиш билан чекланган бир ҳолатда улар маблағни ўтказишни пайсалга солаётган банк ва чорва олган аҳоли ортидан ойлаб қувиб юришга мажбур бўлишмоқда. Айрим ҳолатларда иш судлашишгача бориб етмоқда.

Шу соҳада рўзғор тебратиб юрган таъминотчилардан бири билан суҳбатлашганимизда, у қорамолни тирик вазни учун 45 минг сўмдан нарх белгилагани, импорт қилишда унга моллар божхона ва ҚҚС тўловларидан сўнг килоси 35 минг сўмдан тушгани, устига 10 минг сўм фойда қўяётганини айтди.

Лекин, таъминотчилардан бири банк билан тил бириктирган, ҳаттоки ўша банкнинг ўзида ишловчиларга тегишли таъминотчи корхоналар ҳам борлиги, 2 баробар нархлар ўшандай таъминотчилар томонидан белгиланаётганига ҳам шаъма қилинди. Банклардан бирининг юристи ўзининг ҳам таъминот корхонаси борлигини тан олди.

Албатта, бу нақадар ноқонуний хатти-ҳаракат эканлигига тегишли органлар баҳо бера олади. Лекин бу хатти-ҳаракатлар кредит сиёсатига рахна солаётгани, таъминотчи корхоналар ўртасида нотенг рақобат шароити пайдо қилаётгани ҳақиқат. Чунки айрим банклар аҳоли вакилларига «фақат мана шу таъминотчидан чорва оласан», деган шартларни ҳам қўйишмоқда.

Бундан ташқари, банклар кредит папкаларини ўз вақтида тайёрламагани, зарур тўловлар ва ҳужжатларни тўплашда ишга панжа орасидан қараётгани, таъминотчиларга кредит суғуртасини тўлашга мажбурлаётгани ҳақидаги ҳолатларга ҳам дуч келдик.

Буларнинг бари бозордан ҳаққоний ўйинчиларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлади. Масалан, «Янгиобод наслли чорва» МЧЖ бундай кредитларга чорва ажратишни бас қилгани, банклардан кафолат хати келтирганларга рад жавоби бераётганини маълум қилди. Чунки, якунда тўловидан тушови қимматроққа тушмоқда.

Ишлардан кимдир ютяптими?

Четдан холис нигоҳ билан қараганда вазият имкон қадар бир-биридан кўпроқ юлиб қолишга ўхшамоқда. Ҳамма жабр кўрмоқда: аҳоли ҳам, банк ҳам, таъминотчи ҳам. Фақат илоннинг ёғини ялаган айрим учарлардан ташқари.

Ўзи кредит, кам таъминланган, тадбиркорлик билан шуғулланиши лозим бўлган оилаларга яшаш шароитларини яхшилаб олишлари учун берилиши керак.

Аммо, бир хомчўт қилайлик: 20 млн сўмга 2 та қорамол олинса, унинг ойлик кредит тўлови 1,5 млн сўм атрофида бўлади. 2 бош мол ойига камида 1,5 млн сўмлик ем-хашак, озуқа ейди. Ойига — энг камида 3 млн харажат. Фақат молнинг ўзига 3 млн харажат қила оладиган оила аввало кам таъминланган ҳисобланмайди.

Қишлоқ жойларда боқиш учун жой бор, ем-хашак текин-ку, дейилган тақдирда ҳам зотдор молларга кунига бунча ем-хашакни етказиб беришнинг ўзи муаммо. У ерларда аллақачон бир қарич ернинг ҳам ўз эгаси бор.

Табиийки, ойига бунча харажат қила олмайдиганлар молни боқолмасдан, сотиб юборяпти. Келинг, Kun.uz’га маълум бўлган бир мисолни келтирамиз.

7 нафар аъзодан иборат, (уларнинг икки нафари ногирон) бўлган камбағал оила 2020 йил октябрида «Халқ банки»нинг Келес филиалидан 30 млн сўм кредит эвазига банк кўрсатган таъминотчидан 3 бош қорамол олади. 2021 йилнинг май ойига қадар оила амал-тақал қилиб молларни боқади. Бунга қадар оила ем-хашакнинг ўзидан 7 млн сўм қарз бўлиб қолади. Шартномани бекор қилиш ва молларни қайтариб бериш таклиф қилинганда банкдагилар фуқарога «чучварани хом санагани»ни айтишади. Сўнгги чора — молларни сотиб, ҳар куни эшикни тақиллатиб келувчи банкирлардан қутулиш... Аммо, буни қарангки моллар бозорга солинганда 15 млн сўмга баҳоланади! «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади», деб бежиз айтишмаган экан.

Табиий савол туғилади.

Имтиёзли кредитлар ўзини оқлаяптими?

Бутун ривожланган дунёда кредитни қайтариш қобилиятига эга бўлмаган кам таъминланган аҳоли вакилларига эҳтиёткорроқ бўлиб, етти ўлчаб бир кесиб кредит берилади, тўғрироғи, аксарият ҳолларда рад этилади.

Тўғри, бизда энг ойдин ниятларда «кам таъминланган аҳоли бойисин, тадбиркор бўлсин», деган мақсадларни кўзлаб бу ишларга қўл урилгани аниқ. Лекин давлат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағларидан умуман бошқа инсонлар фойда қилиб турганда қилинаётган ишларни мақсадга мувофиқ деб атаса бўлармикан?

Ўзи камбағал ва кам таъминланган қатламни (арзон ва имтиёзли) кредит ажратиб, ўртаҳолга айлантириш тажрибаси дунёда мавжуд эмас.

Асосан қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган камбағал қатлам одатда уларнинг сув, газ, электр таъминоти, автойўллардан фойдаланиш имконияти яхшиланиб, сифатли мактаб таълими, малакали тиббиётдан фойдаланиш имконияти оширилиб, ижтимоий пулли ёрдам кўрсатиш билан ўртаҳолга айлантирилади.

Ҳар йили мана шундай самарасиз оилавий тадбиркорликка сарфланаётган 8–9 трлн сўм маблағ, масалан, ишсиз аёлларга нафақа бериш, болалар пулини кўпайтириш каби ижтимоий кўмакларга сарфланса, кўпроқ самара беради.

Имтиёзли кредитлаш — у қандай мақсадлардан эълон қилингани ва сиёсий самимият мавжудлигидан қатъи назар, фақат ўртакаш даллоллар ҳамда чайқовчилар манфаатларига хизмат қилади. Ҳозирги оилавий тадбиркорликни кредитлаш тизимидан ҳамма дод деяпти: банклар ҳам, кам таъминланганлар ҳам, таъминотчи корхоналар ҳам.

Кам таъминланганларга имтиёзли кредит ажратишнинг 4 йиллик тажрибаси кутилган натижани бердими? Ўтган даврда 300 мингдан ортиқ кам таъминланган дейилган фуқароларга мана шундай кредитлар ажратилди. Шулардан қанчаси ўртаҳолга айланди, кимдир буни ҳисоблаяптими?

Чорвачиликни ривожлантириш масаласи

Қолаверса, сўнгги 2 йилда асосан четдан зотдор сигирлар ва буқалар келтириб бериляпти. Сигирлар кунига 20–25 литр сут беради. Бу молларга кунлик сарф икки одамни боқишга кетадиганидан кўпроқ харажат талаб қилади.

Биринчи муаммо: таъминотчилар ўша зотдор сигирларни ўта юқори нархда келтиришяпти. Ёки ўзи зотдор бўлмаган, хашаки молларни зотдор моллар нархида олиб келишмоқда.

Иккинчи муаммо: Камбағал одамнинг қўлига тушган зотдор мол 1 йил ўтмасдан, етарли озуқа ва парвариш кўрмасдан ўзимизнинг хашаки сигирлардан фарқсиз бўлиб қоляпти. Зотдор молларни на уларни боқишга иқтисодий имконияти, на тажрибаси бўлган қашшоқ одамлар қўлига топширишнинг ўзи жиноят.

Ўзбекистонда мавжуд чекланган ер, чекланган озуқа шароитида гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти кўпайиб боришини табиий қабул қилиш вақти келди. 340 минг гектарлик майдонда бундан ортиқ мол боқиб ва гўшт ишлаб чиқариб бўлмаслигини тан олиш керак.

Қорамол туёғи сони ошиши ва аҳоли сони ўсишига эътибор беринг. Қорамол сони шунча шиширилишига қарамай, барибир улар ортда қоляпти. Бу йўл билан нисбий афзалликни ошириб бўлмайди. Одамларни мол боқишга эмас, юқори рента яратадиган ишларга йўналтириш керак.

Гўшт ва қорамол бўйича очиқ бозор сиёсатига ўтиш керак. Токи четдан электр ва газ импорт қилиб, буни тан олмагунимизча вазиятни мувозанатлаштириб бўлмади-ку? Бу соҳада ҳам вазият худди шундай.

Энди бозорни арзон кредит-у қорамол боқишга йўналтириш билан алдаб бўлмайди.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид